Спорт | 14:09 / 17.03.2020
13488
7 дақиқада ўқилади

Коронавируснинг Суперлигага таъсири, мавсумдаги илк истеъфо ва Андижондаги аншлаг. Тур воқеалари сарҳисоби

Якунланган ҳафтанинг сўнгги уч куни давомида Суперлига 3-тур баҳслари ўтказилди. Мамлакатимизнинг еттита стадионида кечган учрашувлар якунида Tribuna.uz сайти тур сарҳисобини тақдим этади.

 Тур ўйини: Қосимов Абрамовни мағлуб этди

Турнинг марказий ўйини Олмалиқда кечди. Миржалол Қосимов қўл остидаги ОКМК жамоаси Вадим Абрамов бошчилигидаги «Бунёдкор» клубини қабул қилди. Қизиқарли кечган учрашувда Мурод Тошматов ва захирадан майдонга туширилган Ҳожимат Эркинов томонидан киритилган голлар мезбонларга мавсумдаги илк ғалабани тақдим этган бўлса, «Бунёдкор» дастлабки мағлубиятни тан олди.

 Тур қаҳрамони: Райевацдан ажойиб дебют

Сербиялик ҳужумчининг Қўқонга қайтиши омадли чиқди. «Қўқон-1912» - «Сўғдиёна» (2:1) учрашувида Райевац дастлабки голнинг вужудга келишида катта ҳисса қўшган бўлса, кўп ўтмай Мурод Холмуҳаммедовнинг ён чизиқдан узатган тўпини қийин вазиятда ажойиб зарба билан дарвозага киритди. Дебют ўйинидаёқ иккита самарали ҳаракати билан қўқонликларга муҳим ғалабани тортиқ этган Райевац – тур қаҳрамонига айланди.

 Тур мухлислари: «Водий дербиси»даги аншлаг

Суперлига-2020да мухлислар ташрифи борасида рекорд (25 328 томошабин) Наманганда қайд этилган бўлса, иккинчи энг яхши кўрсаткич Андижонда кузатилди. «Андижон» ва «Навбаҳор» ўртасидаги «водий дербиси»да 15 152 томошабин ташриф буюрди. Эътиборлиси, шу куни Намангандан ҳам 5 минг нафарга яқин мухлислар келишган. Ўйин муросасиз кечган бўлса-да, томошабинлар голларга гувоҳ бўлишмади. Шунга қарамай, икки жамоанинг ашаддий мухлислари ўйинни “қизитиб” беришди. 

 Тур факти: «Бухоро»да – ҳаммаси ноль, фақат 0:3…

Суперлига 3-туридан кейин чемпионатдаги яққол аутсайдер жамоа – «Бухоро» клуби бўлиб қолди. Муҳсин Муҳаммадиев жамоаси Бухородаги майдон тайёр ҳолатда эмаслиги сабаб фақат сафарда тўп суришга мажбур бўлмоқда. Эътиборлиси, бухороликлар жамоаси ўтган уч ўйинда ҳам 0:3 ҳисобида мағлуб бўлишди ва сўнгги ўринга тушиб қолишди. Жамоа очко тугул, гол ҳам ура олаётгани йўқ...

 Тур эътирофи: «Навбаҳор» футболчилари автоҳалокатда вафот этган мухлисларни хотирлашди

Андижондаги ўйин воқеаларга бой бўлди. «Андижон» - «Навбаҳор» (0:0) учрашувидан сўнг меҳмон жамоа футболчилари 2019 йил 10 март куни Тошкентдан қайтишда автоҳалокатга учраб, вафот этган мухлисларни хотирлашди. Наманганлик футболчилар ўйин якунида ўз мухлислари қаршисида марҳумларнинг расми туширилган футболкаларни кўтаришди.

 Тур воқеаси: «Қизилқум» бош мураббийи кетма-кет иккинчи ўйинда кўриниш бермаяпти

Навоий клуби мавсумни «Насаф»га қарши уйида мағлубият билан бошлагач, жамоа бош мураббийи Ҳамид Актамов сўнгги икки ўйинни мураббийлар ўриндиғида эмас, томошабинлар қаторида кузатмоқда.

