Андижон шаҳрига кириш ва чиқишда чекловлар жорий этилди
27 март куни соат 00:01дан бошлаб ҳар қандай транспорт воситаларида (автобус, микроавтобус ва енгил автотранспорт) Андижон шаҳрига вилоятнинг барча ҳудудларидан кириш ва Андижон шаҳридан Республиканинг барча ҳудудларига, шу жумладан вилоят туманларига чиқиш тўхтатилади.
«Вилоят аҳолисининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш ҳамда коронавирус инфекциясининг вилоят ҳудуди бўйлаб тарқалиши олдини олиш мақсадида вилоят ҳокимининг 2020 йил 26 мартдаги фармойиши билан, 2020 йил 27 март куни соат 00:01 дан бошлаб, Андижон шаҳрига вилоятнинг барча ҳудудларидан кириш ва Андижон шаҳридан Республиканинг барча ҳудудларига, шу жумладан вилоят туманларига чиқиш ҳар қандай транспорт воситаларида (автобус, микроавтобус ва енгил автотранспорт) тўхтатилади», дейилади вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида.
Андижон шаҳрига кириш ва чиқишдаги чекловлар юк ташиш билан боғлиқ ҳолларга, шунингдек, Андижон шаҳрида доимий яшовчи (рўйхатдан ўтган) шахсларга Андижон шаҳрига кириш учун, вилоят туманларидан Андижон шаҳридаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, бошқарма, идора ва ташкилот (нодавлат ташкилот)ларда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган раҳбар ва ходимлар, шифокор ва ҳамширалар, давлат санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари ҳамда вилоят ҳокимининг алоҳида топшириғига асосан вилоят туманларига бириктирилган масъул ходимларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Белгиланган тартибдан бошқа зарурат бўлмаганда ҳаракатланувчи транспорт воситалари қатнови карантин муддати тугагунга қадар тўхтатиб турилади.
- тегишли бошқарма, идора ва ташкилотлар томонидан Андижон шаҳрига кириш ва чиқиш жойларига вақтинчалик постларнинг фаолиятини ташкил қилиш ва назоратни янада кучайтириш;
- шаҳар ҳудудига кириш ва чиқиш жойларини мутахассислар билан таъминлаш ҳамда тепловизорлар ва антисептик воситалар билан жиҳозлаш;
- Андижон шаҳрига кириб келаётган ва чиқаётган ҳар қандай юк ташиш машиналари, ходимлар бошқарувидаги автомашиналарини мажбурий дезинфекция қилинишини таъминлаш;
- шаҳар ҳудудига кириш ва чиқишга қўйилган чекловларга қатъий риоя этилишини ҳамда карантин қоидаларини бузган шахсларга ўз вақтида қонунчиликда белгиланган чоралар кўрилишини таъминлаш;
- Андижон вилоятида ободонлаштириш ва қурилиш ишларида ишлаётган қурувчилар, ишчилар ва муҳандислар учун ётоқхона ва зарур шарт-шароитларни ташкил этиш;
- табиий газ, ичимлик суви, электр энергияси, телефон алоқаси учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли, икки ой давомида ўчирилмаслигини таъминлаш вазифалари юклатилди.
Шунингдек, шаҳар ва туманлардаги деҳқон бозорлари ва озиқ-овқат дўконларига қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари, дорихоналарга дори-дармонлар ва антисептик воситаларни олиб киришда алоҳида махсус рухсатнома асосида, юк ташиш машинаси ва маҳсулотларни дезинфекция қилган ҳолда кириши таъминланади.
Ушбу фармойишга асосан, белгиланган тартиб ва интизом карантин муддати тугагунга қадар қонуний кучга эгалиги билдириб ўтилган.
Мавзуга оид
15:56
Андижон давлат техника институти ташкил этилади
07:40
Икки туманда 966 млн сўмлик газдан ноқонуний фойдаланилди
22:05 / 23.11.2024
ДХХ раисининг ишдан олиниши, Андижонда Бобурга “ҳужум” ва тугаган сайлов — ҳафта дайжести
22:45 / 19.11.2024