Ўзбекистон | 18:20 / 24.04.2020
26254
9 дақиқада ўқилади

«Тошкент пропискаси» ва ўзгараётган тартиб. Тизим масъули билан интервью

21 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев «Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Унда 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон фуқароларини прописка қилиш ва ҳисобга олишда бир қатор янгиликлар бўлиши кутилмоқда.

Тўғри, ўзбекистонликлар учун узоқ йиллардан бери оғриқли яра каби бўлиб қолаётган «прописка» масаласи ушбу фармон билан тўла бекор қилинмади, аммо уни олдинга ташланган катта қадам сифатида баҳолаш мумкин.

Хўш, эндиликда бу қадамни ўзбекистонликлар нималарда сезишлари мумкин? «Прописка» тизими мамлакатда қандай сабаб билан пайдо бўлган эди? Бу йўналишда кейинги қадам сифатида баҳоланаётган хабардор қилиш тизими қандай бўлади?

Kun.uz мухбири Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи Улуғбек Муҳаммедов билан шу мавзуларда суҳбатлашди.

– Прописка тизимини енгиллаштириш ҳақида президент парламентга мурожаатида гапирди. Бунгача бу муаммо гапирилмасди, гапирилса ҳам жавобсиз савол сифатида қолдириларди. Президент Мирзиёев топшириғидан кейин сиёсий доира вакиллари бу тартибни очиқ танқид қилишга ўтди. Хўш, президентгача тизимда янгилик яратишга нима халал бераётган эди?

– 2020 йилда тасдиқланган дастур доирасида прописка тизимини ислоҳ қилиш кераклиги таъкидлаб ўтилган эди. Нега президент шу саволни кўтармагунча ҳеч ким янгилик қилиш масаласини кўтармади? Ҳаракатлар бўлган. Бир нарсага тўхталиб ўтмоқчиман. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида прописка бўйича алоҳида қонун қабул қилинган. 1999 йилги мудҳиш воқеалардан кейин алоҳида комиссия тузилди. Прописка бўйича комиссия ўз ишини тўғри ташкиллаштира олмагандан кейин унинг фаолияти қонунан тасдиқланди. Йиллар ўтиб прописка рухсат бериш жараёни тусини олди. Шу билан бирга, ижтимоий соҳаларда ҳам ўз илдизини отди. Мактабгача таълим, мактаб таълими, тиббиёт ва бошқа соҳалар ичигача кириб кетди. Барча соҳалар прописка тизимига боғлиқ бўлиб қолгани сабабли масала ечимини топишда тўсиқлар юзага келди. Ҳозир рақамлаштириш йилидамиз. Ижтимоий соҳадаги барча вазирлик ва идоралар ўзининг маълумотлар базасини бошқа идора ва вазирликлар билан интеграция қилиш масаласи қўйилди. Ҳозиргача қўйилган муаммолар рақамлаштириш йўли билан ҳал этилиши белгилаб берилди.

– Фармон ва унинг асосида қабул қилинадиган қонун бўйича бўладиган ўзгаришларга қисқача тушунтириш берсангиз.

Улуғбек Муҳаммедов

– Фармонга кўра, рухсат бериш тизимидан огоҳлантириш тизимига яқинроқ масала қўйилди. Ҳозирги ислоҳот рухсат бериш тизими кейинчалик босқичма-босқич огоҳлантириш хусусиятига эга бўлган тизимга ўтишга қаратилган. Фармоннинг асосий масалаларига тўхталадиган бўлсак, доимий яшаш жойи бўйича прописка қилиш атамаси доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш, турган жойи бўйича ҳисобга олиш тушунчаси вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тушунчаларига ўзгартирилди.

Фуқароларга биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларини ўзи доимий яшаш жойи бўйича рўйхатда бўлган манзил билан бир қаторда ўз номида бўлган уй-жой майдонига доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш имконияти яратилади.

Тошкент шаҳрида турган шахс билан бошқа вилоятдан бўлган шахс никоҳдан ўтса, никоҳ муддатидан 1 йил ўтгандан кейингина Тошкент пропискасига қўйиларди. Энди никоҳ қайд этилган куниёқ Тошкент пропискасига қўйиш имкони берилди. Никоҳ бекор бўлган тақдирда ҳам прописка сақлаб қолинади.

Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий рўйхатда турган фуқаролар маълум муддат бошқа ҳудудда яшаб, ўзлари яшаган жойга қайтиб келганда, улар ҳеч қандай қўшимча шартларсиз қайта доимий рўйхатга олиниши кўзда тутилмоқда. Илгари эса қайтиб келганида пропискасини йўқотган бўларди.

Шунингдек, оилага тарбияга олинган (патронат) шахслар уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга туриш имкониятига эга бўлиши мумкин. Эски тизимда бундай тоифадаги шахсларни рўйхатга қўйиш умуман назарда тутилмаган эди.

Илгари фуқаро давлат органидаги фаолияти даврида пропискага кирган, ишдан бўшатилганда ёки шартномада белгиланган муддати якунига етганда пропискадан чиқариб юборилган бўлса, энди бундай бўлмайди. Унинг пропискаси сақлаб қолинади.

Яна бир янгилик. Бундан буён Тошкент шаҳри ва вилоятидаги давлат ташкилотларида 5 йил узлуксиз ишлаган мутахассислар мазкур ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинади. Мисол учун, фуқаро пойтахтда ёки Тошкент вилоятидаги умумтаълим мактабида ўқитувчилик қилса, мактаб директорининг; поликлиникада ишласа, поликлиника мудирининг маълумотномаси билан пропискага кириши мумкин. Бунда асосий шарт шуки, фуқаронинг битта ташкилотда ишлаган даври беш йилдан кам бўлмаслиги керак.

Бошқа вилоятда яшовчи шахслардан Тошкент шаҳридан уй олганда ва уйни сотганда оширилган қийматдаги 5 фоиздан 10 фоизгача давлат божини ундириш тартиби ҳам бекор қилинмоқда.

Яна бир янгилик: Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан уй-жой сотиб олиш учун энди ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Бирламчи ёки иккиламчи бозор бўлишидан қатъи назар прописка талабисиз уй харид қилаверади.

– Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтмасдан яшаш муддати 10 кундан 15 кунга узайтириляпти. Бу муддат бўйича кўп таклифлар тушаётгани айтилган эди. Муддатнинг айнан 15 кун этиб белгиланишига нима асос бўлди?

– Бу муддат кўп муҳокама қилинди. 15 кун этиб белгилаш учун кўп ўргандик. Нима учун 15 кун? Япония, Жанубий Корея, Латвия давлатлари тажрибасида ҳам 15 кунлик муддат қўйилган. Бу муддатга келгунча ҳам бир қанча босқичлар ўтилди. Аввал 3 кун эди, кейин 5 кун, 7 кун, 10 кун қилинди. Ва ҳозирда 15 кун этиб белгиланди.

Муддатлар ва бошқа жиҳатлар бўйича таклифлар олиниб, ишчи гуруҳ томонидан ўрганиляпти. Кейинчалик ҳам тизимга ўзгартириш киритиш назарда тутилган.

Яна бир янгиликка тўхталмоқчиман. Фармон билан 2020 йил 1 сентябрдан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида, 2021 йил 1 январдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа вилоятларда «ягона дарча» тамойили асосида прописка тизимини рақамлаштириш кўзда тутилмоқда.

Яъни фуқароларни доимий рўйхатга олиш билан боғлиқ ҳаракатларни идоралараро электрон ҳамкорлик орқали «Ягона дарча» тамойили асосида «Манзил» автоматлаштирилган ахборот тизими воситасида амалга ошириш белгиланмоқда. Бу ҳам бир қатор қулайлик ва енгилликлар беради.

– Нима учун Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти пропискаси ҳақидаги амалдаги қонун таг-туги билан олиб ташланмади? Янги тизим, хабардор қилиш тизими қандай бўлади?

– Амалдаги тизим бизда рухсат бериш характерига эга эди. Фуқароларнинг хатти-ҳаракатлари жуда чегараланган эди.

Хабар бериш тизими қандай бўлади? Дунё давлатларида прописка, рўйхатга қўйиш тизими мутлақо таг-туги билан йўқ деган фикр бўлиши керак эмас. Кейинги қадамларда рухсат беришдан огоҳлантиришга ўтганимизда фуқаро маълум бир ҳудудга борганда мен шу ҳудудда яшаяпман, деган маълумотни электрон шаклда ёки бошқа йўл билан ДХА ёки миграция тизими орқали хабардор қилиши керак бўлади.

Нега амалдаги прописка тизими тўлиқ бекор қилинмади? Ишчи гуруҳ ҳолатни ўрганди. Лойиҳани тайёрлашда идоралар, ҳокимлик ва вазирликларнинг муносабатлари ўрганилди. Аниқ бир сабаб билан бу қонун таги билан олиб ташланмади, деган жавоб нотўғри бўлади.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида инфратузилма яхшилиги боис фуқароларнинг бу ерга интилиши табиий ҳол. Бу ерда фуқароларнинг йиғилиши бор. Прописка соҳаси ижтимоий соҳаларга – мактабгача таълим, мактаб, тиббиёт тизими билан боғлиқ бўляпти. Таги билан қонунни бекор қилиш бошқа соҳаларнинг бунга тайёрлигига тақалиб қолди. Шунинг учун босқичма-босқич жорий этиш маъқул кўрилди.

Ҳозирги янгиликлардан кейин ҳам фуқароларнинг таклифларини ўрганиб чиқишда давом этилади. Кейинги босқичларда янада ижобий ўзгаришлар татбиқ этилади.

Мавзуга оид