Қизиғи, Муборакдаги учрашувда ҳам Актамов учрашувни “вип-ложа”дан кузатди. Жамоани катта мураббий Акмал Холиқов майдонга бошлаб тушди ва клуб мавсумдаги илк очкосини қўлга киритди.

 Тур иқтибоси: «Бугуноқ ҳоким билан учрашиб жамоадан кетаман» - Александр Хомяков

«Вилоят ҳокими ва клуб президенти Шуҳрат Қўшоқбоевич натижа ҳамда ғалабаларни талаб қилишга ҳаққи бор. Бугуноқ раҳбар билан учрашиб жамоадан кетаман. Натижа йўқ экан балки янги мураббий футболчиларни руҳлантриб юборар. Ўз ишимдан қониқмадим. Ҳозир нима десам ҳам баҳона бўлиб қолади. Кетма-кет учта ўйин ғалабасиз бўлди. Бугун жуда ҳам ёмон ўйнадик. Яна қайтараман ариза ёзиб бош мураббий лавозимини тарк этишга тайёрман, барчаси раҳбариятга боғлиқ. 3та турда 1 очко бу кам» - дея фикр билдирди «Андижон» бош мураббийи Хомяков.

 Тур истеъфоси: Хомяков - Суперлигадаги илк истеъфо

Ушбу мавсумдаги илк истеъфо 3-турдан кейин кузатилди. «Андижон» - «Навбаҳор» (0:0) учрашувидан кейин мезбонлар бош мураббийи Александр Хомяков истеъфога чиқишини маълум қилди. Душанба куни эса ўз аризасига кўра, Андижонни тарк этган.

Қайд этиш жоиз, Хомяков ўтган мавсумнинг иккинчи қисмида водийда иш бошлаганди. Ҳозирда ушбу мураббийга «Машъал» ва «Қизилқум» клублари қизиқиш билдирмоқда.

 Турнинг энг чиройли голи: Мурод Тошматов

Турнинг энг чиройли голига учта даъвогар бор эди. Булар, Дердийўқнинг бош билан киритган голи, Шаймановнинг узоқдан йўллаган зарбаси ва Тошматовнинг кучли зарбаси. Муҳимлиги жиҳатдан Олмалиқдаги гол энг чиройли гол сифатида қайд этилишига муносиброқ эди. Шу боис, Мурод Тошматовнинг «Бунёдкор» дарвозасига жарима чизиғи ташқарисидан киритган голини “энг чиройли гол” деб топдик.

 Тур фотоси: стадиондаги «ниқоблар»

Ўзбекистонда илк коронавирус ҳолати аниқлангач, аксарият мухлислар эҳтиёт чораси сифатида Суперлига ўйинларига стадионга ҳимоя ниқоби билан келишди. Шу жумладан, Андижондаги «Соғлом авлод» стадионида шундай ҳолатни учратиш мумкин эди. Якшанба кунги учрашувлардан кейин бир қатор оммавий тадбирлар каби Суперлига ўйинлари ҳам номаълум муддатгача тўхтатилди.

 Тур рамзий жамоаси

Суперлига 3-тури якунларига кўра, қуйидаги футболчилар Tribuna.uz талқинига биноан тур рамзий жамоасидан ўрин олишди.

 Дарвозабон: Арслонбек Аҳроров («Андижон»)
 Ҳимоячилар: Мурод Холмуҳаммедов («Қўқон-1912»), Игорь Голбан («Навбаҳор»), Игорь Зонич (ОКМК), Фаррух Сайфиев («Пахтакор»)
 Яримҳимоячилар: Шаҳзод Шайманов («Локомотив»), Руслан Маргиев («Қизилқум»), Мурод Тошматов (ОКМК), Жалолиддин Машарипов («Пахтакор»), Ойбек Бозоров («Насаф»).
 Ҳужумчи: Филип Райевац («Қўқон-1912»)

 Суперлига 3-туридан кейинги турнир жадвали:

 Усмон Ибодов тайёрлади.

Мавзуга оид