Ўзбекистон | 15:51 / 27.04.2020
74568
9 дақиқада ўқилади

Карантиндан сўнг махсус шифохоналар тақдири нима бўлади? Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов ойдинлик киритди

Карантин боис қурилаётган махсус шифохоналар ҳамда карантин ҳудуди тақдири нима бўлади? 20 йиллик ипотека кредитлари маълум бир муддат давомида бериладими? Қурилиш назорати пандемия даврида қандай амалга оширилмоқда? Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов Kun.uz мухбири билан онлайн мулоқотда шу каби саволларга жавоб берди.

– Коронавирус пандемияси жаҳон иқтисодиётига сезиларли таъсир кўрсатди. Бу сир эмас, ҳамма эътироф этяпти. Бир неча кун аввал президент Шавкат Мирзиёев видеоселектор мажлисида Ўзбекистон иқтисодиётига коронавируснинг салбий таъсирини камайтириш нуқтаи назаридан қурилишда ишни жадал давом эттириш хусусида фикр билдирди. Ва бу қўллаб-қувватланмоқда. Саволим шундан иборатки, карантин даврида қурилиш ишларини давом эттириш қандай тартибда амалга оширилади?

– Биринчи навбатда, нега қурилиш соҳасига аҳамият берилди? Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 6 фоизини қурилиш соҳаси ташкил этади. Яъни қурилиш Ўзбекистоннинг драйверига айланяпти. Ҳозирги кунда қурилишни жадаллаштириш, яъни қурилиш материалларини ишлаб чиқарувчилар ва уни етказиб берувчилар, қурилиш ташкилотлари, қурувчилар – ҳаммаси иш билан таъминланади.

Пандемия даврида биз қурилиш объектларини қандай ишга туширамиз? Амал қилиниши керак бўлган санитария талабларини санитария-эпидемиология маркази (?) билан биргаликда ишлаб чиққанмиз. Марказ мутахассислари билан бизнинг мутахассислар ўтириб, кириш-чиқиш қандай бўлиши кераклиги ишлаб чиқилди. Ҳар бир қурилиш объектига кириш жойида махсус туннел ўрнатиляпти. Туннелда ҳамма фильтрдан ўтказилади. Бу жуда оддий. Олдин шланкаларда сув пуркайдиган тизим бўларди. Энди дезинфекцияловчи аралашмани тайёрлаб, катта идишга солади. Қурувчилар ўтаётганда сенсор аралашма пуркалади.

Қурувчилар карантинга ўхшаб қурилиш объектида яшаши керак бўлади. Уларга ётоқ жой, ошхона ташкил қилинади. Бунда ҳам санитария талабларига риоя этилади. Ҳар икки соатда журналларни тўлдириб ниқоб алмаштириш ва бошқа талаблар ижроси бўйича назорат олиб борилади. Овқатланишга чиққанда, овқатланишдан қайтганда ҳар гал қўлини санитайзерлар билан тозалайди. Ҳаттоки қурилиш материалларини объектга олиб келиб-олиб кетадиган транспорт воситалари ҳам дезинфекцион ишлов берилган бўлиши керак.

Шерзод Ҳидоятов

– Ўзбекистонда хусусий қурилишлар ҳам жуда кўп бўлади. Хусусий кичик фирмалар, фуқароларнинг ўзи ҳам шундай талабларга риоя қилса, қурилишни давом эттирса бўладими?

– Ўзбекистонда қурилиш соҳасининг 75 фоизи хусусий қурувчилардан ташкил топган. Қолган 25 фоизи ижтимоий объектлар. Мана шу 75 фоиз ҳам жуда катта ишчи кучи ишлатади. Қурилиш материалларини талаб қилади, бунинг орқасидан завод-фабрикалар ишлайди. Шунинг ҳаммасини ҳисобга олиб, барча қурилишларга рухсат берилди. Фақат ижтимоий объектларни қурадиганлар, деб ажратилмади.

– Махсус шифохона ва карантин зонасининг фарқи нимада?

