Жамият | 18:29 / 25.04.2020
5956
3 дақиқада ўқилади

«Мақсадимиз – шундай кунларда халқимизга ёрдам бериш». Ижтимоий кўмак гуруҳи билан бир кун

«Хайрия қилишни хоҳлайдиган, лекин кимга ва қандай етказишни билмаётганлар бўлса, бизга мурожаат қилишлари мумкин», дейди Тошкент шаҳри ва вилоятидаги кўплаб оилаларга ёрдам кўрсатиб келаётган «Хайрия» ижтимоий кўмак гуруҳи фаоллари.

Республикада амал қилаётган карантин режими туфайли аксарият субъектлар иш фаолиятини тўхтатди. Натижада аҳоли даромадларининг қисқариши ёки умуман тўхтаб қолиши кузатилди.

Даромадсиз қийин вазиятда қолган юртдошларга кўнгилли гуруҳлар имкон доирасида ёрдам беришга ҳаракат қилишмоқда.

Kun.uz мана шундай кўнгилли жамоалардан бири – «Хайрия» ижтимоий кўмак гуруҳи фаолияти билан танишди.

«Хайрия» ижтимоий кўмак гуруҳи аввалдан эҳтиёжманд оилаларга турли шаклда ёрдам кўрсатиш билан шуғулланиб келган бир гуруҳ фаоллар ташаббуси билан юзага келган.

«Бир гуруҳ дўстлар фейсбукда фаоллик кўрсатиб, қийин вазиятдаги ҳамюртларимизга ёрдам кўрсатишда, хайрия ишларида елкама-елка бўлиб келардик, – дейди гуруҳ фаоли Темур Аъзам.

– Март ойида Ўзбекистонда ҳам коронавирус аниқланиб, карантин эълон қилингач, субъектлар иш фаолияти тўхтаб қолди. Ўзбекистонда кундалик юмушлар билан шуғулланиб, пул топувчилар кўп. Улар ҳозир ишсиз. Баъзиларнинг эса ойлик маошлари тўхтаб қолди. Шундай оилаларга рўзғорлик маҳсулотларини тайёрлаб, етказиб бериш билан шуғулланиш фикрига келдик».

Темур Аъзамнинг сўзларига кўра, март ойи якунидаёқ 500та оилага етарли маҳсулот жамланган эди.

Гуруҳ ҳомийлик кўмаги ва хайрия йўли билан йиғилган маблағлар асосида ёрдамни ташкил этади. Келиб тушган маблағга рўзғор учун керакли маҳсулотлар харид қилинади.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги эҳтиёжманд оилаларнинг сўровлари телефон орқали қабул қилинади ва айтилган манзилга етказиб берилади.

Темур Аъзамнинг билдиришича, гуруҳ санитария талабларига риоя қилган ҳолда ўз ишини ташкиллаштирган. Иш ҳудуди кундалик равишда дезинфекция қилинади.

«Карантин талабларига, санитария қоидаларига мос равишда ишласангиз, шароит яратиб берамиз, дейишди. Шунга келишдик. Санитария қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ишлаяпмиз», дейди у.

«Хайрия» ижтимоий кўмак гуруҳи фақатгина озиқ-овқат эмас, айни кунларда зарурат юқори бўлган бошқа маҳсулотлар – гигиена ва санитария воситалари, болалар бўтқаси ва тагликлари, дори-дармон бўйича ҳам талаб доирасида ёрдам кўрсатмоқда.

Гуруҳ фаоллари имконият эгаларидан ўз ҳиссаларини қўшган ҳолда хайрия тадбирларини қўллаб-қувватлашни сўрайди:

«Саховатпеша инсонлар бўлса, уларни ҳам ёрдамга чақирган бўлардик. Мақсадимиз – оғир вазиятда халқимизга ёрдам бериб туриш. Хайрия қилишни хоҳлайдиган, лекин кимга ва қандай етказишни билмаётганлар бўлса, бизга мурожаат қилишлари мумкин».

Эҳтиёжманд инсонлар қуйидаги телефон рақамлари орқали рўйхатга ёзилиши мумкин:

+99899 650 00 58

+99899 650 00 59

Муҳтожларга молиявий ёрдам бермоқчи бўлганлар учун карта рақами: 8600 0417 7326 6458 (Исломжон Турсунов)

Фақат ҳомийлик бўйича:

+99899 3040608 (Абдувоҳид Атаметов)

+99897 7501525 (Абдуқодир Набиев)

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид