Жаҳон | 17:09 / 08.04.2020
39832
6 дақиқада ўқилади

Испания нима учун коронавирусга қарши самарали кураша олмаяпти?

 Испания коронавирусга чалинганлар сони бўйича дунёда иккинчи ўринда турибди. Мамлакат соғлиқни сақлаш тизими эпидемияга қарши яхши тайёрланмаганлиги кўриниб қолди.

Фото: Getty Images

Испанияда SARS-CoV-2 коронавируси юқтирганлар сони 8 апрель ҳолатига 146 минг кишини ташкил этмоқда, 14500 дан ортиқ киши вафот этди. Расмий маълумотларга кўра, клиникалар ва вақтинчалик ҳоспиталлар тўлиб-тошиб кетган ва барча беморларни қабул қила олмайди. Шунинг учун фақат ўта оғир аҳволдагиларгина касалхонага ётқизилмоқда. Тиббиёт муассасаларида ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратлари, дори-дармон, тестлар, шифокорлар учун ҳимоя воситалари етишмаяпти.

 Испанча сценарий

 ABC газетасининг ёзишича, Испанияда коронавируснинг тез тарқалиши расмий даражага бориб тақалади. Евроиттифоқ ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Испанияни эпидемия бошланиши тўғрисида январь-февралдаёқ огоҳлантирганди. Аммо ўшанда ҳеч қандай чоралар кўрилмади.

 Бунинг устига, ҳукумат турли оммавий тадбирлар ва футбол мусобақалари ўтказилишига тўсқинлик қилмади. Айнан мана шу ҳолат касалликнинг кенг қулоч ёйишига сабаб бўлди деб ҳисобланмоқда. Испания матбуотининг ёзишича, яна бир сабаб аҳолининг аксарияти хатар гуруҳига кириши деб ёзмоқда – Испания аҳолисининг қарийб 20 фоизни ёши 65дан ошганлар ташкил этади.

 Мамлакатда 16 мартга келибгина фавқулодда ҳолат эълон қилинди, бир ярим ҳафтадан кейин эса кучайтирилди: барча корхона ва ташкилотлар, жумладан озиқ-овқат дўконлари ва дорихоналардан ташқари савдо марказлари ёпилди. Одамларга заруратсиз уйдан чиқиш тақиқланди. Карантинни бузганлик учун кескин жазо чоралари киритилди - 600 минг еврогача жарима ва ҳатто қамоқ жазосигача.

 Соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар

Фото: AFP

 "Коронавирус тарқалишига қарши чора кўришга кеч қолганимизнинг сабаби соғлиқни сақлаш тизимимизда", - дейди Мадрид университети сиёсатшунослик профессори Франсиско Варела Морено. Унинг тушунтиришича, Испания таркибидаги 17 регион шу вақтга қадар соғлиқни сақлаш соҳасини ўзлари бошқариб келган, хусусан, тиббий жиҳоз ва дори-дармонларни ўзлари сотиб олган. 16 мартда фавқулодда ҳолат эълон қилинганидан сўнг ҳукумат бутун соғлиқни сақлаш тизими бошқарувини ўз қўлига олди.

 Аммо бу фавқулодда чорани амалга ошириш, барча ишларни қайтадан ташкил этиш осон эмаслиги кўриниб қолди.

 "Бошбошдоқликлар ва керакли хом ашёнинг етказиб берилиши асоссиз кечиктирилиши ҳолатлари тез-тез юз берди", - дейди Варела Морено. Масалан, Хитойдан сотиб олинган коронавирусни аниқлайдиган 650 мингта тест яроқсиз бўлиб чиқди – уларни ишлаб чиқарган фирма ХХР ҳукуматининг лицензиясини олмасдан фаолият кўрсатган, хитойликлардан сотиб олинган ниқоб ва ҳимоя воситалари эса Испанияга жуда кеч етиб келди.

 Профессор "тиббиётнинг етарлича молиялаштирилмагани"ни ҳам Испаниядаги муаммолар сабабларидан бири деб кўрсатди. Eurostat маълумотларига кўра, Евроиттифоқ мамлакатларида давлат соғлиқни сақлаш тизимига ЯИМнинг ўртача 7 фоизи ажратилса, Испанияда бу 6 фоизни ташкил этади. Испания тиббий ходимлар сони бўйича ҳам ЕИдаги мамлакатлардан орқада. Euro Health Consumer Index маълумотларига кўра, Испания соғлиқни сақлаш сифати бўйича Европада 13-ўринда туради.

 Испания иқтисодиётининг хусусиятлари

Фото: Getty Images

 Испания нима учун ҳимоя воситалари билан ўзини-ўзи таъминлай олмади деган саволга Мадрид иқтисодий тадқиқотлар маркази ходими Мануэль Гарсия Сьерра "мамлакатда жарроҳлик ниқоблари ишлаб чиқарувчи атиги биттагина цех бор" деб жавоб берди. Оддий ниқоблар ишлаб чиқариш эса "рентабеллик юқори бўлиши учун учинчи дунё мамлакатларига олиб чиқиб кетилган".

 Иқтисодчи кейинги ўн йилликлар давомида Испанияда асосан туризм соҳаси ривожланганини эслатиб ўтди. Шу боис мамлакатда "ишлаб чиқариш, масалан ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратлари ишлаб чиқара оладиган корхоналар жуда кам". Айрим дори воситаларини ҳам четдан олиб келишга тўғри келади.

Ҳукумат ва парламент ўртасидаги келишмовчиликлар

Фото: Reuters

 Коронавирусга қарши курашиш чоралари қабул қилинишининг чўзилиб кетиши коалицион сўл ҳукумат ичидаги келишмовчиликлар билан ҳам изоҳланади. ABС газетасининг ёзишича, Испания ҳукумати бу чораларни "бир ярим ой аввал қабул қилиши керак эди".

 Коронавирусга қарши кураш масаласида ҳукумат ва парламент мухолифати ўртасида ҳам келишмовчиликлар мавжуд, дейди Варела Морено. Унинг сўзларига кўра, мухолифат "ҳукумат оғир вазиятда қолган иқтисодиётни қутқариб қолиш чораларини кўрмаганлигидан" ташвишланмоқда.

 Карантин вақтида деярли барча корхоналар ишини тўхтатишга мажбур бўлди. Аммо уларга ишчиларни бўшатиш тақиқланди ва ҳатто солиқлар пасайтирилмади ҳам. Сиёсатшуноснинг фикрича, бу "қатор соҳаларнинг таназзулга учрашига ва оммавий ишсизликка" олиб келади.

 Иқтисодчи Гарсия Сьерранинг қўшимча қилишича, пандемия шундоқ ҳам қийин ҳолатда бўлган Испания иқтисодиётини карахт қилиб қўйди. Мамлакат 2008 йилги инқироздан ўзига келмай туриб, ўтган йили янги муаммолар билан тўқнаш келди. Ишлаб чиқариш ва инвестициялар, солиқ тушумлари пасайди, бюджет тақчиллиги ошди, давлат қарзи ЯИМнинг 97,9 фоизигача ўсди. Карантин даврида эса мамлакат ҳафтасига ЯИМнинг 1,6 фоизигача улушини йўқотмоқда.

Мавзуга оид