– Пандемия даврида махсус шифохоналар қуриляпти. Улар юқумли касалликлар даволанадиган ҳудуд. Зангиота туманида 2000 ўринли шифохона қуриляпти, яқин орада фойдаланишга топширилади. Чилонзорда қуриляпти. Ўртасаройда қурилгани эса карантин ҳудуди ҳисобланади. У ерга чет давлатдан келаётган фуқаролар 14 кунга карантинга жойлаштирилади. Ҳар бир хонада 4 нафардан фуқаро жойлаштирилган. Мабодо уларнинг орасида вирус аниқланса, карантинда ўтирганларнинг ҳаммаси эмас, фақатгина бир хонада яшаган тўрт киши шифохонага олиб борилади. Карантин ҳудудининг олдида махсус лаборатория бор. Карантиндаги аҳолига хизмат кўрсатиш учун кир ювиш хонаси, ошхона ҳам қурилган. Ташқарида турган ошхона кейтеринг тизимида бир марталик идишда овқат киритади. Ҳудуд олдидаги махсус чиқиндихонада барча чиқиндилар ёқилади.

Карантин ҳудуди билан шифохонанинг фарқи жуда катта. Шифохонада касалликни юқтирган инсон даволанади. Унинг талаблари бошқа бўлади. Карантин ҳудуди яшаш учун мўлжалланган. 14 кунда фуқаролар карантин вақтини ўтказиши учун барча шароитлар яратилган. Телевизор, кондиционер, телефон, гигиена воситалари, душ ва ҳожатхона, ётиб дам олиш учун ҳамма шароитлар яратилган. Хоналар ҳажмида кичик ҳовлилар ҳам қилинган. Аммо, баъзи оммавий ахборот воситалари карантин ҳудуди ва шифохонани бир-бири билан адаштириб юборяпти. Карантин ҳудудини келгусида шифохона бўлади, деб адаштиришмоқда.

– Катта карантин ҳудуди қурилди, пандемиядан кейин унинг, махсус шифохонанинг тақдири нима бўлади?

– Махсус шифохона ҳозирги кунда юқумли касалликларга мўлжалланяпти. Пандемия ўтгандан кейин эса кўп тармоқли шифохона бўлиб ишлай олади. Лойиҳа шунга мўлжалланган. Зангиотадаги касалхона кўп тармоқли шифохона бўлиб ишлай олади. Наманганда қурилаётган 150 ўринли махсус касалхона ҳам пандемиядан кейин кўп тармоқли шифохона бўлиб ишлай олади.

 Карантин ҳудудига келсак. Бирлашган Араб Амирликлари қурилиш соҳасида жуда ҳам ривожланиб кетган. Ҳайратда қоладиган даражада қурилишлар қилинган. Лекин бу қурилиш объектларининг ичида одам яшаётганини кўрмайсиз. Қурувчиларни автобусда олиб келади. Ишчилар учун махсус жой барпо қилишган. Улар ўша ерда яшайди, бир хил вақтда объектга олиб келинади, бир хил вақтда яшаш жойига қайтарилади. Смена ҳам шу тарзда алмаштирилади. Биз ҳам шуни ҳисобга олдик.

Карантин даври тугагандан кейин бу ҳудуд қурувчилар учун ажратилади. Тошкент шаҳри ҳудудидан бошланади. Бу Қурилиш вазирлигининг талаби бўлади. Тошкент шаҳрида ким қурилиш қиладиган бўлса, ишчилари ўша ерда яшаши керак. Қурувчиларнинг кўпчилиги узоқ ҳудуддан, вилоятлардан келишади. Улар уйига қатнай олмайди. Шунинг учун қурилиш объектларида контейнерлар, вақтинчалик жойлар қилишади. Лекин улар сифатли бўлмайди, одатда, ҳар хил нохуш ҳолатда бўлиши мумкин. Шуларнинг олдини олишга ҳаракат қиляпмиз. Ўша ерда яшаб, барча шароитдан фойдаланади. Қурилиш объектида қурувчилар санитария-гигинена талабларига риоя қилиши учун ҳам барча шароитлар муҳайё қилинган бўлади. Қолаверса, қурилиш этикаси ҳам ривожланади.

