Ўзбекистон | 23:59 / 15.04.2020
1284
3 дақиқада ўқилади

Хореография академиясининг янги филиали ташкил этилади

Ўзбекистон давлат хореография академиясининг Урганч филиали ташкил этилади

Президентнинг “Ўзбекистон давлат хореография академиясининг Урганч филиалини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Маданият вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Хоразм вилояти ҳокимлигининг Ўзбекистон давлат хореография академиясининг Урганч филиалини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланади.

Қуйидагилар Филиалнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

рақс санъати соҳасида фундаментал билим ва тушунчалар, тарихий ва замонавий анъаналар, инновация технологияларини, давлат стандарти бўйича белгиланган билим ва малакаларни пухта эгаллаган олий маълумотли мутахассис кадрлар тайёрлаш;

тайёрланаётган мутахассис кадрларга меҳнат бозоридаги реал талаб ва эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда, юқори сифатли билим ва малака бериш;

битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича буюртмаларни шакллантириш;

таълим жараёнига замонавий педагогик ва инновацион технологияларни, маданият ва санъат соҳасида илм-фан бўйича эришилган илғор ютуқларни татбиқ этиш;

ёшларнинг рақс санъатига бўлган қизиқишларини ошириш ҳамда истеъдодини юзага чиқариш;

кадрлар илмий салоҳиятини ошириш, илмий-ижодий фаолиятни янада ривожлантириш, профессор-ўқитувчиларнинг илмий-ижодий фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш, иқтидорли талаба-ёшларни илмий-ижодий фаолият билан кўпроқ шуғулланишга кенг жалб этиш;

талабаларнинг соҳалар бўйича билимларини ошириш ҳамда уларда ижрочилик кўникмаларини кучайтириш мақсадида тизимли равишда хорижий мамлакатларга қисқа ва узоқ муддатли амалиётларга юбориш.

Белгилаб қўйилишича, Филиалга:

2020/2021 ўқув йили учун «5151300 — хореография (турлари бўйича)» таълим йўналишига бакалаврлар тайёрлаш бўйича жами 25 та — шундан 10 таси давлат грантлари, 15 таси тўлов-контракт асосида — қабул квотаси ажратилади;

2020/2021 ўқув йили учун қабул жараёни Ўзбекистон давлат хореография академиясида амалга оширилади.

Хоразм вилояти ҳокимлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Маданият вазирлиги Урганч шаҳри, А.Баҳодирхон кўчаси, 195-уйда жойлашган Урганч иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи асосий биносининг бир қисмини Филиалга бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан бериш ҳамда Филиал фаолиятини мазкур бинода ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Урганч иқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг Урганч шаҳри, А.Баҳодирхон кўчаси, 195-уйда жойлашган биносининг бир қисми Филиалга берилиши муносабати билан мазкур коллеж фаолиятини самарали ташкил этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид