Жамият | 15:30 / 21.03.2020
69991
7 дақиқада ўқилади

Экологлар қаёққа қараяпти? Олтинкўл туманидаги дарёда бир кун қизил, бир кун кўк сув оқмоқда

 Андижон вилояти Олтинкўл туманининг марказий ҳудудида “Асака ташламаси” сойи “Улуғнор” каналига қуйилиб, битта “Улуғнор” каналига айланади. Унинг бир ирмоғи эса Қорадарёга қўшилиб кетади. 

Айни пайтда секундига 30 кубометр сув оқимига эга мазкур канал “экологик ҳалокатли” ҳолатда. Сабаби, каналнинг суви бир кун қизил, бир кун кўк рангда бошқа пайтларда эса турли рангларга бўялиб оқмоқда.

Дарё сувининг ранги ҳудуддаги, “KONTEKS-TASHKENT” трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхонасининг бўёқ цехида матоларнинг қайси рангга бўялишига боғлиқ.

 “KONTEKS-TASHKENT” корхонаси ишлаб чиқариш жараёнида вужудга келадиган, катта эҳтимол билан экология учун зарарли бўлган чиқиндиларни фабрика ёнидан оқиб ўтувчи каналга оқизиб юборяпти. Оқибатда, дарёдаги балиқлар, бошқа сув жониворлари, сувда яшовчи бори тирик организмлар қирилиб кетмоқда. Бундан беш йил олдин ҳам бу дарёда балиқнинг 15га яқин тури, ондатра ва қисқичбақалар учрар эди. Ҳозирда эса улар деярли йўқ бўлиб кетган.

Биз дарё суви тўқ кўк рангда оқаётган пайтда канал ёқалаб бориб “KONTEKS” корхонаси канализация қувуридан қуюқ рангли суюқлик дарё сувига қўшилаётганига гувоҳ бўлдик. Корхонадан оқаётган чиқинди сув миқдорининг кўплигидан дарё суви ҳам қора рангга кирган эди.

Дарёнинг ҳолидан хабар оладиган ташкилот борми?

Оқин дарё ёқасида яшовчи аҳоли вакиллари билан суҳбатлашдик.

“Биз Офтобачек маҳалласи фуқаролари Асака ташламаси атрофида яшаймиз. Мана шу сойда ёшлигимиздан бери чўмилиб катта бўлдик. Чорва ҳайвонлари, томорқаларимизни шу сойдан суғориб келганмиз. Тоза ичимлик суви тўхтаб қолган пайтларда сой сувидан истеъмол қилар эдик.

 Фабрикада ишлаб чиқариш ишлари яна қайта йўлга қўйилгач, сойдаги сув ўзгариб қолди. Яъни, охирги 4-5 йил давомида фабрика қизил рангли “футболка” чиқарган куни сойда қизил рангли сув оқади, қора “футболка” чиқарган куни қора. Фабрикада ишловчи йигитларнинг айтишича, ишлаб чиқаришдан ҳосил бўлган ва бўёқ цехидаги заҳарли ҳар хил кислоталарнинг барчаси сойга оқизилади. Шу сой бошида корхонанинг канализация ташламаси бор. Ўша ердан ҳар хил қуюқ чиқинди сувлар оқади.

Илгари бу сойда балиқ жуда мўл, қармоқда тутиш жуда осон эди. Ҳозирги кунда эса ҳеч қандай балиқ яшамай қўйган. Уйдаги паррандаларимиз бу сувдан ичса, касал бўлиб қолмоқда. Бу сувдан истеъмол қилгани ҳам қўрқиб қолдик. Ёз кунлари баъзан ёш болалар шу ерда чўмилишяпти. Оқибатда болаларнинг баданларига ҳар хил тошмалар тошиб кетяпти. Бу муаммо бўйича фабрикага бир-икки маротаба мурожаат қилдик. Лекин ҳеч ким гапимизга қулоқ солмади. Ундан ташқари, маҳаллага Тошкентдан келган комиссияга ҳам шу масала бўйича мурожаат қилдик. Улар “Бу ерда ишловчи ишчилар сони кўп экан”, дейишди. Хуллас, натижа бўлмади.

