Ўзбекистон | 15:46 / 11.04.2020
60063
10 дақиқада ўқилади

ДСҚ пластик карталар маблағлари бўйича банклардан маълумот олмоқчи. Шов-шувли низом ҳақида батафсил

Давлат солиқ қўмитаси банк карталаридаги пул маблағлари ҳақида маълумот тўпламоқчи. Бу ҳақдаги Низом қизғин муҳокама ва танқидларга сабаб бўлди.

6 апрель куни Давлат солиқ қўмитаси (ДСҚ) ва Марказий банки бошқарувининг «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва тижорат банклари томонидан банк ҳисобварақларига оид ахборотларни Давлат солиқ қўмитасига электрон узатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қўшма қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.

Бу лойиҳа порталда ва ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамага ва кескин танқидларга сабаб бўлди.

Лойиҳанинг мазмуни ва моҳияти нимада?

Ушбу қонун ҳужжатларини қабул қилиниши орқали Давлат солиқ қўмитаси ва унинг қуйи органлари:

1. корхона ва ташкилотлар, якка тартибдаги тадбиркорларнинг банкдаги ҳисобварақлари бўйича ўтказилган пул маблағлари айланмалари тўғрисидаги ахборотларни сўровга кўра банклардан электрон тарзда олмоқчи;

2. бир ой давомида жисмоний шахсларнинг барча банк карталарига келиб тушган пул маблағлари айланмаси 30 млн сўмдан, шунингдек трансакциялар сони 10тадан ошган P2P (картадан картага пул ўтказиш) операциялари тўғрисидаги ахборотларни банклардан электрон тарзда олмоқчи.

ДСҚ бу маълумотлардан қандай мақсадда фойдаланмоқчи?

Қарорда «ДСҚ ушбу ахборотлар орқали солиқ тўламаслик хавфи даражасига кўра солиқ тўловчиларни сегментлайди ҳамда солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан ДСҚнинг тегишли тузилмаларига солиқ назоратини амалга ошириш учун маълумотлар берилади», - дейилган.

«Сегментлайди» сўзи катта эҳтимол билан «яширин тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётганлар аниқланади ва уларни солиққа тортиш чоралари кўрилади» деган маънони англатади.

Нега бу қарор портал ва ижтимоий тармоқларда қизғин баҳс ва мунозараларга сабаб бўлди?

Қарор лойиҳаси порталда қизғин муҳокама қилиниб, турли эътирозларга сабаб бўлди. Қайд қилиш жоизки, мақола ёзилаётган пайтда уларнинг сони 200дан ошиб кетган.

Умумлаштирадиган бўлсак, фуқаролар бу қарорнинг «Банк сири тўғрисида”ги ва «Тижорат сири тўғрисида»ги қонунга зид экани, унинг қабул қилиниши банк тизимига бўлган ишончнинг йўқолишига ва нақд пулсиз ҳисоб-китобларнинг камайишига, натижада, яширин иқтисодиётнинг «гуллаб яшнаши»га олиб келиши, шахсий мулкнинг дахлсиз экани, шахсий маълумотлар сир тутилиши лозимлиги ҳақида изоҳ қолдиришган.

Эътирозларнинг асосий қисми низом лойиҳасининг «пул айланмалари 30 млн сўмдан ва P2P трансакциялар сони 10тадан ошса» деган бандига қаратилган.

Одамлар «пластик картадаги маблағлар қўшимча солиққа тортилади» деган хавотирга тушиб қолишган. Табиийки, солиқ идорасининг фуқароларнинг ҳамёнига назар солиш ва кирим-чиқимлар ҳақида маълумот олиш имкониятига эга бўлиши кўпчиликка ёқмаяпти. Ғазабнок шарҳлар ва изоҳларнинг аксарияти шундан далолат бермоқда.

ДСҚ қўшимча изоҳ берди

Давлат Солиқ Қўмитаси бироз кечикиб бўлса-да, ушбу масала юзасидан ўз муносабатини билдирди.

