Ўзбекистон | 23:45 / 27.04.2020
21173
4 дақиқада ўқилади

«Карантинда машиналарни жарима майдонида ушлаб туриш қайта кўрилади». Акмал Бурхонов муносабат билдирди 

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурхонов Kun.uz'га берган интервьюсида пандемия даврида ўрнатилган тартибни бузгани учун жаримага тортилган ҳайдовчилар бўйича муносабат билдирди.

Унинг айтишича, жаримага тортилган ҳайдовчининг машинаси махсус майдончага амалдаги қоидалар билан қўйилиши ва узоқ муддат сақланишига  «Адолат» СДП фракция аъзолари қарши бўлган. Депутатлар ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлигидан тушунтириш сўраган.

 – Пандемия даврида турли кутилмаган вазиятлар, ҳолатларга ҳам дуч келяпмиз. Қонунчилик билан турли тушунарсиз ҳолатлар юз бермоқда. Гап яна ички ишлар ходимларига бориб тақалади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 54-моддасини қўллаган ҳолда, машиналарни жарима майдончасига олиб бориш ёки маҳалла бошида участка нозирлари ҳам ҳайдовчи ҳужжатларини текширишга ҳаракат қилиши... Ваколат доирасига кирмайдиган турли амалларни бажаришига қандай муносабат билдирасиз?

– Тўғри. Бу қонунда йўқ.

– Кўпчиликда Ўзбекистонда карантин эълон қилингандан кейин шу пайтгача амал қилган қонунлар бекор қилиндими, деган савол туғиляпти.

– Бизда «Санитария-эпидемиологик осойишталик тўғрисида»  қонун бор. Қонунда кўрсатилганки, шунақа даврда президент томонидан махсус идора тузилиши мумкин ва махсус идора мулкчилик шаклидан қатъий назар барча учун мажбурий қарорлар қабул қилиш ваколатига эга. Лекин мен ҳозир қонун ишламаслигининг тарафини олиш мақсадида гапираётганим йўқ. Мақсад – коронавирусга қарши курашиш, унинг Ўзбекистонга таъсирини минималлаштириш. Бунинг учун ҳукумат махсус комиссияси томонидан бир қатор қарорлар қабул қилинди. 

Бу ерда фақатгина қонунга зид деган нарсани илгари суриш нотўғри. Автомашинани жарима майдончасига қўйиш эмас, балки ҳаракатланишга ҳам чеклов қўйилди. Эркин ҳаракатланиш конституцияда ҳам, қонунчиликда ҳам белгилаб қўйилган. Лекин қонунчиликка кўра, ҳозирги вазиятда ҳукумат комиссияси қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга. Буни ҳар бир фуқаро тўғри тушуниши керак. Тўғри, парламентда ҳам қонунга ўзгартириш киритамиз, яъни карантин қоидаларини бузганлик учун автомашинани жарима майдонига киритиш масаласини кўтариш ҳақида гап бўлди. Агар биз бу ўзгартиришни киритиб қўядиган бўлсак, карантин тугагандан кейин ҳам эртага бир қишлоқда, бирон ресторанда кимдир касалланса, шундан фойдаланиб, автомашиналарни ёппасига жарима майдонларига тиқиш бўлиши мумкин. Шунинг учун биз бундан чекландик, яъни бу бир марталик, фавқулодда вазият пайтида қўлланиляпти. 

Лекин парламент аъзолари, айниқса, «Адолат»  СДП вакиллари бу масалани кўтаришмоқчи. Парламент сўровини ҳам тайёрламоқчимиз. Мантиқан олиб қараганда, фуқаролар ҳозир стикерсиз автомашинада юриш ҳуқуқига эга эмас. Унга биз тўхтаган жойида қайтиб кет, дея олмаймиз. Чунки ўша жойда тўхтатгандан кейин автомашинаси билан юра олмайди. Лекин иккинчи томони бор. Уни жарима майдончасига олиб киргандан сўнг карантин тугагунча олиб чиқа олмайди ва жарима майдончасига кунлик тўлов қилишга мажбур бўляпти. Ҳозир биз буни ҳам кўтармоқчимиз. Майли, фавқулодда вазиятда бу чоранинг кўрилиши тўғридир, лекин ҳеч бўлмаганда ўша жарима майдончасига олиб киришни бепул қилиш масаласи ёки бошқа йўлларини ҳам муҳокама қилишни режалаштирганмиз.

Суҳбатни Youtube орқали тўлиқ томоша қилишингиз мумкин. 

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди

Алишер Рўзиохунов
Тайёрлаган Алишер Рўзиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид