Ўзбекистон | 16:10 / 14.04.2020
17521
5 дақиқада ўқилади

Деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш бўйича ҳукумат қарори қабул қилинди

Вазирлар Маҳкамасининг деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, экин экиш ишларини тизимли ташкил қилиш ҳамда маҳсулот етиштириш ҳажмларини чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори қабул қилинди.

Фото: agronet.uz

Ҳужжат билан, туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан икки кун муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи қарор қабул қилинишини таъминлаш белгиланди: 

  • қишлоқ хўжалиги экин турларини ва етиштириладиган маҳсулотлар прогноз кўрсаткичларини маҳалла фуқаролар йиғини кесимида белгилаш;
  • “Томорқа хизмати” МЧЖлар томонидан аҳолига моддий-техник ресурслар, биринчи навбатда, уруғлик, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ва минерал ўғитларни тизимли етказиб бериш;
  • сув таъминоти оғир аҳоли пунктларида деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига суғориш қудуқлари қазиб бериш;
  • Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг туман (шаҳар) бўлинмалари масъул ходимларидан иборат таркибда туман ишчи гуруҳларини шакллантириш ҳамда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларида баҳорги (эртаки) экинлар экишни ташкил этиш;
  • маҳалла фуқаролар йиғинлари ва кенг жамоатчилик билан биргаликда томорқадан самарасиз фойдаланаётган томорқа ер эгаларини огоҳлантириш, огоҳлантиришдан кейин ҳам экин экмаган томорқа ер эгасига ер солиғини оширилган ставкада қўллаш.

Қарорда белгиланишича, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда Асака, Ангор, Жарқўрғон, Зангиота, Китоб, Наманган, Олтинкўл, Олтиариқ, Самарқанд, Тойлоқ, Уйчи, Қува ва Янгийўл туманларининг томорқа ер участкасидан бир йилда икки-уч маротаба ҳосил етиштириш ва юқори даромад олиш тажрибасини намуна сифатида республиканинг бошқа ҳудудларига жорий қилиш чораларини кўради.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси 2020-2021 йилларда сув таъминоти оғир, истеъмолга яроқли ер ости сув захиралари етарли бўлган аҳоли пунктлари ҳудудларидаги томорқа ер участкаларига сув етказиб бериш мақсадида суғориш қудуқларини қазишнинг манзилли дастурига мувофиқ суғориш қудуқларини бурғулаш учун қудуқларни қазиш лойиҳаларига экологик экспертиза хулосалари бепул ва ўз вақтида берилишини ҳамда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси гидрогеологик хулосаларнинг соддалаштирилган тартиб асосида бепул берилишини таъминлайди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туман (шаҳар)лар ҳокимликлари:

  • деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларини мева-сабзавотчилик кластерлари ва кооперацияларига ихтиёрий асосда бириктиради;
  • мева-сабзавотчилик кластерлари ва кооперациялари талабидан келиб чиқиб, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларида экиладиган қишлоқ хўжалиги экинлари турларининг экилишига кўмаклашади.  

Мева-сабзавотчилик кластерлари ва кооперациялари:

  • деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқалари билан ўзаро ҳамкорлик асосида маҳсулот етиштириш, етиштирилган маҳсулотни саралаш, қайта ишлаш, сақлаш, қадоқлаш ҳамда экспорт қилиш бўйича шартнома тузади;
  • деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларига уруғлик, кўчатлар, минерал ўғитлар ҳамда бошқа моддий-техника ресурсларини етказиб беради.

Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари:

  • шартнома асосида уруғ ва кўчатларнинг тўлиқ экилишини, агротехник тадбирларнинг илмий асосланган агрономик тавсиялар асосида ўз вақтида бажарилишини таъминлайди;
  • тузилган шартномаларга мувофиқ етиштирилган маҳсулотларни белгиланган муддатларда ва сифатда етказиб беради.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров:

  • Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини таҳлил қилиб, бугунги кунда долзарб бўлмаган лойиҳаларни қисқартириш ҳисобига, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига қўшимча 300 миллиард сўм ажратади;
  • фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига, ”Томорқа хизмати” МЧЖлар ҳамда қишлоқ хўжалиги кооперативларига Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасида ажратиладиган кредитлар фоиз ставкасининг 50 фоизи Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилишини таъминлайди.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томорқа ер участкаларида экин экиш, сув таъминотини яхшилаш ва ”Томорқа хизмати” МЧЖларини молиявий қўллаб-қувватлаш, кооперативлар ташкил этиш учун Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан тижорат банклари орқали 100 миллиард сўм кредит ажратади. 

Мавзуга оид