Жаҳон | 23:36 / 24.04.2020
3023
1 дақиқада ўқилади

Трамп пандемия даврида бизнесга 484 млрд долларлик молиявий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонунни имзолади

АҚШ конгресси ўтган ҳафтада ушбу ҳужжатни қўллаб-қувватлаб овоз берганди.

Фото: NBC News

АҚШ президенти Дональд Трамп коронавирус ва унинг оқибатларига қарши курашиш учун қарийб 500 млрд долларлик молиявий ёрдам пакети тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади. Бу ҳақда NBC News хабар бермоқда.

Ҳужжатда 484 млрд долларлик молиявий ёрдам ажратилиши кўзда тутилган. Ундан 310 млрд доллар коронавирус пандемияси вақтида кичик корхоналарга ёрдам бериш учун ташкил этилган маошларни ҳимоя қилиш дастурига (Paycheck Protection Program, PPP) йўналтирилади. Шунингдек, 75 млрд доллар касалхоналар ҳамда тиббий хизмат кўрсатувчиларга ва 25 млрд доллар коронавирус тестлари дастурини кенгайтиришга ажратилади.

АҚШ конгресси ўтган ҳафтада ушбу ҳужжатни қўллаб-қувватлаб овоз берганди.

АҚШда март ойида 2,3 трлн долларлик иқтисодий ёрдам пакети маъқулланганди. 

АҚШ айни дамда коронавирусга чалинганлар сони бўйича дунё мамлакатлари орасида етакчилик қилмоқда. Мамлакатда 50 114 киши вафот этган. Коронавирусга чалиниш ҳолатлари 870,4 мингдан ошган, 80 мингдан ортиқ киши соғайган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид