Ўзбекистон | 12:27 / 12.04.2020
178764
2 дақиқада ўқилади

Каттақўрғондаги ҳодиса қурбонлари сони ошди

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида рўй берган чақнаш ҳодисаси оқибатлари бўйича қўшимча маълумот берди.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

12 апрель куни тонгда Каттақўрғон шаҳри Гўзалкент маҳалласидаги икки қаватли уйлардан бирида ҳаво газ аралашмаси чақнаши оқибатида бинонинг бир қисми ўпирилиб, уйда яшовчилар харобалар остида қолган. 

ФВВ матбуот хизмати хабар беришича, ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар сони 3 нафарни ташкил этмоқда, яна 4 киши турли даражада тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

Ҳодисадан жабрланганларнинг барчаси ушбу уйда яшовчилар бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодисага уйнинг биринчи қаватидаги квартирада ис гази сизиб чиқиши сабаб бўлган.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва бошқа тузилмалар ходимлари ҳудудда қутқарув ишларини олиб боришмоқда.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов воқеа жойига етиб борган. Портлашдан зарар кўрган хонадонлар эвакуация қилинган.

Бундан аввалроқ Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати Каттақўрғонда икки қаватли уйдаги портлаш оқибатида 2 киши ҳалок бўлиб, 5 киши жароҳатлангани ҳақида хабар берганди.

Мавзуга оид