Ўзбекистонда қидирувда бўлган шахсдан 1 млн доллар ундирмоқчи бўлган россиялик офицерлар қўлга олинди
Россиянинг ҳуқуқ-тартибот идораларининг юқори лавозимли икки нафар ходими Ўзбекистонда қидирувда бўлган шахсдан 1 млн доллар ундирмоқчи бўлганида қўлга олинди.
«Коммерсантъ» хабарига кўра, полиция подполковниги Альберт Кудряшов ва ИИБ майори Андрей Гайтов Ўзбекистонда туғилган шахсдан 1 млн доллар талаб қилишган. Кейинчалик бу қиймат 13 млн рублга туширилган. Офицерлар ўзбекистонликни экстремистларга алоқадорликда гумон қилишгани ва уларга пул эмас, балки унинг алоқалари ҳақида маълумот керак бўлганини таъкидлашмоқда.
Подполковник Кудряшов ва майор Гайтовга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 163-моддаси 3-қисми (уюшган гуруҳ таркибида товламачилик қилиш) бўйича жиноят иши очилган. Бунга Ўзбекистонда туғилган тадбиркор Ашраф Айсеновнинг аризаси асос бўлган. У полициячиларнинг жиноий жавобгарликка тортилмасликни ва ҳимоя остида бўлишни ваъда қилишаётгани, бунинг эвазига 13 млн рубль сўрашаётгани ҳақида ёзиб берган.
Терговчилар талқинига кўра, 7 март куни Кудряшов ва Гайтов расман ишсиз бўлган Ашраф Айсеновнинг Петровское қишлоғидаги уйига бориб, ундан 1 млн доллар талаб қилишган. Акс ҳолда унга қарши жиноят иши очиб, Ўзбекистонга бериб юбориш билан таҳдид қилишган. Офицерлар хизмат имкониятидан фойдаланиб, аввал Жасур Жалилов исми-шарифида бўлган Айсеновнинг 1,5 млн долларни талон-торож қилгани учун Ўзбекистонда қидирувда эканини аниқлашган. 2015 йилда Жалилов Россияга Ашраф Бурхонов паспорти билан борган. Кейинчалик, хотинининг фамилиясини олиб, Айсенов бўлган. Сўнгра у билан ажрашган.
Айсенов офицерларнинг талабига рози бўлган. Аммо тўланадиган қиймат бўйича савдолашиб, уни 13 млн рублга пасайтирган. Офицерлар пулни олиш учун келганида Истра шаҳри полицияси томонидан қўлга олинган.
Айни пайтда жиноят иши Россия Тергов қўмитасининг ҳарбий тергов бошқармасига ўтказилган.
Офицерларни 2 ойга ҳибсга олиш масаласини кўриб чиққан Истра шаҳар судида улар ўз айбини инкор қилишган ва Айсеновни экстремистларга алоқадорлигини аниқлаш мақсадида, Ўзбекистонга бериб юбориш билан қўрқитишганини айтишган. Бироқ суд уларнинг баҳоналарига ишонмай, 2 ой ҳибсда қолдириш ҳақида қарор чиқарган.
Мавзуга оид
19:21
FT: Россия юзлаб яманликларни Украинага қарши урушга ёллади. Улар шартнома имзолашга мажбурланмоқда
15:06
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди — Reuters
00:35
«Европадаги исталган нишонни йўқ қила олади» – Путин «Орешник» яратувчилари билан учрашди
23:13 / 23.11.2024