Жамият | 14:40 / 26.03.2020
7170
2 дақиқада ўқилади

Бўзсув каналига чиқинди ташлаган шахслар жавобгарликка тортилди

Ҳуқуқбузарлар томонидан содир этган ҳуқуқбузарлиги оқибати бартараф этилиб, “Бўзсув” канали қирғоғи чиқиндилардан тозаланди 

Фото: Бош прокуратура

2020 йил 23 март куни фуқаро У.А. (1964 й.т.) ўзи истиқомат қиладиган Юнусобод тумани, Оқтепа маҳалласи, Бўзсув кўчасидаги уйнинг “Бўзсув” канали қирғоғига туташган орқа томонини кенгайтириш ва боғ ташкил қилиш мақсадида, ҳайдовчи Ф.М.дан (1988 й.т.) канал қирғоқларини тўлдириб беришни сўраган. 

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдиновнинг ёзишича, HOWO русумли юк машинаси ҳайдовчиси Ф.М. ва “ЗИЛ” русумли юк машинаси ҳайдовчиси М.Х. томонидан қурилиш чиқиндилари юк машиналарида олиб келиниб, “Бўзсув” канали қирғоқларига тўкилган ва сув ифлослантирилган.  

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро У.А., Ф.М. ва  М.Х.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 72-моддаси (Сув захираларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) ва 91-моддаси (Саноат чиқиндиларини, маиший чиқиндиларни ва бошқа чиқиндиларни тўплаш, ташиш, жойлаштириш, зарарсизлантириш, сақлаш, утилизация қилиш, қайта ишлаш, реализация қилиш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузиш) билан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги иш қўзғатилиб, ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари, яъни 1 115 000 сўмдан жами 3 345 000 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.  

Шу билан бирга, ҳуқуқбузарлар томонидан содир этган ҳуқуқбузарлиги оқибати бартараф этилиб, “Бўзсув” канали қирғоғи ҳуқуқбузарлар томонидан ташланган чиқиндилардан тозаланди.   

“Бош прокуратура атроф-муҳит муҳофазаси, айниқса, оби-ҳаёт - сувларни ифлослантиришга қаратилган ҳаракатларнинг олдини олишда барча юртдошларимиз масъул эканини эслатиб, бу борадаги барчани огоҳликка чиқаради. Акс ҳолда, бундан хатти-ҳаракатлар жиноий жавобгарликкача бўлган ҳуқуқий чоралар қўллашга сабаб бўлиши мумкин”, - дейилади хабарда.

Мавзуга оид