Иқтисодиёт | 17:58 / 22.04.2020
19048
8 дақиқада ўқилади

Иқтисодчи: Кичик ва ўрта бизнес корхоналари ёрдамга муҳтож. Марказий банк «инфляцияни жиловлаш» сиёсатини тўхтатиб туриши керак эмасми?

Davletov.uz канали муаллифи Қобил Хидиров Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуратов билан ўтказган суҳбатни мароқ билан томоша қилдим. Интервьюни тайёрлаш ва ўтказишга жуда профессионал жиҳатдан ёндашилган. Интервюда берилган барча саволлар турли форумларда иқтисодчилар кўтарган қизғин ва долзарб мавзуларни қамраб олган, саволлар иерархияси тўғри танланган ва мулоқот жуда жонли бўлган.

Ўз навбатида, Марказий банк раиси Мамаризо Бердимуратовичга ҳам алоҳида раҳмат, чунки у киши бошқалардан фарқли ўлароқ, иқтисодий сиёсатдаги ўз фикрлари ва тутган сиёсатини очиқроқ бўлишган.

Ана шу суҳбат давомида кўтарилган мавзулар юзасидан иқтисодчи ва тадбиркор сифатида бир қатор фикрлар юзага келди.

Марказий банкнинг рўй бераётган ҳодисалар кўлами, мамлакат иқтисодиётига бўлаётган оғир таъсирини кўра била туриб, 2018 йилда эълон қилган «инфляцияни жиловлаш» олий мақсадидан қайтиш нияти йўқ. Боз устига, коронавирус Марказий банк раисининг таъбири билан айтганда, «не было бы счастья, да несчастье помогло» («бахтсизлик бўлмаганда, бу бахт бўлмасди») қабилидаги омил бўлиб, ўйланган режалардан кўпроқ инфляция даражаси тушишига олиб келди.

Инфляцияни жиловлаш учун Марказий банк турли йўллар билан тижорат банкларининг мамлакат тараққиёти учун ўта муҳим бўлган инвестицион лойиҳаларни кредитлаш қобилиятини чекламоқда:

  1. Тижорат банкларининг 20 трлн сўмга яқин миқдорда корхона ва хусусий шахсларнинг банклардан олган кредитлари тўлов муддатлари ортга сурилган. Бошқача қилиб айтганда, банкларнинг ана шу миқдордаги одатий ресурслари камида 6 ой давомида айланмада бўлмайди ва пул бозорида умумий инвестицион маблағларнинг ресурслари бўлиб хизмат қила олмайди;
  2. Банкларнинг ортиқча маблағларини Марказий банкка кўпроқ жалб қилиш учун тижорат банкларидан «overnight» ва 7-14 кунлик депозитлар 14-15 фоиз устама тўлов ҳисобига депозитларга жалб қилинмоқда. Демак, тижорат банклари кредит бермасалар ҳам депозитлар орқали қўшимча даромадлар олиши мумкин. Лекин тўланаётган 14-15 фоиз устама Марказий банкнинг қайси даромадлари ҳисобидан бўляпти?
  3. Тижорат банкларининг резерв талабларини қайта кўриб чиқиш ҳисобига яна қўшимча 2,6 трлн сўм «ликвидлик даражасини ошириш» қиёми асосида пул айланмасидан бутунлай четга чиқарилган;
  4. Бундан ташқари, банкларнинг ўз ички ресурслари бўлган 30 трлн сўмга яқин маблағлар Марказий банк тавсиялари асосида корхоналарга фақат айланма маблағлар тарзида турли револьвер кредитлар беришга қаратилиши белгилаб қўйилган. Яъни банклар ўзларининг ички ресурсларини ҳам турли инвестицион лойиҳаларни молиялаштиришга қарата олмайди.

Агар Ўзбекистон бўйича 2020 йил 1 март ҳолати бўйича айланмадаги умумий пул миқдори (агрегат М1) 40 трлн сўмдан сал ортиқ бўлганини инобатга олсак, кўриниб турибдики, тижорат банкларида инвестицион лойиҳаларни, яъни 3-4 йил давомида халқ хўжалигида тубдан сифат ўзгаришларини таъминлайдиган бирор ортиқча ресурс йўқ!

Табиий савол шуки: наҳотки, бу пулларни реал иқтисодиётга кредит беришга сарфлаш бугунги кунда инфляцияни жиловлаш масаласидан долзарброқ масала эмас?

Марказий банк маълумотларига кўра, банклар жами активларининг 55 фоизини ташкил этган умумий ҳажми 20 трлн сўмга тенг бўлган кредитлар қайта реструктуризация қилинган. Бу асосан кичик ва ўрта бизнес корхоналари, қайсики бугунги шароитда фаолияти тўхтаб, бутунлай даромадсиз қолган ва қайта тикланиш учун молиявий ёрдамга муҳтож корхоналар. Уларнинг баъзилари учун айланма маблағлар зарур бўлса, бошқалари учун инвестицион маблағлар ҳаводек зарур.

Иккинчи масала, «миқдорий юмшатишлар» ёки стимуллар масаласи. Яъни давлат томонидан катта-катта инвестицион маблағларни иқтисодиётнинг турли жабҳаларига сарфлаш ҳақида. Марказий банк раисининг фикрича, катта миқдордаги инвестицион маблағлар, албатта, мамлакат миқдорида талаб ўсиши ва ишлаб чиқариш жонланишига олиб келиши керак. Лекин, таклиф танқислиги бўлган шароитда ортиқча талаб (инвестицион пуллар) инфляция зўрайишига олиб келади.

Менимча, айнан шу борада, Марказий банк сиёсатида фундаментал камчилик бор: бугунги кунда талаб - бу фақат Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар эмас, балки кўпроқ хориждан олиб келинадиган асбоб-ускуналар ва ашёлардир. Агар 2019 йилги корхоналар импорти структурасига қарайдиган бўлсак, 70 фоизга яқин маблағлар айнан шу асбоб-ускуналар ва хом ашё сотиб олишга, бошқача сўзлар билан айтганда - ишлаб чиқаришни қайта қуроллантириш ва меҳнат унумдорлигини, капитал унумдорлигини оширишга қаратилган.

Наҳотки, шу нарса Марказий банк учун аён бўлмаса? Ахир Тошкент шаҳрида олиб борилаётган ҳар қандай қурилиш объектларига назар ташласангиз, у ерда 1та кран ва 1-2та цемент ташувчи машиналар (улар ҳам ижарага олинган) бор, холос. Бошқа ҳеч қандай техника йўқ. Қолган ишлар ишчиларнинг қўл кучи асосида қилинади.

Мен, албатта, иқтисодчи ва тадбиркор сифатида Марказий банк юритаётган инфляцияни жиловлаш сиёсатига бутунлай қарши эмасман. Лекин кундалик ҳаётимизда катта ўзгаришлар юз берди ва воқелик биздан иложи борича ишлаб чиқаришни тиклаш ва уни ривожланишига туртки беришни талаб қилади.

Марказий банкнинг инфляцияни жиловлаш тадбирлари эса иқтисодиёт оёғига тушов бўлиб қолмоқда.

Гап бугунги шароитдан келиб чиқиб, нима вазифалар биз учун биринчи даражали деган савол кўндаланг турганидадир.

Яна бир муҳим масала: марказлаштирилган инвестициялар бугунги кунга қадар давлат корхоналари билан бевосита кооперацияси бўлмаган кичик ва ўрта бизнес учун умуман локомотив бўла олмади. Бу шароитда фақат банк кредитлари, лизинг ташкилотларининг маблағларигина хусусий секторга ёрдамга келиши мумкин. Бизда эса Марказий банк бу сиёсатнинг тескарисини юритяпти. Натижада, давлат корхоналари ва давлат фондларини ўзлаштиришга имкони бўлган корхоналар «гуллаб», қолган бизнес структуралари хонавайрон бўлиб бормоқда.

Амалдаги ҳолат бошқа иқтисодий вазирлик ва идораларда яхлит бир иқтисодий дастур ва аниқ ориентир кўрсаткичлар йўқлиги оқибати эканини ҳам тушуниб турибмиз.

Шу ўйлар туфайли «иқтисодиётда таклифнинг ўзи йўқ, шунинг учун «миқдорий юмшатиш» сиёсати инфляцияни кучайтиради», «биз кредитлар миқдорини ўтган йилдаги абсолют миқдоридан оширмаймиз», «коронавирус туфайли инфляция даражаси биз мўлжаллагандан ҳам пастга тушди, инфляция даражасини шундай ушлаб қоламиз», деган фикрлар асосида иқтисодиётни ички инвестициялар ҳисобидан ривожланишига қарши туриш сиёсатига қатъиян қўшила олмаймиз.

Замон кўпчилик фикрини эшитиб, кўпчиликнинг манфаатини кўзлайдиган иқтисодий сиёсат юритишга чорлайди.

Бизнинг олдимизда эса энг асосий масала инқирозга учраган иқтисодни тиклашнинг барча самарали усулларини қўллаш ва бунинг учун ресурсларни аямасликни тақозо қилади.

Абдулла Абдукадиров

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламайди

Мавзуга оид