Жамият | 13:30 / 27.03.2020
12724
2 дақиқада ўқилади

Саратон билан курашаётган 6 ёшли Мақсудбекка яхши инсонлардан кўмак зарур

Таҳририятимизга Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Қирғиз қишлоғида истиқомат қилаётган Кенжаевлар оиласидан мурожаат келиб тушди. Биз мурожаатни ўрганиш учун ушбу қишлоққа йўл олдик.

Оила бошлиғи Мансур Кенжаев йўл бошидаги қурилишда мардикорчилик қилиб ишлаб турган экан. У уйига йўл бошлади.

2004 йилда турмуш қурган Мансурбек ва Нилуфархонлар оиласида бирин-кетин фарзандлар туғилган. Икки ўғил ва икки қиз кўришган. Фарзандларнинг каттаси 15 ёшда. Кенжатой Мақсудбек 6 ёшда. Мақсудбек саратоннинг оғир формасидан бири — Нохожкин лимфомаси, яъни лимфа тизими саратонига учраган.

Мақсудбекнинг тузалиши учун аввал ҳам Kun.uz сайтида хайрия акцияси ўтказилган эди. 2018 йилдан буён у 8 марта кимё терапия курсини олган. Айни пайтда онаси билан Қарши шаҳрида тўққизинчи нур курсини ўтамоқда.

Болаларнинг отаси Мансур Кенжаевнинг айтишича, аёли бемор фарзандларининг парвариши билан банд. Бир ўзининг мавсумий ишларда меҳнат қилиб топаётган пули, оғир касал фарзандини даволатишга етмаяпти.

Оила янги иморат қуриб, 2 та хонани битириб кўчиб кирган. Уйларининг ички деворлари ҳали рисоладагидек сувоқ, ҳаттоки пол қилинмаган. Тупроқ.

Боз устига, 9 ёшли Нозимага ҳам тузалиши қийин бўлган дард ёпишди. У камёб аллергия касалига дучор бўлган.

Бу оилага даволаниш учун ҳамюртларимизнинг кўмаги жуда зарур. Она уч йилдирки касал боласининг парвариши билан банд. Биргина отанинг мардикорчилик қилиб топаётган пули рўзғорга ҳам, болаларини даволатишга ҳам етмаяпти. Айни кунларда оила қарз-ҳавола қилиб дори-дармонга пул топиб, боласини даволатмоқда.

Биз ҳамюртларимиздан жафокаш оилага ёрдам қўлини чўзишни сўраб қоламиз. Хайрия қилмоқчи бўлганлар Мақсудбек ва Нозималарнинг онаси Нилуфар Хамраева номига очилган пластик карточкага пул ўтказиб беришлари мумкин:

Click/Payme: 8600 0417 7044 9388
Нилуфар Хамраева (Онаси)

Шуҳрат Шокиржонов тайёрлади.

Мавзуга оид