Жамият | 17:34 / 23.03.2020
25777
3 дақиқада ўқилади

Фуқаролардан карантинда уйда қолишга бўлган чақириқларни масхара қилмаслик сўралди

Бутун дунё шифокорлари коронавирус эпидемияси сабабли ижтимоий тармоқларда одамларни карантин вақтида уйда қолишга чорловчи флешмоб эълон қилишган, ўзбекистонлик шифокорлар ҳам ушбу флешмобга қўшилишган эди. Кейинчалик ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимлари, бошқа соҳаларнинг вакиллари ҳам фуқароларни карантин талабларига риоя этишга чақиргани акс этган суратлар тарқалган эди.

Тошкент шаҳар ИИББ берган маълумотга кўра, ўзбекистонликлар орасида мазкур хайрли ишни масхара қилаётган, ҳазил қиламан деб бошқаларнинг ҳуқуқларини поймол қилаётганлар ҳам учраб турибди. Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати раҳбари Ирина Сайфуддинованинг айтишича, ўз бурчини адо этаётган шифокорлар, карантин даврида ўзбекистонликларни уйда бўлишга чақирган флешмоб суратлари фотошоп орқали ўзгартирилиб, ижтимоий тармоқларда, Telegram’даги турли каналларида тарқатилмоқда.

“Афсуски, айрим фуқароларимиз бу ҳаракатларнинг оқибатини англаб етишмаяпти. Расмий манбалардан шифокор ёки ходимнинг фотосуратларини олгандан сўнг, масъулиятсиз фуқаролар суратдаги ёзувни ўзгартирадилар ва Интернетга жойлаштирадилар. Агар суратлардаги сўзлар мазмуни масхараомуз тарзда ўзгартирилмаганда, бунинг оқибатида сурат муаллифлари ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг таъна-дашномлари, ҳақоратларига дучор бўлишмас эди. Интернетда тарқатилаётган бундай постлар одамларнинг ғазабини қўзғатмоқда, салбий шарҳлар учун замин яратмоқда, суратларда акс этган шахсларнинг шаъни ва қадр-қиммати таҳқирланишига сабаб бўлмоқда.

Айрим фуқаролар шифокорларга тақлидан суратга тушиб, уйда қолишга чорлашни ўзларича ҳазиломуз тарзда ифодалашга ва бундан кулги чиқаришга ҳаракат қилишмоқда. Бу эса охир-оқибат ҳукумат зўр бериб тарғиб қилаётган карантин қоидаларига фуқароларимиз беэътибор бўлишига олиб келиши мумкин”, дейди Ирина Сайфуддинова.

Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари Фарғона вилояти ИИБдаги ҳамкасблари билан биргаликда ана шундай масхараомуз суратларни тарқатган шахсларни аниқладилар. Маълум бўлишича, 26 ёшли Т.Б. 20 март куни Фарғона шаҳридаги корхонада ишлаётган пайтда таҳқиромуз мазмундаги ёзув билан суратга тушган, уни 30 яшдаги ҳамкасби З.В. суратга олган, сўнгра улар ушбу фотосуратни 30 нафар одам аъзо бўлган ишчи гуруҳга жойлаштиришган. Охир-оқибат фотосурат Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманида яшовчи 32 яшар фуқаронинг қўлига келиб тушади, ўз навбатида у суратни Telegram’даги 223 минг нафар обуначиси бор гуруҳларга жойлаштиради. Шундан сўнг сурат қўлма-қул бўлиб тарқалиб кетади.

“Ҳозирги пайтда мазкур фуқароларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш масаласи ҳал қилинмоқда. Ҳурматли тошкентликлар ва шаҳримиз меҳмонлари! Барчамиз учун ушбу оғир кунларда сизга мурожаат қиламиз: хавфсизлигимиз, оиламиз ва дўстларимиз хавфсизлиги учун шифокорларнинг тавсияларига амал қилинг. Уйда қолинг”, дея Ирина Сайфуддинованинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид