Жамият | 17:56 / 31.03.2020
61115
3 дақиқада ўқилади

ДХА директори BMW X7 ва Mercedes’ларига рухсат олишга ариза бераётган «уддабурон»ларга мурожаат билан чиқди

 Давлат хизматлари агентлиги директори Халилилло Тўрахужаев карантин даврида озиқ-овқат савдоси ва умумий овқатланиш корхоналарининг етказиб бериш хизматлари (“доставка”) учун автотранспортларга махсус рухсатнома олмоқчи бўлаётган айрим шахсларга мурожаат билан чиқди.

“Доставщик” сифатида BMW X7 ва Mercedes каби премиум-класс автомашиналарга рухсат олишга ариза бераётган ҳамда виждони йўқ ва афсуски, тадбиркор шаънига катта доғ тушираётган “уддабурон, учар” тадбиркорларга.

Ҳар ерда рухсатномаларни “сотиш” ҳақида гапирилмоқда. Бунинг асосий сабаби нимада?”, дейилади мурожаатда.

Тўрахўжаевнинг маълум қилишича, карантин даврида озиқ-овқат савдоси ва умумий овқатланиш корхоналарининг етказиб бериш хизматлари учун (курьерлик ва “доставка”) автотранспортларга махсус рухсатномалар олиш учун аризалар сони 30000 дан ортиқни ташкил этмоқда.

“Эътиборлиси, айнан мазкур корхоналар томонидан “премиум-класс“ автотранспорт воситаларига, шу жумладан, BMW X7, Mercedes, Leksus, Hyundai, Captiva, Malibu-2, Tracker ва шунга ўхшаш машиналар учун ҳам “курьерлик”ни амалга ошириш учун аризалар юборилмоқда.

Ушбу аризаларга илова қилинган ҳужжатларда мазкур тоифадаги автомашиналарнинг ҳайдовчилари курьер сифатида расмийлаштирилган иш берувчининг буйруғини тақдим қилмоқда.

Мамлакатимизда ҳукм сураётган ушбу оғир кунларда бундай ишларни амалга оширишга “уддабурон” тадбиркорларимизнинг виждонлари қандай қилиб йўл қўймоқда экан?

Айнан ушбу “премиум-класс” машиналар эгалари вирус тарқатувчи бўлиб чиқса-чи? Майли, пул учун ҳамма нарсага тайёр экансиз, ҳеч бўлмаса, яқинларингиз соғлиги ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингизми? Ахир бу вирус “домино” эффекти орқали тарқалади-ку?

“Премиум-класс“ ҳайдовчилари, ушбу маблағни ҳозирги шароитда қийналиб қолган эҳтиёжманд оилаларга сарф этсангиз руҳиятингиз енгил тортармиди?

Махсус рухсатномаларни расмийлаштириш учун Давлат хизматлари марказлари ходимлари тинмай меҳнат қилмоқда. Бизда ҳар бир ҳужжатнинг ҳаққонийлигига алоҳида баҳо бериш катта қийинчиликлар туғдирмоқда.

Бунга асосий сабаблардан бири сиз бўлмоқдасиз!

Айнан сиздек “ҳурматли”лар туфайли ҳақиқатан ҳам озиқ-овқат, дори-дармон, дон маҳсулотларини етказиб берувчилар тегишли рухсатномасини ўз вақтида ололмаяпти!

Балки сизда уят, виждон каби ҳис-туйғулар камроқ, худбинлик эса кўпроқдир, лекин сизни жиноят кодексидаги жавобгарликнинг муқаррарлиги принципи нормалари ҳам қўрқита олмайдими? Инсонийлик ҳис туйғулари ҳам шундай вазиятда уйғонмайдими?

Бироқ битта нарсани аниқ билишингизни хоҳлаймиз, ғаразли мақсадингиз йўлида ҳужжатларни сохталаштиришга жиноий жавобгарлик муқаррардир.

Қадрли фуқаролар! Инсонлигимизни унутмайлик. Ўзимиздан бошқаларни ҳам ўйлайлик.

Тўғри тушунганингиз учун миннатдорман”, дейилади мурожаатда.

Аввалроқ транспорт ҳаракати учун махсус рухсатнома беришнинг янги тартиби эълон қилинганди.

Мавзуга оид