Жаҳон | 00:56 / 14.04.2020
47935
7 дақиқада ўқилади

Испания ва Италия карантинни юмшатмоқда, ЖССТ шошилмасликка чақирмоқда. Сўнгги маълумотлар

Бутун дунё бўйлаб коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 1,9 миллиондан ошди, қурбонлар сони 119 минга яқинлашган. Кўплаб давлатларда карантинни юмшатиш масаласи муҳокама қилинаётган бир вақтда Европадаги коронавирус эпидемиясидан энг кўп жабрланган давлатлар босқичма-босқич чекловларни бекор қилиб бормоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти карантиндан чиқишга шошилмасликни сўрамоқда.

Фото: Getty Images

Душанба кунидан Испанияда заводлар фаолияти тикланди. Сешанба кунидан Италияда дўконлар очилади.

Аввалроқ Европанинг яна бир давлати Дания мактаблар очилиши ва фуқароларнинг ҳаракатланиши бўйича айрим чекловлар олиб ташланиши ҳақида эълон қилганди.

Германияда ҳукумат чеклов чораларини юмшатиш масаласини кўриб чиқмоқда, Францияда карантин муддати узайтирилди. Буюк Британия ҳам ҳозирча барча чекловлар ўз кучида қолишини маълум қилиб бўлган.

Фото: AFP

ЖССТ эса вирус тез тарқалиши, лекин секинлик билан йўқолишини инобатга олган ҳолда карантиндан воз кечишга шошилишдан тийилишга чақириб, бу янги ҳолатлар ортишига олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

Ташкилот эксперти Мария Ван Керкхове шундай қўшимча қилган: «Бутун Европа бир вақтда карантиндан чиқмаслиги жуда муҳимдир».

Босқичма-босқич карантин чораларини бекор қилаётган Италия ва Испанияда сўнгги ҳафтада кунлик зарарланиш ҳолатлари камая бошлади. Испанияда душанба куни 3 477та янги ҳолат қайд этилган - бу бир кун олдингидан (5 мингга яқин) камроқдир. Ўлимлар сони ҳам камайишда давом этмоқда - душанба куни Испания соғлиқни сақлаш вазирлиги 517та ўлим ҳолатини тасдиқлади, бу якшанба кунги кўрсаткичдан 102тага кам.

«Ғалабага ва одатий ҳаёт тарзига қайтишга ҳали эрта. Биз барчамиз яна кўчаларга чиқиб юришни истаймиз, аммо биз бу урушда ғалаба қозониш ва бу ҳолат қайталанишининг олдини олишни янада кучлироқ истаймиз», - дея огоҳлантирди мамлакат бош вазири Педро Санчес.

АҚШда эпидемия шу ҳафтада кўтарилиш нуқтасидан ўтиши кутилмоқда. «Ҳозирда биз пикка яқинлашмоқдамиз. Буни ўлимлар сони аввалги кунлардагидан камроқ бўла бошлаганидан кейин сезамиз», деган АҚШ Касалликлар профилактикаси ва назорати маркази раҳбари, эксперт, Роберт Редфилд.

13 апрель куни Америкада коронавирус яна 1147 кишини ҳаётдан олиб кетди ва жами қурбонлар сони 23 мингдан ошди. Сўнгги 24 соатда яна 19186та янги зарарланиш ҳолати тасдиқланди ва жами ҳолатлар сони 579 мингдан ошди.

Душанба куни Испания ҳукумати карантин вақтида жорий этилган чекловларнинг бир қисмини бекор қилди, аммо каталонияликлар бу қарорни ижро этишдан бош тортишмоқда.

Мадрид шимолидаги Шимолий Очоа шифохонасида испаниялик шифокорлар коронавирус оқибатида ҳалок бўлган ҳамкасблари учун аза тутишмоқда
Фото: AP/ТАСС

Каталония ҳудудий маъмурияти раҳбари Ким Торра вирус тарқалиши яна авж олиши хавфи туфайли иккинчи карантин муддати бошланиши мумкинлигини айтган. Бу ҳудудда аҳолининг катта қисми ўз уйида карантинда қолади, жамоат жойлари, барлар ва кўплаб дўконлар камида 26 апрелгача ёпиқ бўлади.

Аммо мамлакатнинг бошқа ҳудудларида икки ҳафталик тўхташдан кейин қурилиш компаниялари, заводлар ва баъзи хизматларнинг ходимлари ишга қайтди. Бунда улар қатъий хавфсизлик чораларига амал қилиши керак. Қурувчилар аҳолидан узоқ бўлган ҳудудларда ишлай олади.

Испания коронавирусдан энг кўп жабр кўрган давлатлардан бири - бу ерда қурбонлар сони 17 мингдан ошиқ, 170 мингга яқин зарарланиш ҳолатлари қайд этилган. Аммо сўнгги кунларда янги ҳолатлар қайд этилиши камайди.

