Жаҳон | 23:45 / 18.03.2020
5969
2 дақиқада ўқилади

Space X навбатдаги 60 та сунъий йўлдошини орбитага чиқарди 

АҚШниг Space X компанияси Starlink миссиясининг навбатдаги 60 та сунъий йўлдошини орбитага чиқарди.

Фото: Reuters

Бутун дунёни интернет билан таъминлашга қаратилган лойиҳа доирасидаги парвозни амалга ошириш учун бир ракета – Falcon 9’нинг ўзи 5-маротаба қўлланди. Аммо ракета қўниши муваффақиятсиз якунланган. Шу сабабли 6-парвоз учун бошқа ракета қўлланади. Компания раҳбари Илон Маскнинг таъкидлашича, ракетанинг двигателларидан бири парвознинг эрта босқичида ўчиб қолган. Компанияда бу ҳодиса тафтиш қилиниши айтилган.

Ракета Канаверал бурнидаги (Флорида штати) космодромдан учирилган. 

Ракета парвози аввалбоши 15 март куни бўлиб ўтиши керак бўлган, бироқ охирги лаҳзада қолдирилганди. Компанияда старт автоматик тизим томонидан тўхтатилгани ва бу ракетанинг двигателида муаммолар пайдо бўлгани билан боғлангани маълум қилинган. 

Бу лойиҳа доирасида 2019 йил майидан бери сунъий йўлдошлар гуруҳининг орбитага 6-марта чиқарилишидир. Орбитага олиб чиқилган охирги сунъий йўлдошлар ҳисобга олинса, SpaceX’нинг сунъий йўлдошлари гуруҳи умумий ҳисобда 360 та сунъий йўлдошга етди.

Янги сунъий йўлдошлар 212 кмдан 386 кмгача баландликдаги эллиптик орбитага чиқарилади. Сўнгра уларнинг созлиги текширилгач, улар ўз двигателлари ёрдамида 550 км баландликдаги ишчи орбитага чиқарилади.  

Компания яқин келажакда орбитада умумий ҳисобда 12 мингта сунъий йўлдош жойлаштирмоқчи. Бу дунёнинг исталган нуқтасидан кенг полосали интернетга киришни таъминлайди.

Лойиҳани амалга ошириш учун ажратиладиган инвестициялар умумий қиймати 10 млрд долларга баҳоланмоқда. Компанияда маълум қилинишича, сунъий йўлдошлар 2020 йилда бутун Шимолий Американи, 2021 йилда эса бутун сайёрани интернет билан қоплайди.

Мавзуга оид