Жаҳон | 10:37 / 19.04.2020
41756
11 дақиқада ўқилади

Коронавирус: Германия муваффақиятини изоҳлайдиган уч омил

«Испанка» гриппидан сўнг орадан тахминан 100 йил ўтгач, дунё янги бир эпидемияга қарши курашишга мажбур бўлмоқда. Covid-19 келтириб чиқарган инқироз бугун глобал тизимнинг қанчалар фарқли ва ноодатий таҳдидлар билан юзма-юз келаётганини кўрсатмоқда. Кўзга кўринмас тождор вирус нафақат соғлиқни сақлаш тизимига, балки сиёсат, иқтисодиёт, логистика ва туризмга ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Афтидан, у тиббий муолажа ва вакцина бўйича ўтказилаётган тадқиқотлар ижобий натижа билан якунлангунга қадар – камида 1-1,5 йил давомида ҳаётимиздаги муҳим масала бўлиб қоладиган кўринади.

Фото: EPA/UPG

Уч омилнинг ҳал қилувчи аҳамияти

Covid-19 Германияда биринчи ҳолат аниқланган 27 январдан бери мамлакат ҳаётига жиддий таъсир ўтказиб келмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, Германия вирус билан касалланишлар сони 144 мингга яқинлашган ва бу борада мамлакат АҚШ, Испания, Италия ва Франциядан кейинги бешинчидир. Шу вақтгача ушбу давлатда 4538 киши вирусдан вафот этган ва бу ўлим даражаси бўйича нисбатан яхши ҳолатдир.

Ҳукумат томонидан март ойида қабул қилинган қарорга асосан, мактаб ва университетлар ҳамда кўплаб идоралар фаолияти вақтинча тўхтатилган. Шунингдек, кўчада иккидан ортиқ одам ёнма-ён туриши тақиқланди. Сўнгги пайтларда Covid-19 вирусига чалинганлар сони камайиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда, 15 апрелдан эътиборан мактаб биртирувчиларининг ўқишни бошлашига, идоралар босқичма-босқич очилиши ҳақида қарор қабул қилинди.

Германияда вирусга чалиниш ҳолати кўп бўлса-да, ўлим кўрсаткичи дунёдаги энг кам миқдорни, яъни 2,7 фоизни ташкил қилмоқда. Мазкур кўрсаткич кўпчилик томонидан муваффақиятли дея баҳоланяпти. Таққослаш учун, Францияда вирусга чалинганларнинг 15 фоизи, Англия ва Италияда 13 фоизи, Испанияда 10 фоизи вафот этди. АҚШда эса ўлим даражаси 4 фоизга кўтарилди.

  • АҚШда 739 мингга яқин ҳолатга 39 мингдан ортиқ ўлим, Испанияда 194 мингдан ортиқ ҳолатга қарийб 21 минг ўлим, Италияда 176 мингга яқин ҳолатга 23 мингдан ортиқ ўлим, Францияда эса 151 мингдан ортиқ ҳолатга 19 мингдан ортиқ ўлим. Зарарланиш ҳолатлари бўйича Германиядан кейинги ўринда турган Буюк Британияда 114 минг ҳолатга 15 мингга яқин ўлим қайд этилган. Зарарланиш ҳолатлари сони бўйича ўнликка кирган Хитой, Эрон ва Бельгияда ҳам Германиядагидан кўпроқ қурбон берилган.

Айниқса, соғлиқни сақлаш тизимидаги нуқсон ва етишмовчиликлар Италия ва Испанияда яққол кўзга ташланиб қолди. Ҳатто Франция ва Италиядаги оғир аҳволдаги беморларнинг бир қисми Германиядаги шифохоналарга ётқизилди.

Германиянинг эпидемияга қарши курашдаги муваффақиятини уч омил билан изоҳлаш мумкин: институциявий тузилма, сиёсий тизим ва етакчилик.

1. Институциявий тузилма

Германия – императорлик замонларидаёқ дунёда биринчи бўлиб тиббий суғурта тизимини жорий этган мамлакатдир. 1883 йил Отто фон Бисмарк раҳбарлиги даврида жорий этилган тиббий суғурта ижтимоий таъминот билан бир қаторда ижтимоий фаровон давлатнинг асосини ҳам яратди. Қолаверса, ўша даврдаги оғир меҳнат шароитларининг таъсирини камайтиришга замин ҳозирлади. Ушбу ташаббуслар орқали Германия ХIХ асрнинг сўнгги 20 йилида дунёдаги энг яхши ижтимоий фаровон давлатлардан бирига айланди.

Тарихдан мерос ижтимоий давлат тушунчаси гарчи баъзи соҳаларда чекланган бўлсада, бугунги кунда у Германияда мавжуд. Ҳар бир инсоннинг маълум бир турмуш даражасига эга бўлиши, эҳтиёжманд фуқароларга давлат томонидан ёрдам берилиши ва даромадларни тақсимлашда унчалик катта фарқ йўқлиги ҳамон давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Бугунги кунда Германия аҳолисининг 99,9 фоизи, яъни деярли барчаси тиббий суғуртага эга. Бу шуни англатадики, муҳтож бўлган деярли ҳар бир инсон тиббий хизматдан фойдалана олиши мумкин.

Бундан ташқари, тиббий суғуртага эга бўлганларнинг 87 фоизи давлатнинг ижтимоий муҳофаза тизимидан фойдаланади. Германия фуқароларининг атиги 11 фоизи хусусий тиббий суғуртага эга. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, мамлакатда тиббий суғурта қонуний мажбурият бўлиб, давлат бюджетнинг 11 фоизи соғлиқни сақлаш тизимига сарфланади. Қолаверса, ушбу тизимга оид харажатларнинг 84,5 фоизи давлат бюджети ҳисобидан қопланади.

Расмий статистик маълумотларига кўра, Европа Иттифоқида жон бошига сарфланадиган соғлиқни сақлаш харажатлари энг юқори бўлган мамлакат ҳам Германиядир. Шунингдек, ушбу давлат ҳар бир фуқаронинг соғлиги учун йилига ўртача 4300 евро сарфлайди. Шу сабабли, Германия соғлиқни сақлаш тизими глобал эпидемияга қарши курашишда дунёнинг бошқа мамлакатларига нисбатан катта устунликка эга. Шу ўринда бир қиёс: АҚШда 27,5 миллион киши, яъни аҳолининг 8,5 фоизи тиббий суғуртага эга эмас.

Германиянинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги кўп йиллик институциявий инфратузилмаси ва кучли бюджет системаси эпидемия ҳали Германияга кириб келмасиданоқ Covid-19 тестини такомиллаштиришга имкон берди. Январь ойи ўрталарида Германияда ҳали вирус билан боғлиқ ҳолат қайд этилмаган бўлса-да, Берлиндаги Чарите шифохонаси тестни такомиллаштириш вазифасини муваффақият билан уддалади. Олмон институциявий тизимининг бир қисми бўлган режалаштириш ва тартиб-интизом ҳам ушбу инқирозда муҳим рол ўйнади. Яъни эпидемия эртами-кечми Германияга кириб келишини билган Берлин маъмурияти зарурий тайёргарликни олдиндан амалга оширди. Бу ҳолат ўз навбатида Германияга ЖССТнинг иложи борича кўпроқ тест ўтказиш бўйича берган тавсиясига амал қилишга имкон берди. Ҳафтасига тахминан 350 минг кишини текширувдан ўтказиш орқали расмийлар касалликнинг дастлабки босқичида ташхис қўйиш ва бемор билан алоқада бўлган одамларни аниқлаш имконига эга бўлишди.

Институциявий тузилманинг муҳим қисми, шубҳасиз, иқтисодий инфратузилма ҳисобланади. Европадаги энг катта, дунё бўйича эса тўртинчи йирик иқтисодиётга эга бўлган Германия инқироз оқибатларини юмшатиш учун маҳаллий ва федерал даражада ёрдам пакетларини эълон қилди. Давлат бюджети ўтган йили рекорд даражадаги профицитни эълон қилди. Бу эса Covid-19’га қарши курашиш учун 1 триллион 137 миллиард евро ажратилишига имкон берди. Бундан ташқари, маҳаллий даражада турли ёрдамлар тақдим этилди. Масалан, Берлин маҳаллий ҳокимияти ўз харажатларини қоплай олмайдиган тадбиркорларнинг ҳар бирига 5 минг евродан берди.

Ҳукумат соғлиқни сақлаш соҳасидаги илмий муассасалар билан яқин ҳамкорликни давом эттириб келмоқда. Зотан, 1891 йилда ташкил этилган ва 129 йиллик тажрибага эга бўлган, дунёдаги энг қадимги тиббиёт муассасаларидан бири – Роберт Кох институти тадқиқотлари ҳукумат учун дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда.

2. Сиёсий тизим

Институциявий тузилишдан ташқари Германиянинг яна бир афзаллиги унинг сиёсий тизимидир. Асосий меъёрлар ва қадриятлар масаласида бош сиёсий партиялар ўртасидаги консенсусга асосланган Германия сиёсий тизими бир пайтнинг ўзида назорат ва мувозанат механизмларини бошқара олади. Иккинчи жаҳон урушидан кейин ташкил этилган сайлов тизими туфайли мамлакат 1949 йилдан бери коалиция ҳукуматлари томонидан бошқариб келинмоқда. Шундай қилиб, турли сиёсий партияларнинг ҳукумат ичида бир-бирини назорат қилиши таъминланган.

Ҳозирда Берлинда ҳукм сураётган федерал ҳукумат христиан демократлар ва социал-демократларнинг коалициявий шериклигидан ташкил топган. Христиан Демократик Иттифоқи (СDU) / Христиан Ижтимоий Бирлиги (СSU) ва Германия Социал Демократик Партияси (SPD) томонидан 2017 йилги сайловлардан кейин ташкил этилган коалициявий ҳукумат сайловчиларнинг 53,5 фоизлик қўллаб-қувватлови билан ҳокимият тепасига келган. Шунинг учун ҳам ҳукуматнинг риторикаси ва хатти-ҳаракатлари жамоатчиликнинг турли қатламларида ишонч ҳиссини уйғотмоқда.

Канцлер Ангела Меркельнинг СDU’га, президент Франк-Вальтер Штайнмайернинг эса SPD’га мансублиги эса давлатнинг энг юқори қисмида ҳам мувозанат яратилганини ифода этади.

3. Сиёсий етакчилик

Ангела Меркель (Фото: Bernd von Jutrczenka / Reuters)

Учинчи элемент - бу сиёсий етакчиликдир. Германия канцлери Ангела Меркель нафақат 2010 йилдаги иқтисодий инқирозда, балки 2015 йилдаги қочқинлар муаммоси ва ҳозирги Covid-19 эпидемияси даврида ҳам давлат лидерлиги билангина кифояланиб қолгани йўқ. У айни пайтда ЕИ доирасида қабул қилинган муҳим қарорларда ҳам ҳал қилувчи рол ўйнамоқда. Меркель популистик сиёсат глобал миқёсда авж олаётган бир пайтда популизмга путур етказмай нафақат немис халқини, балки Европа аҳолисини ҳам бирдамликка чақирувчи фигурага айланди. Сиёсий карьерасининг сўнгги босқичида у вирус туфайли бирор мамлакат ёки одамни четга сурмади, фитна назарияларига мурожаат қилмади.

Баъзи халқаро газеталарда чоп этилган мақолаларда Covid-19’га қарши курашда насбатан муваффақиятли бўлган Германия, Тайван, Янги Зеландия ва Финляндия каби мамлакатларнинг аёл раҳбарлар томонидан бошқарилаётганига урғу берилмоқда. Бу ердаги энг муҳим омил гендер тенглиги соҳасида ютуққа эришган мамлакатларнинг эпидемияга қарши курашда ҳам олға илдамлаётганидир.

Яна бир илова эса Германиянинг танқид маданияти билан боғлиқ. New York Times’дан BBC’гача бўлган бир қатор нуфузли оммавий ахборот воситаларида Германиянинг эпидемияга қарши курашдаги муваффақияти васф қилинаётган бир пайтда олмон расмий ахборот агентлиги Deutsche Welle бу борада йўл қўйилган камчиликлар хусусида 8 апрель куни «Германиянинг эпидемияга қарши кураши: уйдирма ва фактлар» сарлавҳали мақола нашр этди.

Дарҳақиқат, биз институциявий тузилма, сиёсий тизим ва етакчилик деб хулоса қилган учта элемент Берлиннинг Covid-19’га қарши курашида муҳим рол ўйнамоқда. Шу ўринда, мамлакат бир қатор қийинчиликларга дуч келаётганини ҳам айтиб ўтиш жоиз.

Биринчидан, илк касалликка чалиниш ҳолати қайд этилганидан бери Германияда ҳам ўлим даражаси ошди. Дастлаб ўлим даражаси 0,4 фоизни ташкил этган бўлса, кейинчалик 1,6 фоиздан 2,7 фоизгача кўтарилди. Вирусга чалиниш ҳолатлар сони ўсиши секинлашганига қарамай, келгусида ўлим даражаси яна ортадими ёки йўқ – бу ҳам бир масала.

Иккинчидан, қишлоқ ҳудудларидаги шифохоналарнинг моддий-техник базаси ва тиббиёт ходимларининг сони шаҳар марказлари билан бир хил даражада эмас.

Яна бир муаммо Covid-19 инқирозининг келгусида ксенофобияга қандай таъсир қилиши билан боғлиқ. Келгуси йил Германияда федерал сайловлар ўтказилишини ҳисобга олсак, инқирознинг сайловчилар қарорига қандай таъсир қилишини англаш қийин кечмайди. 2015 йилдан бери қочқинларга тоқат қила олмай келаётган ўта ўнг гуруҳларнинг мавжудлиги ҳам жиддий муаммо ҳисобланади.

Хулоса ўрнида

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Германиянинг коронавирусга қарши курашда нисбатан муваффақиятли одим отаётгани гарчи кенг эътироф этилаётган бўлса-да, мазкур давлатнинг олдида ҳам ечимини кутаётган бир қатор муаммолар мавжуд. Шуни унутмаслик лозим: Германиянинг сиёсий иродаси нафақат мамлакатга, балки Европа Иттифоқига ҳам ўз таъсирини ўтказади.

Отабек Тиллаев тайёрлади