Видео: Трамп коронавирусга қарши чоралар мавзусида журналист билан баҳслашди
13 апрель куни АҚШ президенти Дональд Трамп иштирокида Оқ уйда коронавирус мавзусида ўтказилган навбатдаги брифингда давлат раҳбари ва мухбирлардан бири ўртасида баҳс келиб чиқди.
Журналистлар билан муроса қилишни хуш кўрмайдиган Трамп бу гал CBS News мухбири Паула Рейднинг саволига тўғридан тўғри жавоб бермай, гапни бошқа ёққа бурди – ОАВ ва демократларни айблашга ўтди.
Мухбир президентдан мамлакатни коронавирус пандемиясидан сақлаб қолиш учун қандай чоралар кўргани ҳақида сўради. «Now This» медиа компанияси тарқатган видеодан кўринишича, бу саволга Трамп томонидан аниқ жавоб бўлмаган.
«Мен ўн минглаб, балки юз минглаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолдим», – дейди Дональд Трамп.
– Хитойдан қатновни тўхтатгандан кейин вақтни шифохона қуришга, тест ўтказишга сарфламадингиз.
– Сиз ўзингизни жуда ёмон тутяпсиз. Мени эшитинг. Мен буларнинг барчасини ўйлаб кўрдим.
– Одамлар ўзларини хавфсиз ҳис қилиши керак. Мисли кўрилмаган инқироз юзага келяпти.
– Бутун АҚШда қандай йўл тутиш кераклигини ҳеч ким билмасди. Лекин мен буни қилдим.
– Айнан нима қилдингиз?
– Нима қилганимизни билмоқчимисиз?
– Сиз кўрсатган видеода февраль ойи учун ҳеч нарса кўрсатилмаган. Ваҳоланки, феврал ойида касалланиш ҳолатлари бор эди.
– Бутун АҚШ бўйича бирорта ҳам касалланиш қайд этилмаган ҳолатда, сиз нима қилган бўлардингиз?
– Февраль ойида касалланганлар бор эди.
– Узр, аммо сизлар бу ҳақида хабар бергансизлар. 17 январь ҳолатига кўра, касалланиш ва ўлим ҳолатлари мутлақо йўқ, деб айтгансизлар.
– Бу январь ҳолатида. Мен февраль ҳақида сўрадим.
– Мен январь ҳақида гапиряпман.
– Айнан касаллик ҳолатлари қайд этила бошлангандан кейин сиз ва сизнинг администрациянгиз нима қилганини билмоқчиман.
– Биз кўп ишлар қилдик. Биз қилинган ишлар рўйхатини берамиз.
Шундан сўнг АҚШ президенти журналистларни сохта ахборот тарқатишда айблайди.
«Сиз сохта эканлигингизни биласиз. Таҳририятингиз сохта хабар беради. Ҳаммангиз эмас, лекин аксариятингиз фейк ахборот берасиз. Рейтингларингиз тобора пастлаб бормоқда, тахминан уч бараварга тушиб кетган.
Сўрашга ижозат беринг. Нега Жо Байден ва демократлар мен бошқа давлатлар билан қатновни тўхтатганимни танқид қилишганди? Чунки мен жуда тез керакли қарорни қабул қилдим.
Биз бошқа мамлакатларни кузатдик.Уларда аҳвол ёмонлашиб бораётган эди. Лекин бизда ҳали пойтахт очиқ эди. АҚШ ёпилиши мумкинлигини ҳеч ким тасаввур қила олмасди. Бироқ мен уни ёпдим. Бу катта иш бўлди. Агар бундай қилмаганимизда минглаб, юз минглаб одам ўлиб кетиши мумкин эди», – деди Трамп.
Маълумот учун, Қўшма Штатларда коронавирусга чалинган илк бемор 20 январь куни тасдиқланган – беш кун олдин пандемия маркази Уҳандан келган 35 ёшли фуқарода вирус аниқланган.
Юқоридаги диалогдан олдин президент АҚШда йил бошидан ҳозиргача коронавирусга қарши қўлланилган чоралар таймлайни акс этган видеони тақдим этган.
— Donald J. Trump (@realDonaldTrump) April 14, 2020
Унга кўра:
7 январь – Касалликлар профилактикаси ва назорати маркази (CDC) АҚШда COVID-19 билан зарарланиш ҳолатларини кузатиш тизимини ишга туширди.
20 январь – АҚШда коронавирус билан касалланишнинг илк ҳолати қайд этилди.
31 январь – Трамп Хитойдан АҚШга барча қатновларни бекор қилди.
6 февраль – Касалликлар профилактикаси ва назорати маркази биринчи тест тўпламини чиқарди.
2 март – АҚШ фармацевтика компаниялари коронавирусга қарши вакцина устида иш бошлади.
11 март – Европадан АҚШга қатновлар бекор қилинди.
13 март – Трамп АҚШда фавқулодда ҳолат эълон қилди.
17 март – Бепул тепловизорларга буюртма берилди.
18 март – Мудофаа вазирлиги шифохоналарга 1 млн дона тиббий ниқоб етказилишини маълум қилди.
Шунингдек, брифингда тақдим этилган видеода журналистлар аввалданоқ коронавирус хавфини камайтириб кўрсатувчи маълумотлар тарқатгани айтилган, Трампнинг мамлакатга Хитойдан қатновларни бекор қилишини демократлар ксенофобия деб баҳолагани кўрсатилган.
Қайд этиш керак, бу – Дональд Трамп шу пайтга қадар Оқ уйда ўтказган брифинглар ичида энг узоқ давом этгани бўлди: матбуот анжумани 2 соатдан ортиқроқ давом этган.
Маълумот учун, дунё бўйича коронавирусга чалинганларнинг 30 фоизи – АҚШ аҳолиси. Мамлакатда 3 ой ичида 644 мингдан ортиқ киши вирус юқтириб олди, қурбонлар сони 28 мингдан ошди. Тузалганлар – 48 минг нафар. Беморларнинг 13 мингдан ортиғи оғир аҳволда.
Мавзуга оид
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
21:25 / 22.11.2024
Россия ортидан АҚШ ҳам ядро стратегиясини ўзгартирди
13:52 / 22.11.2024
АҚШ Ўсимликлар карантини агентлигига 205 минг долларлик ускуналар топширди
21:00 / 21.11.2024