Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Вазият тубдан фарқ қилади». Туркия ва Кореядаги ўзбеклар шароити ҳақида суҳбат
Kun.uz пандемия давридаги иқтисодий инқироз ва ижтимоий вазият ҳақида интервьюларини давом эттиради. Бу галги суҳбатдошларимиз - Kun.uz`нинг Жанубий Кореядаги махсус мухбири Элдор Воҳидов ва Туркия Республикасида анча йиллардан бери иш фаолиятини олиб бораётган тадбиркор Санжар Икромов.
Улар Жанубий Корея ва Туркиянинг пандемиядаги ҳаёти, бу давлатларда бўлиб турган ўзбек мигрантлари, ўзбекистонликларнинг коронавирус тарқалган вазиятда ишсиз ва моддий маблағсиз қолиш эҳтимоли ҳақида маълумот беришади.
– Санжар ака, айни пайтда Туркияда пандемия ҳолати қандай? Асосан, қанақа чекловлар ўрнатилган?
– Туркия ҳозир коронавирусдан зарарланиш кўрсаткичи бўйича 7-ўринда. 90 мингдан ортиқ одам касалланган. Кўрсаткич яқин орада тахминан 95 мингга чиқиши эҳтимоли бор.
Бироқ шундай бўлса-да, кўчага оммавий чиқиш ҳолатлари ҳали чеклангани йўқ. Бу ҳозир кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлмоқда. Фақат аҳолиси 1 миллиондан ошиқ бўлган туманларда дам олиш кунлари 2 кун кўчага чиқиш тақиқланган. Шу ҳафта эса 23-26 апрель учун 4 кунлик тақиқ қўйилди.
Рақамлар ошиб бораётган бўлса-да, иш шароити, жамоат жойларидаги вазият эски ҳолига қайтишни бошлади.
Озиқ-овқат дўконлари, овқатланиш шохобчалари ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Фақат фуқаролар буюртма қилган нарсасини ўзи билан олиб кетиши ёки етказиб бериш хизматидан фойдаланиши мумкин.
Бошида зарурий хизмат кўрсатиш тизими, тиббий муассасалар ишлашига рухсат берилган бўлса, охирги 10 кун ичида мебель дўконлари, маиший хизмат кўрсатиш масканлари ҳам фаолиятини бошлади.
– Жанубий Кореяда вирус анча олдин қайд этилганди. Ҳозир давлатда вазият қандай? Марҳамат, Элдор.
– Жанубий Корея коронавирусдан зарарланиш кўрсаткичи бўйича февралнинг охири, мартнинг бошларида Хитойдан кейинги иккинчи ўринга чиққанди. Ўша пайтда, ҳақиқатан, ваҳима кўтарилгандек бўлди.
Корейс халқи табиатан анча масъулиятли. Шунинг учун юқоридан мажбурлов чоралари қўллангани йўқ, лекин ҳамма ўзи масъулият ҳис қилган ҳолда уйда қолди. Кўчалар ва овқатланиш шохобчалари бўшаб қолди.
Айрим бизнес турлари бу вазиятда фаолиятини юрита олмади, йирик бизнеслар эса тўхтаб қолгани йўқ.
Мартнинг бошидан аҳвол яхшиланиши бошланди. Ва бу ҳолатга «Жанубий Корея пандемиядан яхши вазиятда чиқди», дея баҳо бериш мумкин.
Лекин бошида кўпчилик ваҳимага тушгани, Кореядаги ватандошларимиз ҳам тезроқ Ўзбекистонга қайтишга интилишгани ҳам тўғри. Айни пайтда эса вазият буткул яхши дейишга эрта бўлса-да, бироқ нормал ҳаёт тарзига қайтиляпти.
– Ҳар икки давлатда ҳам иш ёки ўқиш фаолияти билан шуғулланиб келаётган ватандошларимиз бор. Туркияда ва Жанубий Кореяда вирус тарқалиши авж олганда улар ўзларини қандай тутишди?
– Менимча, Жанубий Кореядаги ўзбекларнинг 80-90 фоизи ваҳимага берилгани йўқ, аксинча, асосий қўрқув ижтимоий тармоқларда қайд этилди. Чунки ўз кўзим билан кўрган вирус авж олган Тегу шаҳрида ҳам таълим муассасалари ёпилган, иш фаолияти аввалгидай бўлмаса-да, ҳаёт давом этаётганди.
