Жамият | 19:09 / 17.04.2020
56615
2 дақиқада ўқилади

Наманганда ички ишлар ходимларига бўйсунмаган депутатга нисбатан жиноят иши қўзғатилган – ИИВ

15 апрель куни автомашинасини мажбурий суғурта қилишни унутгани учун ички ишлар ходимлари томонидан тўхтатилган халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши депутати профилактика инспекторининг телефонини синдирган, уни тинчлантирмоқчи бўлган бошқа ходимнинг погони ва хизмат кўкрак нишонини юлиб олган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Хабарда қайд этилишича, 2020 йил 15 апрель куни соат 21:45 ларда Халқ депутатлари Наманган шахар кенгаши депутати Т.М. ўзига тегишли бўлган Матиз русумли автомашинасида шериги билан биргаликда Янгиқўрғондан келаётиб “Қизилкўприк” постидан Наманган шаҳри ҳудудига кирмоқчи бўлган пайтда ИИБ ходими томонидан тўхтатилган. Ҳужжатларни кўздан кечириш вақтида автомашина мажбурий суғурта қилинган сана кўрсатилган муддатдан ўтиб кетгани аниқланган.

“Ҳайдовчи машинасини мажбурий суғурта қилишни унутган ҳолатларда автомобиль жарима майдонига олиб борилади. Бироқ депутат гувоҳномасини пеш қилиб, бу унга автомашинани суғурта қилмасдан бошқариш ҳуқуқини беришини айтган.

2004 йилда қабул қилинган Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисидаги Ўзбекистон Республикасининг қонунида Депутат ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, ушбу Қонун ва бошқа қонунларга мувофиқ амалга оширади, деб белгилаб қўйилган. Мазкур қонунда депутат ваколатлари ҳам кўрсатиб ўтилган, бироқ транспорт воситасини ҳужжатсиз бошқариш ҳуқуқи бу ваколатлар қаторига киритилмаган. 

Депутат вилоят ИИБ катта инспектори, майор Илҳомжон Абдураҳмоновнинг қонуний талабларини бажармасдан автомашинадан тушиб унинг қўлига уриб юбориши натижасида профилактика инспекторининг қўлида бўлган телефон аппарати ерга тушиб кетиб шикастланган. Вилоят ИИБ ЙҲХБ инспектори, сафдор Ҳусанбой Зиёвиддинов ҳуқуқбузарни тинчлантирмоқчи бўлганида у  ходимнинг погони ва хизмат кўкрак нишонини юлиб олиб, бошқа томонга улоқтириб юборган”, дейди ИИВ ахборот хизмати вакили Сайфиддин Тўрахўжаев.

Маълум қилинишича, ушбу ҳолат бўйича 2020 йил 16 апрель куни Наманган шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

 

Мавзуга оид