Жаҳон | 19:42 / 17.04.2020
63481
3 дақиқада ўқилади

Тожикистонда президентнинг ўғли Миллий мажлис раисига айланди

Рустам Имомали бир вақтда бир неча лавозимни эгаллайди – Душанбе мэри, пойтахт мажлиси депутати, Тожикистон футбол федерацияси раҳбари ва эндиликда парламентнинг юқори палатаси спикери - президентдан кейинги иккинчи одам ҳисобланади.

Фото: Тожикистон президенти матбуот хизмати

Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг ўғли Рустам Имомали мамлакат Миллий мажлиси раиси этиб сайланди.

Asia-Plus нашри хабар беришича, Миллий мажлиснинг олтинчи чақириғи биринчи йиғилишида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Рустам Имомалини Миллий мажлис раиси бўлгани билан табриклаган.

Сессия ишини юқори палата аъзоси Низом Қосим очиб берган ва айнан у Рустам Имомали номзодини спикер лавозимига таклиф қилган. Миллий мажлиснинг барча аъзолари ушбу таклифни қўллаб-қувватлашган.

Сўғд вилояти раҳбари Ахмадзода Ражаббой раиснинг биринчи ўринбосари, Тоғли Бадахшон автоном ҳудуди раҳбари Ёдгор Файзов эса раис ўринбосари этиб сайланган.

Тожикистон парламентининг юқори палатаси ҳисобланган Миллий мажлис 33 аъзодан иборат бўлиб, улардан 25 нафари вилоятлардаги халқ депутатлари кенгашларининг йиғилишларида сайланса, қолган 8 нафари президент томонидан тайинланади.

Рустам Имомали Миллий мажлис раиси лавозимида 2000 йилдан буён шу лавозимда фаолият кўрсатиб келган Маҳмадсаид Убайдулллоев ўрнини эгаллади.

Рустам Имомали 1987 йилда туғилган, Тожикистон миллий университетини халқаро иқтисодий муносабатлар мутахассислиги бўйича битирган, РФ ТИВ қошидаги дипломатик академия курслари тингловчиси ҳисобланади.

У инвестиция ва давлат мулклари бўйича қўмитада ишлаган, Тожикистон ёшлар иттифоқи раиси ўринбосари бўлган. «Истиқлол» футбол клуби таъсисчиларидан бири ҳисобланади, айни дамда Тожикистон футбол федерациясига ҳам президентлик қилади.

Рустам Имомали 2017 йилнинг 12 январида Душанбе шаҳри мэри этиб тайинланганди. Ўшанда ҳам у 1996 йилдан буён пойтахтга раҳбарлик қилиб келган Маҳмадсаид Убайдулллоев ўрнини эгаллаганди.

Ундан аввалроқ коррупция билан кураш ва давлат молия назорати агентлигини бошқарган. У МДҲ ҳудудидаги энг ёш генерал ҳисобланади.

27 март куни бўлиб ўтган Миллий мажлис учун сайловларда Рустам Эмомали ҳам сенаторликка сайланганди.

  • Тожикистон конституциясига кўра, президент истеъфога чиқса, лаёқатсиз деб топилса ёки вафот этса, янги президент сайланиб, ўз лавозимини бажаришга киришгунча президент ваколатлари олий палата спикерига ўтади.

Мавзуга оид