Ватандошларимиз иккига: Ўзбекистонга қайтишни ва бу ерда қолишни хоҳловчилар гуруҳига бўлинди.
Ватанга, асосан, оилалилар, фарзанд кутаётганлар қайтишни лозим кўришди. Ишчи виза билан келган ёки Жанубий Кореяда ўқиётган ўзбеклар эса кетмасликка қарор қилишганди.
Шунингдек, Жанубий Корея томонидан коронавирусдан зарарланганларни бепул даволаш тартиби жорий этилиши ҳам кўпчиликнинг давлатни тарк этмаслигига сабаб бўлди.
Айни пайтда бу ердаги ўзбеклар аллақачон режаларини тузиб, одатий ҳаёт тарзига қайтишган. Фақат талабалар онлайн таълим олишаётгани учун бу озгина ноқулай бўлиши мумкин.
Ҳозир Ўзбекистонда бўлиб турган Жанубий Корея университети талабалари ҳам масофавий тарзда ўқишларини давом эттирмоқда.
Санжар Икромов:
– Туркия Хитойга нисбатан узоқ бўлгани учун бошда одамлар анча хотиржам бўлишди. Хитой савдо ва ишлаб чиқаришни тўхтатганда дунёда иккинчи ўринда турадиган ишлаб чиқариш зонаси сифатида Туркия вазиятдан унумли фойдаланишни ўйлади. Ва ҳақиқатан, ўша муддат оралиғида Туркияда ишлаб чиқариш ва экспорт кўрсаткичи ошгани қайд этилди.
Шу билан қаторда турли хизмат кўрсатиш, савдо соҳасида, логистика йўналишида ишлаётган ўзбеклар учун қулай вазият бўлди ва умумий ҳолатда ҳамма хотиржам эди.
Туркияда ҳам касаллик биринчи қайд этилган кунда давлатга қисқа муддатга саёҳатга ёки тижорий мақсадда келган фуқароларимиз қайтиб кетишга ҳаракат қила бошлашди. Бугунги кунда суруштирувларга кўра, Ўзбекистонга қайтиш хоҳишида бўлган ҳамма кетиб бўлган.
Ҳозир 2-3 ойдан кейинги ҳаётини аниқ режа қилган одамларни учратганим йўқ. Баъзилар карантин чекловлари тугагач Ўзбекистонга қайтишни хоҳласа, баъзилар иш ва ўқиш фаолиятини шу ерда давом эттириш ниятида. Лекин умумий манзарада мавҳумлик ҳукмрон.
– Туркия ҳам, Жанубий Корея ҳам ўзининг мустаҳкам ишлаб чиқариш тизимига эга. Уларда ишлаб келаётган ўзбеклар даромади пасайиб кетишидан хавотир олишмаяптими?
– Мен билган ўзбекларнинг 60-70 фоизи қайси соҳада ишлашидан қатъий назар ҳозир уйда ўтирибди. Улар қачон ишга чиқиши ва шундай бўлган тақдирда ҳам улар банд бўлган соҳа олдингидай давом этадими деган саволлар пайдо бўлган. Мана шу шароитда кўпчилик меҳнат таътилида ва уйда ўтирган ўзбеклар учун моддий қийинчиликлар ҳам бошланган.
Лекин давлатда касаллик қайд этилиши ҳолатлари 90 мингдан ошган бўлса-да, ҳали ўзининг юқори нуқтасига чиққани йўқ.
Элдор Воҳидов:
– Ҳозир Кореяда карантин эълон қилинмаган, йўллар очиқ, ҳукумат фақат аҳолига ўзини изоляция қилишни тавсия қиляпти. Ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, савдо соҳалари ишламоқда. Маълум сонли аҳоли ўзини изоляция қилаётган бўлса-да, асосий ҳаёт давом этмоқда. Ҳатто айрим етказиб бериш корхоналари ўз даромадини ошириб ҳам олди.
Бу ерда яшаётган ўзбеклар ҳақида тўхталсак, февраль охирларида уларнинг иш ўринларини йўқотиб қўйиш ҳолатлари ҳам учради. Айрим заводлар ва айрим кунлик ишлар вақтинчалик тўхтатилгани бунга сабаб бўлганди. Бу ҳолат овқатланиш шохобчаларида меҳнат қилиб келган хотин-қизларнинг ишсизлик кўрсаткичини ҳам оширди. Бироқ ҳозир пандемиядан олдинги ҳаёт тарзи қайтмоқда.
Бугун бир завод ишчиси билан суҳбатда бўлдим. Унинг айтишига қараганда, пандемия шароитида ҳам тўхтатиб қўйиш мумкин бўлмаган соҳалар, масалан, қишлоқ хўжалигига ўхшаш зарурий йўналишларда ишлаш самаралироқ деган фикрда.
– Пандемия пайтида Туркия ёки Жанубий Кореяга вақтинча бориб, кейин у ерда қолиб кетганлар тақдири нима бўлди? Уларга ким томонидан ёрдам кўрсатилди?
– Туркияга қисқа муддатга келганлар ва учиш вақти яқинлашганлар учун Ўзбекистонда биринчи зарарланиш ҳолати қайд этилгандан сўнг элчихона томонидан эълон берилди ва у ерда рўйхатга олиш ишлари бошланиб кетди. Айни пайтгача вақтинча келганларнинг деярли ҳаммаси Ўзбекистонга қайтди дейиш мумкин.
Анча пайтдан бери Туркияда яшаб келаётганларнинг ҳам рўйхатга киришга ҳаракат қилиш ҳолатлари турли ижтимоий тармоқларда ҳам ёритилди. Лекин биринчи ўринда қисқа муддатга келганлар ватанга қайтарилди.
Элдор Воҳидов:
– Умумий фонда Жанубий Кореяда вақтинча яшаш учун I-card`га эга бўлган фуқароларнинг қолиш ҳуқуқи 31 майгача бўлган фуқароларга 3 ой муддат қўшиб берилди. Бундан фуқаролар виза муддатини узайтирмасдан яшаш ҳуқуқига эга бўлишди.
Бизнес, туристик мақсадда қисқа муддатга келган фуқароларга ҳам виза муддати, дастлаб, 31 апрелгача, кейин 31 майгача чўздириб берилди. Жанубий Кореядаги Ўзбекистон элчихонасининг айтишича, бу осонлик билан бўлмаган. Элчихона Корея Иммиграция хизматига умумий тарзда мурожаат билан чиқиб, масалани ҳал қилган.
Ва мана шу вазиятда савол туғилади: қисқа муддатга келганлар ҳозир чет давлатда қандай қилиб яшаб туришибди?
Бир тадбиркор танишим яқинларини Кореяга меҳмонга чақирган эди. Ҳозир уларда моддий муаммо бўлмаяпти. Шунга ўхшаш бошқа шахсларда ҳам моддий жиҳатдан қийинчилик бўлганини сезганим йўқ. Консуллик идораларидан сўраганимда ҳам улар вақтинча келиб, Кореяда қолиб кетган ўзбекистонликлардан моддий ёрдам сўраб мурожаат қилиш ҳолатлари қайд этилмаганини айтишди. Фақатгина бир фуқаро Ўзбекистонга қайтиш учун 10 кун аэропортда яшашига тўғри келган. Ҳозир ўша шахс Ўзбекистонда.
Санжар Икромов:
– Корея ва Туркияни солиштирсак, ҳатто бу давлатларга бориш талаблари ҳам фарқ қилади. Кореяга бориш учун махсус талабларни бажариш керак, Туркияга эса билет олиб кетиш мумкин.
Туркияга тўғридан тўғри келиб оғир ишларни ҳам қилиб келаётган, саноат корхоналарида ишлаган, лекин айни вазиятда уйда ўтирган ўзбеклар кўп. Уларни ҳудуд ва оила тарзида бўлиб олиб, ватандош тадбиркорлар моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди
Мавзуга оид
11:35 / 28.05.2025
Туркияда мураккаб вазиятга тушиб қолган ўзбекистонлик аёлга ёрдам берилди
10:43 / 26.05.2025
“Кореяда олган тажрибани қишлоғимда қўлламоқчиман” – бўш ерларни ўзлаштираётган шаҳрихонлик йигит
17:01 / 24.05.2025
Туркияда «Султон Сулаймон» 1 йил 10 ой шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди
15:49 / 24.05.2025