Сел хавфида яшаётган қишлоқ. Ҳимоя зонаси қурилиб, муаммонинг олди олиниши мумкин
Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги Кофрун қишлоғи «Кўлқамиш» маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Хонгаронсой йилдан йилга қўрқинчли тус олмоқда. Ёғингарчилик мавсумида асосий сел йўлига айланадиган сойнинг ўзани ўзгариб, аҳоли яшаш жойларига хавф соляпти.
Маҳаллий аҳоли вакиллари ҳар йили суғориладиган ерларнинг катта қисмини сел ювиб кетаётганини айтмоқда. Натижада унумдор экин майдонлари фойдаланишга яроқсиз ерларга айланмоқда. Селни тўсиш учун сой ўзанида барпо этилган ҳимоя-тўсиқлар ҳеч қандай иш бермаяпти.
«Бундан икки-уч йил олдин сойнинг эни 50 метрни ташкил қиларди. Тинимсиз сел келиши туфайли ҳозирга келиб сойнинг эни 150 метргача кенгайиб кетди. Сув сой бўйидаги ҳамма нарсани ювиб бораётир. Одамларнинг уйларига ҳам хавф солмоқда. Сой бўйидаги бир неча оиланинг уйи сув остида қолиш арафасида турибди. Сел одамларнинг экин майдонлари, томорқаларини ҳам ювиб кетяпти.
Яқинда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Бойсун туман бўлими вакиллари келиб ҳолатни ўрганиб кетишди. Уйини сув ювиб кетиш арафасида турган хонадон эгаларига бу ердан кўчиш кераклигини айтишган. Одамлар кўчишга имконияти бўлмагани сабабли ҳаётлари хавф остида қолаётган бўлса-да, улар ҳалигача уйларида яшаб юришибди.
Ҳукуматимиздан сой бўйидаги аҳоли уйларини асраб қолишни, сел хавфини бартараф этиш учун канал қуриб берилишини илтимос қиламиз», дейди кўлқамишлик Эсон бобо Тўраев.
Шу қишлоқда яшовчилардан яна бири муаммони олиш учун икки километрлик ҳимоя зонаси барпо этилиши кераклигини айтади.
«Сел оқибатида сой кенгайиб кетгани учун қишлоқ аҳолиси туман марказидан узилиб қолган. Баҳор-ёз пайтида дарада сув кўп бўлади. Сойнинг бошқа қишлоқлардан ўтган қисмидаги қирғоқлари анча мустаҳкам, «Кўлқамиш» маҳалласи ҳудудидан ўтган сойнинг қирғоқлари ювилиб кетаётгани учун яшаш жуда хавфли бўлиб бормоқда. Икки километрлик ҳимоя зонаси қуриб берилса, муаммонинг олди олинган бўларди», дейди Тожимурод Худойшукуров.
Шу қишлоқлик Нуриддин Амиров эса сой ўзанида сув омбори қурилаётгани, лекин у ёғингарчилик кучайган маҳалда сувни тутиб тура олмаслигини билдирди.
«Йиллар давомида баҳор ва ёз ойлари сойга кучли сел келиши оқибатида сой ўзанини кенгайтирган ва тарихий ўзанини ўзгартирган. Бунинг оқибатида ўртача 25-30 гектар суғориладиган унумдор экин майдонларини сел ювиб кетган ва фойдаланишга яроқсиз ерларга айлантирган.
Айни пайтда Хонгаронсой ўзанида сел сувларини тўплаш учун сув омбори қурилмоқда. Бироқ ушбу сув омбори ёғинчарчилик кучайган вақтларда селни тутиб қола олмаяпти. Аксинча, сув омборида тўпланган сув сел оқимини кучайтириб юбормоқда. Бунинг оқибатида вазият борган сари хавфли тус олаётир. Бу ҳолат бундан кейин ҳам давом этишидан хавотирдамиз», дейди Нуриддин Амиров.
Хонгаронсойнинг икки қирғоғида жами 30та хўжалик яшайди. Сел мавсумида сой бўйида яшайдиган одамлар юрагини ҳовучлаб ўтиришади. Сойдан оқиб келувчи сел тобора аҳоли яшаб турган уйлар томон яқинлашиб келмоқда.
Агар мазкур масалага Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Сурхондарё вилоят ҳокимлиги томонидан жиддий эътибор қаратилиб, муаммонинг олди олинмаса, тез орада сой бўйидаги уйларни ҳам сел олиб кетиши мумкин.
Жамшид Ниёзов
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
18:05 / 15.11.2024
Портлашдан 2 ой ўтиб: Конда йирик ёнғин, бадбўй ҳид камайган, аммо аҳоли ҳамон сарсон
20:46 / 07.11.2024
Президент 10 та сел сув омбори қуриш ишларини бошлашни буюрди
20:17 / 29.10.2024
“Одамлар қийналишяпти” – бойсунликлар ҳукуматдан амалий ёрдам кутмоқда
17:46 / 19.10.2024