«Бу қарорни ишлаб чиқишдан асосий мақсад - тадбиркорлар солиқларни тўлашдан бош тортмасдан қонуний фаолият олиб боришини таъминлашдир. Банклар томонидан тақдим этилган маълумотларга асосан, давлат рўйхатидан ўтмасдан, ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётганларнинг савдо айланмалари аниқланади», - дейилади баёнотда.

ДСҚ бу қарор орқали Telegram каналлари, Instagram, Facebook орқали уйдан чиқмасдан товарлар ва хизматларни сотишни амалга ошираётганларни аниқлаб, уларнинг фаолиятини қонунийлаштириб, солиққа тортишни кўзлаётганини билдирди.

«Бугунги кунда мамлакатимизда рақамлаштиришнинг кенг жорий этилаётгани натижасида электрон тижорат ривожланди. Telegram каналлари, Instagram, Facebook орқали уйдан чиқмасдан товарлар ва хизматларни сотиш амалга оширилмоқда.

Бундай онлайн-дўконларнинг ассортименти кўпинча тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтган ўртача дўконлардан фарқ қилмайди. Маҳсулот ёки хизмат ҳақини тўлашда, бундай «сотувчи»лар аксарият ҳолларда пулни жисмоний шахслар картасига (Р2Р) ўтказишни сўрашади.

Aмалиёт шуни кўрсатмоқдаки, мазкур «тадбиркорлар»нинг аксарияти давлат рўйхатидан ўтмаган. Улар даромадларини декларация қилмайди ва шу сабабли солиққа тортилмайди, бу «яширин иқтисодиёт» ўсишига олиб келади», - дейилади ДСҚ баёнотида.

Савдо-саноат палатаси қандай фикрда?

Қизиғи шундаки, қарор лойиҳасида бу Низомнинг Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси (ССП) билан келишилгани ҳақида ёзилган.

Аммо ССП қарор лойиҳасидаги бандларга умуман қарши эканини таъкидлаб, унинг Жамоатчилик экспертизаси хулосасидан ўтказилгани ва 30 март куни (яъни қарор лойиҳаси муҳокама учун порталга жойлаштирилишидан 1 ҳафта олдин) бу ҳақда хулоса берганини таъкидлади.  

ССП хулосасига кўра, Низомнинг бандлари «Банк сири тўғрисида»ги қонун талаблари ва Солиқ кодексининг 134-моддаси талабларига мос келмайди. 

«Бу Низом «Банк сири тўғрисида»ги қонун талаблари ва Солиқ кодексининг 134-моддаси талабларига мос келмайди.

Хусусан, лойиҳадаги «бир ой давомида жисмоний шахсларнинг барча банк карталарига келиб тушган пул маблағлари айланмаси 30 млн сўмдан (шу жумладан, чет эл валютаси миллий валюта эквивалентида бўлган тақдирда) ва трансакциялар сони 10тадан ошган Р2Р операциялари тўғрисидаги ахборотларни ҳар ой якуни бўйича кейинги ойнинг учинчи иш кунидан кечиктирмаган ҳолда миллий ва чет эл валютасида 6 ва 6а-иловаларга мувофиқ», – деб кўрсатилган. Бироқ, мазкур талаб Солиқ кодексида кўрсатилмаган, яъни бу қоида ҳуқуқий асосга эга эмас. Баён этилганларни эътиборга олиб, Низом лойиҳасини Солиқ кодексининг 134-моддасига ва «Банк сири тўғрисида»ги Қонун талабларига ҳамда иқтисодиёти ривожланган илғор давлатларнинг тажрибасини чуқур ўрганган холда қайта кўриб чиқиш тавсия этилади», - дейилади хулосада.

ССП бу тавсияларнинг кўриб чиқилиши натижаси юзасидан хабар бериш лозимлигини кўрсатган. Аммо ССП бу хабар олингани ёки йўқлиги ҳақида маълумот бермади.

Бу лойиҳа юзасидан Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Иминов ҳам ўз хулосасини берди.