Италияда кўплаб чеклов чоралари 3 майгача амалда бўлади, аммо 14 апрелдан бошлаб компанияларнинг бир қисми ўз ишини қайта тиклаши мумкин. Шу кундан бошлаб баъзи компаниялар, шунингдек, китоблар, канцелярия маҳсулотлари ва болалар кийимларини сотадиган дўконлар очилади. Лекин заводлар ёпиқлигича қолади. Аппенин ярим ороли давлатида эпидемия 20 мингдан ортиқ киши ҳаётига зомин бўлган, 160 мингга яқин зарарланиш ҳолати қайд этилган.

Германияда канцлер Ангела Меркель Фанлар академияси билан чеклов чораларини юмшатиш масаласини муҳокама қилади, у чоршанба куни ҳудудлар раҳбарлари билан ҳам видеоалоқа орқали шу масала бўйича мулоқот қилишни режалаштирган. Германияда сўнгги бир кунда 354та янги зарарланиш ҳолати қайд этилди ва жами ҳолатлар сони128 мингдан ошди, 21та ўлим ҳолати қайд этилди, эпидемия бошланганидан буён мамлакатда 3043 киши вирус қурбонига айланган.

Франция президенти Эммануэль Макрон душанба куни кечқурун коронавирус масаласида учинчи марта миллатга мурожаат қилди. Республика раҳбари карантин муддати узайтирилгани ҳақида эълон қилди.

«Умид қайтмоқда, аммо Град-Эст ҳамда Иль-де-Франс регионида касалхоналар тўлиб кетган. Шу боис саъй-ҳаракатларимиз ва қоидаларни давом эттиришимиз шарт. Қатъий изоляция тартиби 11 май кунигача сақланиб туради», деди Макрон. У «келгуси тўрт ҳафта давомида ҳукумат томонидан жорий этилган чоралар сақланиб қолишини, кучайтирилмаслиги ва бўшаштирилмаслиги»ни қўшимча қилган.

Мамлакатда зарарланиш ҳолатлари бугун 4188та ўсиб, жами ҳолатлар сони 136 мингдан ошди. Сўнгги бир кунда 574 киши вафот этиб, жами қурбонлар сони 15 мингга яқинлашди.

Британияда ҳукумат пайшанба кунигача умуммиллий иҳоталанишнинг самарадорлигини баҳолаши керак, шундан кейин қатъий карантин чораларини узайтириш масаласида қарор қабул қилинади. Ҳукумат аъзолари бундай мураккаб қарорни бош вазир иштирокисиз қабул қилишларига тўғри келади - коронавирусга чалинган Борис Жонсон шифохонадан чиқарилганидан кейин тикланиш жараёнини ўтамоқда.

Уинстон Черчиллнинг набираси, консерваторлар партиясидан собиқ депутат, ўтган йил сентябрида бош вазир билан келишмовчилиги туфайли фракциядан ҳайдалган сэр Николас Сомс BBC нашрига берган интервьюсида Жонсоннинг касалликни енгиши уни партия сиёсатчисидан миллий етакчига айлантириши ҳақида айтиб ўтган.

Буюк Британияда пандемик вазият сўнгги кунларда оғирлаша бошлади. 13 апрель куни мамлакатда 737 киши коронавирсга чалиниш оқибатида вафот этди ва қурбонлар сони 10 мингдан ошди. 14 апрель куни ҳам вазият деярли ўзгармади - 717 қурбон. Шу билан биргаликда, янги зарарланиш ҳолатлари ўсиши камайган - бир кун олдин 5,2 мингдан ортиқ кишига коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган, 14 апрель куни касаллик аниқланган беморлар сони 4,3 мингдан ортиқроқни ташкил этди. Айни вақтга келиб жами ҳолатлар сони 88 мингдан ошган, ўлимлар сони 11329тага етган.

Хитой ҳукумати Россияда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони кескин ўсаётгани (сўнгги бир кунда Россияда 2558 кишида касаллик аниқланди ва жами ҳолатлар 18 мингдан ошди) туфайли ушбу давлат билан чегараларидаги кузатувни кучайтирган. Хитойда айни вақтда янги зарарланиш ҳолатлари асосан хориждан, хусусан Узоқ Шарқдан кириб келаётганларда аниқланмоқда. Хориждан келувчилар тўрт ҳафта мобайнида карантинда қолиши белгиланган.

Рим папаси Франциск душанба куни карантин даврида маиший зўравонликдан азият чекаётган аёлларни қўллаб-қувватлашга чақирди. Айни вақтда бутун дунё бўйлаб аёлларга куч ишлатиш ҳолатлари ошиб кетгани кузатилмоқда.

Мавзуга оид