Жаҳон | 23:00 / 06.04.2020
74565
8 дақиқада ўқилади

Францияда ўлимлар сони бўйича рекорд, АҚШда «вирусли Перл Ҳарбор». Сўнгги маълумотлар

Европа пандемиядан азият чекишда давом этмоқда: душанба куни Францияда эпидемия бошланганидан буён энг кўп ўлим ҳолати қайд этилди, Италияда ҳам бир неча кунлик пасайишдан кейин қурбонлар сони ошди. Коронавирус туфайли «Манчестер Сити» бош мураббийи Пеп Гвардиоланинг онаси вафот этди, аммо британиялик ёзувчи Ж.Роулинг икки ҳафталик карантиндан кейин тўлиқ тузалди.

Фото: AFP

Францияда сўнгги бир кунда Covid-19’дан 833 киши вафот этди - бу пандемия даврида мамлакатда бир кунда энг кўп қурбон берилган кун бўлди.

Қўшни Италиядан ҳам нохуш хабарлар келмоқда - бу мамлакатда сўнгги уч кун мобайнида ўлимлар сони кундан-кунга камайиши кузатилганди. Аммо душанба куни бу яна 636 ўлим қайд этилди - бу якшанба кунидагидан 110тага кўпдир. Бу мамлакат айни вақтда энг кўп ўлим қайд этилган ҳудуд бўлиб турибди - 16 523 қурбон. Вирусдан зарарланиш билан боғлиқ жами ҳолатлар сони 132 мингдан ошган. 

АҚШда вирус қурбонлари сони 10 мингдан ошиб кетди - бу борада дунёда Италия ва Испаниядан кейинги кўрсаткич. Америкадаги жами касалланиш ҳолатлари сони 350 мингдан ошган - дунёдаги энг юқори кўрсаткич. (Ўз навбатида, Америка разведкаси Хитойдаги зарарланиш ҳолатлари билан боғлиқ маълумотлар камайтириб кўрсатилмоқда, деб ҳисоблайди).

АҚШ соғлиқни сақлаш хизмати раҳбари Жером Адамс якшанба куни мамлакат Перл-Ҳарбордаги каби ҳолатга тайёр туриши кераклигини айтганди - яъни кутилмаган бевақт ўлимларга. Бир қанча штатлар губернаторлари федерал ҳукуматдан ёрдам сўрамоқда, аммо энг фожиали ҳолат Нью-Йоркда кузатилмоқда, бу ердаги қурбонлар сони 4,7 мингдан ошди.

Британияда яна 349 ўлим қайд этилди - бу аввалги кундагидан кўра камроқ. Аммо мамлакат бош вазири Борис Жонсоннинг шифохонага - интенсив терапия бўлимига жойлаштирилгани ваҳимани кучайтириб юборди. Эндиликда ҳукуматни вақтинчаликка Ташқи ишлар вазири Доминик Рааб бошқариб туради.

Британиядан яхши хабарлар ҳам бор: Гарри Потер ҳақидаги саргузашт романлар муаллифи Ж.К.Роулинг тузалди, у сўнгги икки ҳафтани касаллик белгилари туфайли карантинда ўтказганди.

Роулингнинг тузалгани тасвирланган видео Лондондаги шифохоналардан биридаги тиббиёт ходимлари томонидан тасвирга олинган, улар ёзувчида касаллик симптомлари йўқолганини айтишади.

  • 6 апрель ҳолатига кўра, дунёнинг 180дан ортиқ мамлакатида вирусдан зарарланиш билан боғлиқ 1,3 миллиондан ортиқ ҳолат қайд этилган, 73 мингдан ортиқ киши вафот этган, 277 мингдан ортиқ киши соғайган.

Испания вирусдан зарарланганлар сони бўйича ҳамон Европада етакчилик қилмоқда, аммо бу мамлакатда қаторасига тўртинчи кун ўлимлар сони камайиши кузатилди. Душанба куни коронавирус беморларининг 637 нафари оламдан кўз юмди, якшанба кунги қурбонлар сони 674 нафар эди - бу мамлакатда 24 март кунидан буён қайд этилган энг паст кўрсаткичдир.

2 апрель куни Испанияда пандемия бошланганидан буён энг кўп ўлим қайд этилганди - 950 киши.

Ўз навбатида вирусдан зарарланиш ҳолатлари ҳам камайиб бормоқда - сўнгги бир кунда 3386 ҳолат қайд этилди (бир кун олдин беморлар сони 5 478 нафарга ошганди), бу эса карантин чоралари ўз самарасини бераётганини кўрсатади. Айни вақтга келиб жами ҳолатлар 135 мингдан ошган.

Ижобий тренд Жанубий Кореяда ҳам кузатилмоқда. Бу ерда февраль ойидан буён илк марта бир кунда вирусдан зарарланиш билан боғлиқ ҳолатлар сони 50тадан кам бўлди. Якшанба куни ҳукумат 81та янги ҳолат ҳақида маълум қилганди, душанба куни 47та ҳолат қайд этилди. Бу мамлакатда ҳозиргача зарарланиш ҳолатлари сони 10 284та, ўлимлар сони - 186.

Бу Жанубий Корея ҳукумати январь ойи охирида Covid-19 дан зарарланиш билан боғлиқ илк ҳолат тасдиқланиши билан аҳолини оммавий равишда тестдан ўтказишни бошлагани, зарарланганлар карантинга жойлаштирилгани, улар билан алоқада бўлганлар кузатувга олингани самарасидир.

Симптомсиз касаллик
Reuters нашри ёзишича, Хитойда ҳеч қандай белгиларсиз коронавирусга чалинганлар сони ошиб бормоқда.