– Пандемия даврида қурилиш сифатини назорат қилиш қандай амалга оширилади?

– Айрим қурилиш объектлари – касалхона, бошқа жойларда қурилиш ишлари аслида давом этаётган эди. Эндиликда ҳаммага баравар рухсат берилди. Қурилиш назорат инспекциясига тиббиёт ходимларига берилгани каби комбинезон берилган. Кўзойнак, ниқоб билан таъминланган. Улар қурилиш объектларига бориб, санитария талабларига асосан назоратни олиб бораверади.

– Ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланган ҳолда “Шаффоф қурилиш” иловаси жорий қилиниши ҳақида брифингларнинг бирида айтилган эди. Пандемия даврида буни ишлатиш қанчалик ёрдам беряпти?

– Брифингда бу гапнинг айтилганига ҳам бир ярим ой бўлди. Шу йили ишга туширилади, дейилган эди. Дастурчилар бунинг устида иш олиб боряпти. Қадамба-қадам ҳаммасини ишга туширамиз. Биринчи бўлиб Ўзбекистон харитасини ишга туширдик. Мавжуд бош режалар жойлаштирилган. Ундан аҳоли ҳам фойдалана олади, лекин асосийси лойиҳачилар учун қулай бўлди.

Қаерда бўш ўрин борлиги, баландликлар ҳақида барча маълумотлар мавжуд. Қурилиш назорат инспекцияси учун ҳам бир дастур ишга тушади. 12 кундан кейин тест жараёни бошланади. Унда ҳар бир инспектор ўзига берилган планшетда қайси объектга бораётган бўлса, лойиҳа билан танишади, муаммосини ўрганади. Сервер орқали марказдан назорат олиб борилади. Экспертиза тизимини ҳам электрон шаклга ўтказганмиз. Пандемия даврида шу тизимга ўтишга тўғри келди. Ўз вақтида бошлаган эканмиз. Бизга жуда ҳам қўл келди. Ҳозир электрон тизимда иш олиб бориляпти.

– Пандемия туфайли иқтисодий пасайиш ҳамма жойда кузатиляпти. Бу ҳар бир фуқаронинг даромадига ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Тошкент шаҳрида ҳам, бошқа ҳудудларда ҳам турар-жой қурилиши жуда авж олган. Энди уларни харид қилиш суръати ҳам ўз-ўзидан пасаяди. Харид қувватининг пасайиши билан боғлиқ равишда қурилиш соҳасида муаммолар пайдо бўлиши эҳтимоли қанчалик?

– Яқинда ўтказилган мажлисда давлат раҳбари ипотека бериш бўйича бораётган ишларни ҳам ўз назоратларига олдилар. Бундан буёғига 15 йилга бериладиган кредитни 20 йилга узайтирамиз, дейилди. 20 йилга узайгандан кейин бунинг ойма-ой тўлови пасаяди. 15 йилга мўлжалланган сумма 20 йилга бўлинади, шунинг ҳисобига ойлик тўлов камаяди. Бу аҳолига пул тўлашга имконият яратади. Даромади камайганлар учун қулайлашади. Ҳозирги кунда бу масалани Молия вазирлиги ишлаб чиқяпти.

– Бу маълум муддат – карантин ва карантиндан кейин ҳаммасини ўз изига солиб олиш даври учун бўладими ёки кейинчалик умумий ҳолатда ҳам 20 йиллик ипотека кредитлари тақдим этиладими?

– Ҳозирги пайтда 20 йилга ипотека кредити бериш муддат билан чегараланмаган. Пандемия даврида иқтисодиётни ривожлантириш, аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини таъминлаш, барчаси ҳисобга олинади. Аҳолининг даромади, харид қуввати яхшиланса, кейинчалик бошқача бўлиши ҳам мумкин. Ҳозирги вақтда 20 йил муддатга берилиши фалон муддатгача деб белгиланмаган.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид