Ўзбекистон | 22:48 / 22.03.2020
118372
3 дақиқада ўқилади

Қатор вилоятларда ҳам жамоат транспорти ҳаракати тўхтатилмоқда

Коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида 22 мартдан Тошкентда жамоат транспортларига қўйилган вақтинчалик тақиқ 23 мартдан бошлаб қатор вилоятларда ҳам турли шаклларда амал қила бошлайди.

Душанбадан бошлаб янги чекловлар киритилиши ҳозирча Хоразм, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида расман эълон қилинди.

Шунингдек, 24 мартдан бошлаб, вилоятлардан Тошкент шаҳрига ва пойтахтдан вилоятларга жамоат транспорти қатновлари тўхтатилиши режалаштирилмоқда.

Хоразм вилояти

23 мартдан бошлаб Хоразм вилоятида туманлараро йўналишлардаги автобус ва йўналишли такси қатновлари ҳаракати тўхтатилади. Бу ҳақда Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

«Урганч ва Хива шаҳарларида автобус қатновлари 70 фоизга қисқартирилган ҳолда амалга оширилади. Бошқа барча туманлардаги автобус қатновлари тўхтатилади.

Жамоат транспорти ўрнига вақтинча вилоят Санитария эпидемиология осойишталик маркази (СЭОМ) томонидан махсус дезинфекция қилинган таксилар ҳаракатланади.

Ҳар бир йўналишсиз таксига СЭОМ томонидан дезинфекция қилингани хақида маълумотнома берилади.

Шунингдек, барча такси эгаларидан йўл ҳақини сунъий равишда ошириб юбормай, нархларни мўътадил сақлаш сўралади», – дейилади хабарда.

Қашқадарё вилояти

23 мартдан бошлаб Қашқадарё вилояти ҳудудида ҳам мулкчилик шаклидан қатъий назар барча ташувчилар томонидан йўналишли маршрутлар (автобуслар, микроавтобуслар, Damas)да қатновлар вақтинча тўхтатилади.

«Йўналишсиз такси ҳайдовчиларидан транспорт воситасини дезинфекция қилиб фаолиятга чиқишларини, йўл кира нархини асоссиз ошириб юбормаслик сўралади», – дейилади Қашқадарё вилояти Транспорт бошқармаси хабарида.

Наманган вилояти

Вилоят ҳокимининг фармойиши билан, 23 мартдан бошлаб, вилоят ҳудудида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи, мулкчилик шаклидан қатъий назар «Дамас» русумли автотранспорт воситаларининг Наманган шаҳри ҳудудида ҳаракатланиши вақтинчалик тўхтатилади.

Фармойишга асосан, шаҳар ҳудудида автобус, микроавтобус ва йўналишсиз такси транспорт воситаларини кунлик дезинфекция қилган ҳолда фаолиятга чиқишлари қатъий белгилаб қўйилади.

Вилоятнинг тегишли ташкилотларига жамоат транспорти (автобус, микроавтобус) ва йўналишсиз таксиларни кунлик дезинфекция қилган ҳолда фаолиятга чиқишини таъминлаш вазифаси юклатилган.

Шунингдек, йўналишсиз таксиларда йўл кира нархини асоссиз равишда ошириб юборилмаслиги, дезинфекция қилинган жамоат транспорти (автобус, микроавтобус) ва йўналишсиз таксилардан ташқари, автотранспорт воситаларида йўловчи ташишга йўл қўйилмаслиги ҳам қатъий назоратга олинади.

Тошкентга ва Тошкентдан автобус қатновлари чекланиши кутиляпти

Республика махсус комиссияси кўрсатмасига кўра, 24 март соат 00:01 дан бошлаб, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан Тошкент шаҳрига ҳамда Тошкент шаҳридан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларга амалга оширилаётган жамоат транспорти ҳаракатини вақтинчалик чеклаш режалаштирилмоқда.

Мавзуга оид