Хўп, фабрикада ишчилар сони кўп бўлса, топаётган даромадидан тозаловчи ускуна сотиб олиши керак эмасми?! Ишлаб чиқариш бўлгани ва аҳоли иш билан таъминлангани яхши албатта. Лекин, минг нафар фуқарони иш билан таъминлайман деб, бу ёқда ўн минг нафар одамга зиён етмаслиги керак-да! Бошқа нарсаларга ҳам пул сарфлашяпти-ку. Ўша ерда тозаловчи ускуналар ўрнатилса, ҳеч кимда эътироз ҳам, шикоят ҳам бўлмайди.

Ҳали у ташкилотга, ҳали бу ташкилотга мурожаат қиляпмиз. Аслида мурожаат қилишимиз керакми? Авваллари экология ташкилоти текшириб турар эди. Яқин ўн йил ичида эса текширилганини ҳам билмаймиз.

Авваллари бу сойга чиқинди оқизиш кечқурунлари амалга оширилар эди. Ҳозирги кунга келиб, кундузи ҳам оқизяпти. Қўрқмай қолишди. Мана кўриб турганингиздек, сув кўм-кўк бўлиб оқяпти. Бугун фабрикада кўк рангли футболка чиқаришяпти шекилли”, - дейди Офтобачек маҳалла фуқароси Шерзодбек Сулаймонов.      

 “KONTEKS” корхонасида..

 Корхонага кириб, мутасаддилар билан учрашдик. “KONTEKS” менежери Жаҳонгир Сотволдиев масалани эшитгач, корхонада мавжуд чиқиндиларни фильтрлаб тозаловчи ускуналар дунёдаги энг сўнгги русумдагиси эканлигини айтди.

 “Корхонамиздан чиқаётган чиқинди сувлар атроф-муҳит ва дарё сувларига умуман зарар етказмайди. Энг замонавий ускуналар билан тозаласак ҳам, бўёқнинг рангини йўқота олмаяпмиз. Қолган саволларга алоҳида мутахассисимиз жавоб беради”, деди Жаҳонгир Сотволдиев.

 Ўзини Шерзодбек дея таништирган ва фамилиясини айтишни истамаган корхонанинг экспорт-импорт бўйича мутахассиси муаммоли ҳолат бўйича ўз изоҳини билдирди:

 “Таъсисчимиз тозалаш ускуналарини Туркиядан мутахассис олиб келиб ишга туширган. Чиқаётган чиқинди-оқавамиздаги рангни кўриб аҳоли ваҳима қиляпти. Аслида, корхонамиздан дарёга оқиб тушаётган чиқинди суюқликнинг умуман зарари йўқ. Бу ҳақда Андижон вилояти Экология атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси лабораториясининг таҳлил натижалари ҳам бор”, деди мутахассис ва қўлимизга ана шу хулосани тақдим этди.

Мутахассис чиқиндиларни қайта ишлаб тозаловчи иншоотнинг ишлаш жараёнини кузатиш учун жамиятнинг таъсисчи раҳбари рухсат бериши кераклигини айтди.

 Хулоса

 “KONTEKS” жамиятида фаолият юритаётган ишчилар сони бир ярим мингдан зиёд. У Олтинкўл туманидаги энг йирик саноат корхонаси. Мутасадди ташкилотлар айнан фабрикадаги ишчи ўринлари ва экспорт салоҳиятини ўйлаб, унинг атроф-муҳитга зиён етказаётганлигига кўз юмаётган бўлишса не ажаб.

Корхона бизга Андижон вилояти Экология атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси лабораториясининг таҳлил натижаларини ҳам тақдим қилди. Балки, таҳлил натижалари ёзилган қоғозда ҳаммаси меъёрдадир. Бироқ, ақлга эга ҳар бир инсон қип-қизил ёки қоп-қора кимёвий бўёққа бўялиб, бўтана ҳолда оқаётган сувни кўргач унинг заҳарли эканини лаборатория таҳлилисиз ҳам билади.

 Корхонадан дарёга оқаётган заҳарли кимёвий чиқинди туфайли дарёдаги тирик жонзотлар ва атрофдаги аҳоли зарар кўрмоқда. 

Ўйлаймизки, Андижон вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, маҳаллий ҳокимият вакиллари, Ўзбекистон экологик партияси “Асака ташламаси” ва “Улуғнор” каналларидаги ҳолатни назоратига олишлари зарур. 

Kun.uz мухбири Сарварбек Назаров
Тасвирчи - Аҳрорбек Ёқубжонов

Мавзуга оид