Олий Мажлис депутатлари наманганлик депутат билан боғлиқ воқеанинг тўлиқ видеосини талаб қилишди. ИИВ бу сўровга жавоб қайтарди
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги парламент депутатларининг наманганлик депутат ва ЙПХ ходимлари ўртасидаги низоли вазиятнинг тўлиқ видеосини талаб қилиб йўллаган сўровига муносабат билдирди.
15 апрель куни халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши депутати ва ИИБ ходимлари ўртасида можаро юзага келганди. Ички ишлар вазирлиги автомашинасини мажбурий суғурта қилишни унутгани учун ички ишлар ходимлари томонидан тўхтатилган халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши депутати профилактика инспекторининг телефонини синдиргани, уни тинчлантирмоқчи бўлган бошқа ходимнинг погони ва хизмат кўкрак нишонини юлиб олгани ҳақида маълум қилганди.
Ички ишлар матбуот хизмати хабари томонидан келтирилган видео сарлавҳасида «босар-тусарини билмаган депутат» ибораси қўлланганди.
Лекин маълум бўлишича, ушбу видеода вазият тўлиқ акс эттирилмаган.
18 апрель куни депутат Расул Кушербаев ИИВнинг ушбу видеоси юзасидан эътирозларини билдириб, 5 дақиқалик видеода камида 13 марта «депутат» сўзи ишлатилгани, ҳуқуқбузарга фуқаро сифатида эмас, депутат сифатида қаралаётганига эътибор қаратиб, киноя билан ИИВ келгусида «босар-тусарини билмайдиган прокурор», «босар-тусарини билмайдиган ҳоким», «босар-тусарини билмайдиган солиқчи», «босар-тусарини билмайдиган милиция» ва «босар-тусарини билмайдиган тадбиркор» ибораларини ҳам ишлатиши мумкинлигини айтиб ўтганди.
19 апрель куни Халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши депутатни ҳимоя қилиб чиқди ва Кенгаш қарори билан Наманган шаҳар прокурорига шаҳар ИИОВ ФМБ-сонли профилактика катта инспектори И.И. Абдурахмонов, ИИБ ЙҲХБ испектори Х.И. Зиёвиддинов ва воқеада иштирок этган бошқа ходимларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ва белгиланган тартибда қонуний чора кўриш вазифаси топширилди.
21 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП аъзоси Дониёр Ғаниев 22 нафар депутатнинг Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга киритган таклифлари баён этилган мурожаатини эълон қилди. Унда ЙПХ инспекторининг хизмат бодикамерасига ёзиб олинган воқеа видеосини тўлиқ шаклда (монтажсиз) жамоатчиликка ошкор қилиниши ҳамда воқеанинг якуний муҳокамаси юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига вазирлик томонидан ахборот берилиши сўралган.
Бугун, 23 апрель куни ИИВ ушбу сўровга жавоб йўллади.
«Мамлакатимизда аҳолининг тинчлик-осойишталигини таъминлаш ва сиҳат-саломатлигини асраш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Бугунги кунда дунёга хавф солиб турган коронавирус касаллигининг юртимизда кенг тарқалишининг олдини олиш ҳамда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш борасида ички ишлар органлари томонидан бошқа мутасадди идоралар билан ўзаро ҳамкорликда қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда аниқланаётган ҳуқуқбузарликларни жамоатчилик эътиборига етказиш орқали профилактикасини таъминлаш ҳам шулар жумласидандир.
Маълумки, жорий йилнинг 15 апрелида карантин муносабати билан вақтинча ташкил этилган Наманган шаҳар «Қизилкўприк» постида содир бўлган ҳолат юзасидан Наманган шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 219-моддаси тегишли қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ишга тааллуқли барча материаллар, шу жумладан, воқеа жойида олинган видеотасвирлар белгиланган тартибда прокуратура органларига тақдим этилган.
Иш якуни бўйича воқеа иштирокчиларини ҳар бирининг хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо берилади ва ўрнатилган тартибда жамоатчиликка етказилади.
Шу билан бирга, оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинадиган хабар ва маълумотларни тайёрлашда вазирлик тизимидаги ахборот ва матбуот хизматлари ходимларининг қонунийлик, холислик ва касб этикаси талабларига риоя қилишлари юзасидан қатъий талаблар белгиланиб, масъул ходимларга тегишли топшириқлар берилди.
Ички ишлар органлари қонунийликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда очиқлик ҳамда шаффофлик принципи асосида иш олиб боради ва албатта бунда жамоатчиликнинг соғлом танқидига таянади.
Халқ вакиллари бўлмиш депутатларимиз томонидан ички ишлар органлари ходимларини жамиятдаги мавқеини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлари ҳам эътиборга моликдир. Ишончимиз комилки, халқимиз манфаатларига хизмат қилиш каби юксак вазифамизни бажаришда доимо бир-биримизга кўмакдош бўламиз», дейилади вазирликнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига йўллаган жавобида.
Мавзуга оид
16:53 / 22.11.2024
Наманганда 4 кишини Британияга ишга юбориш эвазига 12 минг доллар олган шахс ушланди
11:20 / 22.11.2024
“Қани депутатлар, нега қарамаяпти?” — пропан нархидан ҳайдовчилар хавотирда
16:34 / 18.11.2024
“Манзил”: Денгиз сатҳидан 3000 метр баландликдаги кўл – Арашан булоққа саёҳат
22:25 / 12.11.2024