Хитой соғлиқни сақлаш миллий комиссияси маълумотига кўра, якшанба куни кечқурунга келиб 78та шундай ҳолат қайд этилган, бир кун аввалги кўрсаткич 47та бўлган.

Хитойдаги ташқи белгиларсиз зарарланиш ҳолатларининг қарийб ярми Хубэй провинциясига тўғри келади.

«Инфекция хориждан кириб келиши ва ҳеч қандай ташқи белгиларсиз зарарланиш ҳолатлари айни вақтда Хитой соғлиқни сақлаш тизимининг асосий икки муаммосидир», дея қайд этилади агентлик хабарида.

Хитой қатъий карантин чоралари (шаҳарларни ёпиб қўйиш ва транспорт ҳаракатини бутунлай тўхтатиш) эвазига эпидемия тарқалиши устидан назорат ўрната олган.

АҚШга гидроксихлорохин нега керак?

Ҳиндистон АҚШга безгакка қарши қўлланадиган препаратлардан бири - гидроксихлорохин етказиб бериш имкониятларини кўриб чиқмоқда. АҚШ президенти Дональд Трамп ушбу препарат «тиббиёт тарихидаги энг йирик кашфиётлардан бири» бўлиши эҳтимоли ҳақида гапириб, у коронавирусга қарши курашда ҳал қилувчи аҳамият касб этиши мумкинлигини айтган. Айни вақтда ушбу дорининг коронавирусга самараси илмий томондан тасдиқланмаган.

1 апрель куни Америка озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситаларини назорат қилиш бошқармаси (FDA) томонидан безгакка қарши дорилардан клиник синовлардан ташқари ҳам фойдаланишга рухсат берилганди.

4 апрель куни Ҳиндистонда гидроксихлорохин экспортига чек қўйилди, 5 апрель куни Трамп Ҳиндистон бош вазири Нарендре Модига қўнғироқ қилди. Ҳиндистондаги нашрлар юқори мартабали манбаларга асосланиб хабар қилишича, энди мамлакат АҚШга ушбу дорини экспорт қилишни давом эттириши кутилмоқда.

  • Хлорохин – табиий модда бўлмиш хининга ўхшаш таркибга эга бўлган, безгакни даволаш учун ишлатиладиган сунъий олинган дори моддаси. Уни 1934 йилда немис кимёгари Ханс Андерсаг кашф қилган. Гидроксихлорохин эса унга жуда ўхшаш модда бўлиб, у хлорохиндан фақат иккита атомга (OH гидроксил гуруҳининг мавжудлиги билан) фарқ қилади холос.

АҚШда бу препарат коронавирусдан даволаш учун тасдиқланмаган, аммо президент Трамп давлат санитария идораларига босим ўтказиб безгакка қарши препаратни керакли тестларни ўтказмай туриб коронавирусни даволашда фойдаланишга чақирган

Аммо ушбу дорилар беморлар юрак уришини тезлаштириб, уларда аритмияни келтириб чиқариши мумкин. Ўта оғир ҳолатдаги беморларга ушбу препаратларнинг берилиши ёмон оқибатларга олиб боради.

Швецияда 25 минг ишсиз
Швецияда Стокҳолмдаги кўргазмалар мажмуаси ҳудудида 600 хонали госпитал очилди. Аввалига бу ерда шаҳардаги шифохоналарга юкламаларни камайтириш учун 140 бемор қабул қилиниши кўзда тутилганди.

Швецияда дала госпитали очилди

Европадаги бошқа давлатлардан фарқли равишда Швецияда қатъий чеклов чоралари жорий этилмаган, дам олиш кунларида пойтахт кўчалари одамлар билан гавжум бўлмоқда.

Шу билан биргаликда, ҳукумат тавсияларига биноан кўплаб компаниялар ходимларини масофадан ишлашга ўтказмоқда ёки ўз фаолиятини вақтинча тўхтатмоқда.

Натижада, Швеция бандлик хизмати маълумотига кўра, 30 март кунидан 5 апрелгача бўлган вақтда мамлакатда 25 мингдан ортиқ ишсизлар пайдо бўлган.

«Бу 2008 йилдаги жаҳон молиявий инқирози давридаги ҳафталик кўрсаткичдан кўпдир», - деган хизматнинг бош таҳлилчиси Анника Сунден.

Швецияда айни вақтгача коронавирусдан 477 киши вафот этган (6 апрель куни яна 76 ўлим рўй берди), 7260та зарарланиш ҳолати қайд этилган.

Франция: бунақаси Иккинчи жаҳон урушидан буён рўй бермаганди
Франция иқтисодиёт вазири Брюно ле Мэр мамлакат Иккинчи жаҳон уруши давридан буён энг йирик иқтисодий инқироз ёқасида турган бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Брюно Ле Мэр Франция тарихидаги иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг катта йиллик йўқотиш ҳақида огоҳлантирди

Март ойида Франция ҳукумати 2020 йилда мамлакат иқтисодиётида 1 фоизлик пасайишини прогноз қилганди, аммо, вазирнинг сўзларига кўра  коронавирус тарқалиши тезлашгандан кейинги ҳисоб-китоблар зарар кутилганидан анча катта бўлишини кўрсатди.

«Йил охирида иқтисодиётимиз кўрсаткичи 2009 йилда содир бўлган энг ёмон натижадан ҳам 2,2 фоиз пастроқ бўлади. Бу биз иккинчи жаҳон урушидан кейин дуч келадиган энг ёмон иқтисодий қулаш бўлади», деди Ле Мэр Сенатда қилган чиқишида.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид