Жамият | 14:25 / 23.04.2020
7229
4 дақиқада ўқилади

Ишсиз ёшлар Президент Халқ қабулхоналари эътибори марказида

Президент Халқ қабулхоналари бошчилигида жойларда сектор раҳбарлари ҳамда мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳамкорлигида “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси амалга оширилиб келинмоқда.

Ушбу лойиҳа доирасида 2020 йилнинг 1-чораги натижаларига кўра, республика бўйлаб жами  25 мингдан зиёд гектар ер майдонлари ёшларга ажратилди. Жумладан, 1 277 гектар сабзавот, 1 787 гектар полиз, 10 296 гектар дуккакли экинлар, 7 727 гектар бошоқли дон экинлари ва 391 гектар картошка экиш учун, 3 866 гектар эса боғ яратиш учун ажратиб берилди.

Ёшларга бириктириб қўйилган кооперация ва кластер ёрдамида ерлар шудгор қилинган ҳолда жами 4 минг гектарга яқин майдонга сабзавот, полиз, дуккакли экинлар, бошоқли дон экинлари ва картошка уруғлари қадалди, 335 минг туп мевали ва 135 минг туп манзарали дарахтлар экилди.

Мисол учун, бугунги кунда Хоразм вилоятида 39 мингга яқин ишсиз ёшлар бор. Манзилли режага кўра йил оҳиригача уларнинг 29 минг нафари, яъни 74,5 фоизининг бандлиги таъминланиши назарда тутилган.  

Ёки Андижон вилоятини олсак. Мазкур лойиҳа асосида 2 мингга яқин ёшларнинг ҳар бирига ўртача 21 сотихдан жами 400 гектар экин ер майдони ажратилиб берилди. Ҳозирда жойларда иссиқхоналар ташкил этилиб, барча ерларга турли хил сабзавот экинлари, мевали ва манзарали дарахтлар экилиб, парвариш қилинмоқда. Яқин кунларда экинлар ҳосилга киради.

Навоий вилоятида “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси доирасида ёшлар учун 840 гектардан зиёд бўш ётган ер майдонлари ажратиб берилди. Уларни суғориш учун 11 та янги қудуқ қазилди, яна 150 дан зиёд қудуқ бўйича қазиш ишлар олиб борилмоқда. 20 километрга яқин ариқлар қазилди. Бугунга қадар ўзлаштирилган 400 гектар яқин ҳудудга уруғ ва ниҳоллар экилди. Жумладан, 12 гектарга - сабзавот, 78 гектарга - полиз, 113 гектарга – дуккакли ва картошка уруғлари қадалди, 119 гектарга эса мевали ва манзарали дарахтлар экилди.   

Қорақалпоғистон Республикасида ҳам “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси доирасида эътирофга лойиқ ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, лойиҳа бўйича қишлоқ хўжалиги соҳасига ихтисослашган “Мўйноқ келажаги бунёдкорлари” МЧЖ ташкил қилиниб, ушбу корхонанинг устав фонди 75 та автотранспорт воситалари, қишлоқ хўжалиги техникалари ва механизмлари ҳисобига шакллантирилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши тегишли қарори билан, “Мўйноқ келажаги бунёдкорлари” МЧЖга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун белгиланган тартибда бўш турган ер участкалари ва захира ерлар ҳисобидан Мўйноқ - 5 000 гектар, Қўнғирот 3 000 гектар ва Тахтакўпир 2 002 гектар туманларидан, жами 10 002 гектар ер майдонлари экинлар экиш учун ажратиб берилди. Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикасининг қолган туманларида ҳам ёшларга деҳқончилик билан шуғулланиш учун қарийб 7,8 минг гектар ерлар ажратилган. Ушбу лойиҳа амалга оширилиши натижасида қарийб 1,8 минг нафар ёшнинг бандлиги таъминланади.

Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, республика бўйлаб тижорат банклари томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, жами 5719 та лойиҳа учун 247,6 млрд сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди.  Ҳар бир лойиҳага ўртача 43,3 млн сўмдан тўғри келади.

Мавзуга оид