«Муҳокамага қўйилган ҳужжатда бир ой давомида жисмоний шахсларнинг барча банк карталарига келиб тушган пул маблағлари айланмаси 30 млн. сўмдан (шу жумладан, чет эл валютаси миллий валюта эквивалентида бўлган тақдирда) ва транзакциялари сони 10тадан ошган операциялари тўғрисидаги ахборотларни банклар солиқ идораларига тақдим этиши белгиланмоқда. Солиқ кодексининг 134-моддасида жисмоний шахсларнинг банк карталарига келиб тушган пул маблағларининг айланмаси тўғрисидаги маълумотлар ўз ифодасини топмаган. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, муҳокамага қўйилган ҳужжатга Солиқ кодексида назарда тутилмаган меъёрлар киритилган. Шу боис ҳужжатни Солиқ кодексига асосан қайта кўриб чиқиш лозим», дейилади сенаторнинг баёнотида.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, Солиқ қўмитаси ўз функциясини бажаришга интилиб, бу низом асосида солиқдан қочиб юрганларни аниқлаш ва солиққа тортишни мақсад қилаётгани тушунарли. Бу дунё амалиётида бор нарса.

Аммо қонун ҳужжатлари идоралар томонидан турлича талқин қилинаётганини қандай тушуниш мумкин?

ДСҚ ва МБ низом бандларининг Солиқ кодекси ва «Банк сири тўғрисида»ги қонунга мувофиқ деб ҳисобламоқда. Савдо-саноат палатаси ва Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси эса, аксинча, зид деб ҳисобламоқда.

Бундан ташқари, Низомда лойиҳа ССП билан келишилгани ёзилган. Аммо ССП ўз хулосасида Низом бандларига қарши бўлган фикрларни билдирган. Буни қандай тушуниш мумкин?

Яна бир жиҳати - ДСҚ бир ой давомида жисмоний шахсларнинг барча банк карталарига келиб тушган пул маблағлари айланмаси 30 млн сўмдан, шунингдек трансакциялар сони 10тадан ошган P2P (картадан картага пул ўтказиш) операциялари тўғрисидаги ахборотларни банклардан электрон тарзда олмоқчи. Хўш, бу 30 млн сўм деган рақам нимага асосан олинди? Нега 25 млн эмас ёки 100 млн эмас?

Албатта Ўзбекистондаги ўртача ойлик-маошлар миқдоридан келиб чиқадиган бўлсак, банк картасидаги айланмалари қиймати 30 млн сўмдан ошадиган одамлар кўп бўлмаса керак. Борларининг ҳаммаси ҳам тадбиркор эмас. ДСҚ уларни ушлаб, ёппасига солиққа тортишни кўзламаган.

Бундан ташқари, «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунга кўра Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти фуқароларнинг банк ҳисобварақларидаги, шу жумладан пластик карталаридаги барча «шубҳали» айланмалари ҳақида сўзсиз маълумот олиш ҳуқуқига эга.

Бу қонун 2004 йилдан бери амал қилмоқда ва унда: «Юридик ва жисмоний шахсларнинг пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялари тўғрисидаги ахборотни ёхуд бошқа маълумотларни махсус ваколатли давлат органига белгиланган тартибда тақдим этиш тижорат, банк сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни бузиш ҳисобланмайди», дейилган. Яъни ДСҚ барчага сир бўлиб турган маълумотларни қўлга киритишга интилаётган ягона идора эмас, корхона ва ташкилотлар, фуқароларнинг пластик карталардаги маблағларнинг айланмаси шудоқ ҳам «махсус ваколатли давлат органи» назорати остида турибди.

ДСҚ бу Низом орқали «яширин иқтисодиёт»га барҳам беришни кўзлаётганини айтмоқда. Аммо бу Низомнинг мазмун ва моҳияти бўйича етарли тушунтириш ўз вақтида берилмади. Берилган вақтда эса «тўқайга ўт кетиб» бўлган эди.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид