Жамият | 22:22 / 24.04.2020
3970
3 дақиқада ўқилади

Маданий мерос департаменти: Бухородаги қадимий ҳовузни қайта қуриш ишларини бошлаш келишилмаган

22 апрель куни Kun.uz эълон қилган «Бухоронинг қадимий қисмида бузилаётган ҳовуз: интернетдаги шов-шувлар ва маҳаллий мутахассис фикри» сарлавҳаси остидаги мақола юзасидан Маданият вазирлиги Маданий мерос департаменти таҳририятга муносабат тақдим этди.

Унда баён этилишича, Маданий мерос департаментининг приципиал позициясига кўра, ЮНЕСКО маданий мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда олиб борилиши бошланадиган ва мўлжалланаётган барча қурилиш-монтаж, таъмирлаш, реставрация қилиш ва хўжалик ишлари   департамент қошидаги илмий-услубий кенгаш билан келишилиши, шундан сўнг ўрнатилган тартибда ЮНЕСКОга келишиш учун жўнатилиши керак.

«Маданий мерос департаменти ҳовузнинг тарихийлиги ёки замонавий эканлиги ҳақида гапирмаган (гарчи бухоролик архитектор-реставратор З.Қиличев томонидан келтирилган фактлар мутахассислар томонидан яна бир бор текшириб кўрилади). Маданий мерос департаменти Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида замонавий канализация тизимини тўғри ва сифатли қилиб қуриш бўйича бирор эътироз билдирмайди.

Маданий мерос департаменти Бухоро шаҳрининг ижроия ҳокимиятидан ўз ҳаракатларини ЮНЕСКО рўйхатига олинган ҳудудларда талаб қилинадиган нормалар ва талаблар асосида олиб боришни сўрайди.

Шунингдек, маълум қиламизки, Маданий мерос департаменти 2019 йил 30 августда қабул қилинган «Моддий маданий мерос объектларининг муҳофаза қилиниши кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»га қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти фаолиятини ташкил этиш ҳамда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги 2019 йил 30 мартдаги №265-сонли қарорига биноан барча чоралар кўрилади», дейилади муносабатда.

Эслатиб ўтамиз, Бухоро шаҳрининг ЮНЕСКО маданий мероси рўйхатига киритилган қадимий марказида жойлашган Хўжа Гавкушон ансамбли олдидаги ҳовузнинг оғир қурилиш техникалари билан бузилаётгани акс этган суратлар ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

Маданият вазирлиги ўз изоҳида масала юзасидан тегишли ҳужжатлар Бош прокуратурага тақдим этилишини билдирган.

Бухоро шаҳридаги қадимий осори атиқалар реставрацияси билан шуғулланувчи «Арк» фирмаси раҳбари Зоиршоҳ Қиличев Kun.uz билан суҳбатда маълум қилган, шаҳарда қатор йиллардан буён ёмғир мавсумида сув тошқини кузатилмоқда, Хўжа Гавкушон масжиди ҳудудини ҳам бир неча марта сув босган.

«Реставрация қилинишига сабаб - ҳовузнинг қияликлари нотўғри амалга оширилган. Ҳозир қадимий иншоотни сув босмаслиги учун ишлар сифатлироқ қилиниши назарда тутилган», дея тушунтирган мутахассис.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид