Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Америкадаги пандемия ва юртдошлар хавфсизлиги - АҚШдаги Ўзбекистон элчихонаси билан суҳбат
Маълумки, АҚШ айни дамда коронавирусга чалинганлар сони бўйича дунё мамлакатлари орасида етакчилик қилмоқда. 2020 йил 24 апрель ҳолатига кўра, АҚШда коронавирус билан касалланганлар сони 880 мингдан ортиқ кишини ташкил этмоқда.
Бугунги кунда АҚШдаги пандемия ҳолати билан боғлиқ вазият билан яқинроқ танишиш мақсадида Kun.uz мухбири Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги элчихонаси Консуллик бўлими раҳбари Фаҳриддин Мўминов билан видеоинтервью ташкил этди.
- Ассалому алайкум, авваламбор жонли интервью учун таҳририятимиз номидан миннатдорлик билдирамиз. Айтинг-чи, ҳозир АҚШда коронавирус билан боғлиқ вазият қандай?
- Бугунги кунда коронавирус билан касалланганлар ва унинг қурбонлари сони бўйича АҚШ дунёда етакчилик қилмоқда. 21 апрель ҳолатига кўра, мамлакатда 817 мингдан зиёд киши коронавирус билан касалланган. Уларнинг 45 мингдан ортиғи вафот этган, қарийиб 82 минг бемор соғайиб кетган.
Сўнгги пайтда мамлакат аҳолиси оммавий равишда коронавирусга ташхислардан ўтказилган ва бу эса вирус юқтирганлар сонининг тез суръатларда кўпайишига сабаб бўлган. Ҳозирги вақтда мамлакатда 4 миллионга яқин фуқароларга коронавирус ташхиси қўйилган. COVID-19 АҚШнинг барча штатларида кенг тарқалган. Улардан Нью-Йорк, Нью-Жерси, Массачусетс, Мичиган ва Пенсильваниядаги вазият ҳамон оғирлигича қолмоқда.
Америка соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар, мажбурий суғуртанинг мавжуд эмаслиги, медицина хизматининг ўта қимматлиги, коронавирус хавфи олдиндан ва тўғри баҳоланмаганлиги каби қатор омиллар АҚШда ушбу вирус билан боғлиқ вазиятнинг кескинлашувига олиб келган.
Нью-Йорк шаҳрида коронавирус асосан медицина суғуртаси ва нормал яшаш шароитларига эга бўлмаган аҳоли қатламлари орасида кўп тарқалган.
Ҳукумат томонидан кўрилаётган профилактик чора-тадбирлар натижасида бугунги кунга келиб мамлакатнинг эпидемиологик ҳолати нисбатан яхшиланган. Ўтган ҳафта АҚШ президенти коронавирус билан касалланиш ҳолатлари камайганлигини эълон қилиб, пандемия туфайли қўйилган чекловларни босқичма-босқич олиб ташлаш таклифи билан чиқди.
- Вирус тарқалишининг олдини олишда энг зарур ва самарали чора - бу "social distancing", яъни ижтимоий масофаланиш ҳисобланади. Бу қоидага америкаликлар қанчалик амал қилмоқда, деб ўйлайсиз? Умуман, мана шундай пандемик ҳолатларда аҳолининг ўзни тутиш маданияти қанчалик муҳим?
- Коронавирус пандемияси шароитида АҚШ ҳукумати вирус тарқалишининг олдини олиш учун "ижтимоий масофа" усулидан ҳам кенг фойдаланмоқда. АҚШ расмийлари зарурат бўлмаганда фуқароларни уйда қолишга, катта гуруҳларга бирлашмасликка ва икки метрдан кам бўлмаган масофада қолишга чақирмоқда.
АҚШнинг барча штатларида имкон қадар уйда ишлаш тартиби жорий этилган. Ўрта ва олий таълим муассасалари ёпилган. Ўқитиш масофадан туриб амалга оширилмоқда. Масжид, черков ибодатхона ва бошқа диний муассасалар ўз фаолиятини онлайн тарзда юритмоқда.
Жипс ҳолда яшовчи диний табақалар, маҳаллий ҳинду резервациялари ва ноқонуний муҳожирлар истиқомат қиладиган ҳудудларда ижтимоий масофа қоидаларининг бузилиши кузатилган. Шу боис қатор штатларда бу қоидаларни бузганлик учун катта миқдордаги жарималар белгиланган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, амалда ижтимоий масофани сақлаш осон эмас, бироқ аҳоли бунга кўникиши ва яна камида олти ой давомида ушбу қоидаларга риоя қилиши керак. Бу айниқса кексалар ва сурункали касалликлардан заифлашган инсонлар учун муҳимлиги таъкидланган.
- Ҳукумат қандай чоралар кўрмоқда? Америкалик иқтисодчи ва тиббиёт мутахассисларининг пандемия борасидаги фикрлари қандай?
- Коронавирус пандемияси туфайли АҚШда ишсизлик даражаси тез ошиб бормоқда. Сўнгги тўрт ҳафта ичида мамлакатда ишсизлар сони қарийб 22 миллион кишини ташкил қилган. Шу муносабат билан АҚШ Федерал резерв тизими мамлакат тарихида энг йирик – 2,2 триллион доллар миқдоридаги рағбатлантириш дастурини ишга туширди. Ушбу маблағлар ҳисобидан биринчи навбатда корхоналар ва маҳаллий ҳокимиятларни қўллаб-қувватлаш режалаштирилган.
Дастурга кўра, шифохоналарга ёрдам кўрсатиш учун 117 млрд доллар, зарар кўрган компанияларни қўллаб-қувватлаш учун 500 млрд доллар, йилига 99 минг долларидан кам даромад кўрадиган ҳар бир америкалик учун 1200 доллар ва вояга етмаган бола учун 500 доллар ажратилади.
Импорт таъсирини камайтириш учун фермерлар ва қишлоқ хўжалиги соҳасига қарийб 47 млрд доллар йўналтирилади.
Мамлакат иқтисодий инқирознинг олдини олиш мақсадида АҚШ президенти штатларнинг карантиндан чиқиш режасини эълон қилди. Унга кўра, сўнгги 7 кун давомида коронавирус билан касалланган беморларнинг сони камайган штатларда карантинни босқичма-босқич бекор қилишга рухсат берилди.
Хусусан, 18 апрель куни Флорида штатида пляж ва парклар қисман ўз фаолиятини бошлаган. Техас штати губернатори 30 апрелдан кейин коронавирус сабабли жорий қилинган карантин муддатини узайтирмаслигини эълон қилди.
АҚШнинг «Johnson & Johnson», «Pfizer», «Moderna», «Gilead Sciences» ва «Inovio» каби фармацевтик компаниялари коронавирусга қарши вакцина ва дори воситаларини яратиш устида тадқиқот ишлари олиб бормоқда. Қатор компаниялар 2021 йил биринчи чорагига келиб коронавирусга қарши вакцина тайёр бўлишини эълон қилган.
- Шу вақтгача неча нафар ўзбекистонлик ҳамюртларимизда вирус аломатлари қайд этилгани тўғрисида маълумот бера оласизми? Уларнинг айни дамдаги ҳолати қандай?
- Бугунги кунга қадар АҚШда 9 нафар Ўзбекистон фуқароларининг коронавирус билан касалланганлиги расман тасдиқланди. Улардан ташқари, бир неча ўнлаб фуқароларимизда коронавируснинг енгил шакли билан касалланганлик ҳолатлари ҳам аниқланди. Бу беморларнинг аксарият қисми госпиталларга ётқизилмаган. Улар шифокорларнинг доимий назоратида бўлиб, карантин қоидаларига риоя қилишган.
Ҳозирги кунга келиб юқорида таъкидланган фуқароларимиз коронавирус касаллигидан соғайишган. Бироқ кекса ёшдаги ҳамда сурункали касалликлар билан хасталанган 3 нафар ватандошимиз ҳаётдан кўз юмган.

- АҚШ ҳудудида ўзида вирус аломатларини сезган юртдошларимиз аввало қандай йўл тутишларини маслаҳат берасиз?
- Ўзида иситма, қуруқ йўтал ва нафас олишнинг қийинлашиши каби коронавирус аломатларини сезган фуқароларимизни биринчи навбатда яшаш жойида карантинга олиш лозим. Уларнинг овқатланиш идишлари, шахсий буюм ва гигиена хоналари изоляция қилиниши, хонадонда доимий равишда дезинфекция ишлари олиб борилиши керак. Беморлар вирусни бошқаларга ҳам тарқатиши мумкинлигини ҳисобга олиб, текширувдан ўтиш учун улар шифохонага бормасдан, тиббий тез ёрдамга мурожаат қилишлари тавсия этилади.
- Элчихона АҚШдаги ўзбек диаспораси билан биргаликда хавфсизлик чораларини кўриш ва ёрдамга муҳтожларга кўмаклашиш бўйича қандай чора-тадбирларни амалга оширмоқда?
- АҚШ ва Канададаги ўндан зиёд ватандош уюшмалари ва фаол юртдошларимиз ёрдами билан фуқароларимизнинг шарт-шароитларидан доимо хабардор бўлиш, беморлар ва вафот этган ватандошларимиз тўғрисида тезкор маълумотлар олиш йўлга қўйилган. Бугунги оғир дамларда АҚШ ва Канада шифохона ва эпидемиологик марказларида фаолият юритаётган кўплаб ватандошларимиз томонидан коронавирус билан касалланган фуқароларимизга амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Саховатпеша юртдошларимиз кўмаги билан коронавирус билан касалланган фуқароларимизнинг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам берилмоқда.
Шунингдек, 10 апрель куни АҚШ ва Канададаги Ўзбекистонлик ватандош уюшмалар ташаббуси билан “БИЗ ЎЗБЕКИСТОНГА БЕФАРҚ ЭМАСМИЗ” хайрия акцияси ташкил этилди. Ушбу хайрия жамғармасига тушган маблағларни “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига ўтказиш режалаштирилган. Халқимиз саломатлигига бефарқ бўлмаган барча ватандошларимизга мурожаат қилиб, уларни коронавирус оқибатларига қарши курашда Ўзбекистонга кўрсатилаётган хайрия акцияларида фаол қатнашишга чақириб қоламан.
Мавзуга оид
08:51 / 04.06.2026
Кувайт аэропортида Эроннинг дрон зарбаси оқибатида 1 киши вафот эди, ўнлаб инсонлар жароҳатланди
15:12 / 26.05.2026
Наркожиноятда айбланиб, қидирувда бўлган ўзбекистонлик АҚШдан депортация қилинди
11:00 / 28.05.2025
АҚШ дунё бўйлаб хорижий талабалар учун виза суҳбатларини тўхтатмоқда
09:03 / 28.05.2025