Ўзбекистон | 14:37 / 22.03.2020
38045
5 дақиқада ўқилади

Карантин қоидаларини бузган 3 кишига жиноий иш очилган, 4 киши маъмурий жавобгарликка тортилди – Пўлат Бобожонов

Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов карантин қоидаларга амал қилмаган 7 нафар фуқаро жавобгарликка тортилгани ҳақида маълумот берди. Россиядан қайтгач Самарқанд ва Қорақалпоғистондаги карантин ҳудудига жойлаштирилган, аммо у ердан қочиб кетган 3 нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

«Айрим фуқаролар бугунги вазиятда мавжуд қонун-қоидаларга риоя қилиш ва шу орқали санитария-эпидемиологик вазият барқарорлигига ҳисса қўшиш ўрнига ўзи ва бошқаларнинг ҳаётини хавф остида қолдириб, эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар содир этмоқда.

Жумладан, 2020 йилнинг 16 март куни Жанубий Корея республикасидан Москва шаҳрига ва у ердан поездда Самарқанд шаҳрига келган, 1989 йилда туғилган фуқаро А.Ашуров кузатувга олиниб, Самарқанд вилояти юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. Ушбу фуқаро 20 март кунидан 21 март кунига ўтар кечаси эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиб, ўзбошимчалик билан касалхонадан қочиб кетгани аниқланган. Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида у Сурхондарё вилояти, Денов туманида ушланиб, умумий карантинга жойлаштирилган. 

Жорий йилнинг 18 март куни Москва шаҳридан поездда Тошкент шаҳрига келган, 1954 йилда туғилган фуқаро Т.Эшов кузатувга олиниб, Самарқанд туманидаги «Дўстлик» оромгоҳига карантинга жойлаштирилган. Т.Эшов ҳам эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиб, ўзбошимчалик билан 20 март кунидан 21 март кунга ўтар кечаси карантин зонасидан қочиб кетган. Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасидан Т.Эшов Тошкент вилояти, Паркент тумани, Заркент маҳалласидаги яшаш хонадонида ушланган. 

Москва-Тошкент йўналишидаги поезд орқали 19 март куни Қорақалпоғистонга кириб келган, 1990 йилда туғилган фуқаро Ш.Равшанов кузатувга олиниб, Нукус шаҳридаги касалхонага карантинга жойлаштирилган. Бироқ, ушбу фуқаро ҳам эпидемияга қарши кураш қоидаларини қўпол равишда бузиб, 21 март куни касалхонадан қочиб кетган. Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари натижасида у Бухоро вилояти, Шофиркон тумани, Зарчабек маҳалласидаги яшаш уйида ушланиб, карантинга олинди. 

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан айбдорларга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 2571-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейди Ички ишлар вазири.

Пўлат Бобожоновнинг маълум қилишича, карантин билан боғлиқ мавжуд тартиблар ва санитария чекловларини бузганлиги учун ҳозирги вақтга қадар 4 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.

«Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида яшовчи, 1986 йилда туғилган фуқаро М.Тахиров маст ҳолда бўлган фуқаронинг ерда ётган ҳолатини уяли телефони орқали видеотасвирга тушириб, ушбу фуқарони коронавирус инфекциясига чалинган, деб аҳоли орасида ваҳимага сабаб бўлувчи маълумотларни интернет тармоғи орқали тарқатиб юборган. Мазкур ҳолат юзасидан ушбу фуқарога нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ҳужжатлар расмийлаштирилиб, 1 миллион 115 минг сўм миқдоридаги жарима жазоси белгиланди.

Шу билан бирга, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари томонидан мамлакатимиздаги ҳақиқий вазиятни сохталаштириб талқин қилаётган, аҳоли орасида ваҳима келтириб чиқаришга қаратилган уйдирмалар, шунингдек, асоссиз маълумотларни тарқатаётган аккаунтларни аниқлаш ва уларнинг эгаларига нисбатан қонунда белгиланган тартибда ҳуқуқий таъсир чораларини кўриш ишлари ҳам олиб борилаётганлигини яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман. 

Коронавирусга қарши биргаликда кураш олиб бориб, карантин қоидалари ва санитария чекловларига риоя қилиш ўзимиз ва оила аъзоларимиз ҳамда юртдошларимизнинг саломатлигини асраш борасидаги энг тўғри йўл эканлигини унутмайлик», дейди у.

Аввалроқ Ички ишлар вазири 15 мартидан 22 март кунига қадар коронавирус аниқланган 42 кишининг 16 нафари битта бемор билан алоқда бўлганини маълум қилган эди. 12731 нафари тиббий кузатувда қолмоқда. Айни пайтда тиббий кузатувдаги шахслардан 7416 нафари шифохоналарда, 5315 нафари «оилавий карантин»да сақланмоқда. Уй шароитида карантин ўтаётган фуқаролар, белгиланган қоидаларга риоя қилишлари, карантин тартибларини бузиб ташқарига чиқишларини олдини олиш ва аҳолининг хотиржамлигини таъминлаш мақсадида, жами 9564 нафар, яъни ҳар бир уйга бир нафардан профилактика инспектори, маҳалла раиси ва тиббиёт ходими бириктирилган.

  • Янги карантин чораларига кўра, Ўзбекистонда 23 мартдан жамоат жойларида шахсий ҳимоя воситалари (ниқоб)сиз бўлган шахсларга «огоҳлантириш» берилади. 
  • 25 март куни соат 6:00дан бошлаб ушбу ҳолат қайд этилса – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида (223 минг сўм), мазкур ҳолат яна қайтариладиган бўлса – базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробари (669 минг сўм) миқдорида жарима қўлланади.

Мавзуга оид