Жаҳон | 14:06 / 09.04.2020
8425
1 дақиқада ўқилади

АҚШда сенаторлардан Zoom иловасидан фойдаланмаслик сўралди

Аввалроқ Google компанияси ўз ходимларига Zoom иловасини кўчириб олишни тақиқлаган.

Фото: ZUMA / TASS

АҚШ сенати конгресси ходимлари сенаторлардан хавфсизлик нуқтаи назаридан онлайн-мажлислар ва бошқа анжуманлар вақтида Zoom видеоконференциялар сервисидан фойдаланмасликни сўрашди. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб Financial Times газетаси хабар берди.

Уларнинг айтишича, парламент ижрочиси ана шундай огоҳлантириш билан чиққан. 

Газетанинг қайд этишича, аввалроқ Google компанияси ўз ходимларига Zoom иловасини кўчириб олишни тақиқлаган.

Хабар қилинишича, Пентагонда Zoom иловасидан фойдаланиш давом этмоқда, АҚШ ички хавфсизлик вазирлиги эса Zoom Video Communications компанияси хавфсизлик соҳасидаги муаммолардан хабардорлигини ва унинг устида ишлаётганлигини билдирган.

3 апрель куни The Washington Post газетаси мазкур сервис орқали амалга оширилган бир неча мингта шахсий видеоқўнғироқлар ёзувлари интернетга очиқ манба сифатида жойлаштирилганини хабар қилганди. 

Аввалроқ Ўзбекистон Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси Zoom иловасидан фойдаланишда эҳтиёт бўлишга чақирганди.

Мавзуга оид