Спорт | 21:45 / 17.03.2020
15563
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик 4 паралимпиячи 4 йилга мусобақалардан четлатилди

Ўзбекистонлик 4 паралимпиячи аксилдопинг қоидаларини бузганлик учун 4 йилга мусобақалардан четлатилди. Улар орасида 3 пауэрлифтер ва бир енгил атлетикачи бор.

Шаҳзода Мамадалиева / Фото: IPC

Бу ҳақда Халқаро паралимпия қўмитаси хабар қилди

Санкциялар пауэрлифтерлар - Исмира Исломова, Шаҳзода Мамадалиева ва Муслима Нуриддинова ҳамда енгил атлетикачи Камолахон Абдуллаевага нисбатан жорий қилинган.

“Спортчи атайлаб ёки ўзи билмаган ҳолда тақиқланган моддани қўллаганидан қатъий назар, унинг допинг намунасида тақиқланган модда аниқланганда аксилдопинг қоидабузарлиги юз беради”, дейилган хабарда.

Исмира Исломова ва Шаҳзода Мамадалиеванинг Франциядаги 2018 йилги жаҳон чемпионатида олинган допинг-намуналарида Бутунжаҳон аксилдопинг агентлиги (WADA) томонидан тақиқланган модда борлиги аниқланган. Спортчилар 2018 йил 31 августдан 2022 йил 30 августгача мусобақалардан четлатилиб, уларнинг 2018 йил май ойидан кейинги натижалари бекор қилинади.

Яна бир пауэрлифтер Муслима Нуриддинованинг Японияда ўтган Осиё ва Океания давлатлари ўртасидаги мусобақада олинган намунаси унда тақиқланган модда борлигини кўрсатган. Спортчи 2018 йил 30 ноябрдан 2022 йил 29 ноябргача дисквалификация қилинди. Бундан ташқари, унинг юқорида келтириб ўтилган чемпионатда қўлга киритган олтин медали ва ўрнатган Осиё рекорди бекор қилинди.

Параатлетикачи Камолахон Абдуллаева эса 2018 йилги Параосиё ўйинларида допинг қўллаганликда айбланган. Спортчи 2019 йил 11 февралдан 2023 йил 10 февралгача мусобақалардан четлатилиб, 2018 йил октябрь ойидан бошлаб барча медаллар, очколар, рекордлар ва совринлардан маҳрум қилинади.

Мавзуга оид