Келажаги савол остида қолган босма нашрлар: улар яшаб қолиш учун нималарни ўзгартириши керак?
Босма нашрларнинг кейинги тақдири ҳақидаги баҳс-мунозаралар яна қизигандан қизимоқда. Пайдо бўлган вазиятни пишиб етилган чипқонга менгзаш мумкин.
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ўз интервьюсида босма нашрлар жорий форматда узоқ яшай олмаслиги, бу бутун дунёда кузатилаётган жараён эканини таъкидлаб, замонга мослашиш кераклиги ҳақида фикр билдирди.
Босма нашрда фаолият кўрсатаётган бир қатор ҳамкасбларимиз унинг фикрларини контекстдан юлиб, айниқса «мен сўнгги марта қачон газета ўқиганимни эслай олмайман», «телевизор ҳам кўрмайман», деган сўзларини қалқон қилиб, ижтимоий тармоқларда унга қарши черик тортишди.
Тан олайлик, агар Алламжонов шу интервьюсини онлайн тарзда эмас, бирор газетага берганида бу резонанснинг миллиондан бири ҳам бўлмасди. Ҳозир газеталарда чоп этилаётган юзлаб зўр интервьюлардан бехабар қолаётганимиз сингари.
Ҳа, интернет шунақа нарса. Халқ билан қайта алоқа, одамлар билан жонли мулоқот бор. «Лайк» қўйиш мумкин! Ёритилаётган контент резонанс келтириб чиқаради. Айнан шу жиҳати билан у босма нашрлардан каррасига устун.
Келинг, 20 йил газетачиликда ишлаган инсон сифатида умумий тарзда босма нашрларимиз қандай кун кечираётгани ва медиа майдонда қандай сиёсат олиб бораётганини тасвирлаб берсам.
«Оч қорним — тинч қулоғим»
Хусусий газеталардан бўлак деярли барча газеталар мажбурий обуна ҳисобига кун кўради. Мажбурий обунани уюштириб бериш эса йирик ташкилотлар ва туман ҳокимликлари зиммасида. Туман ҳокимлари республика газета-журналларидан ташқари вилоят ва туман нашрининг ҳам обунаси уюштириб беришади. Бу — факт.
Эвазига «сиздан угина – биздан бугина» қабилида келишув вужудга келади. Ўша ҳоким раҳбарлик қилаётган тумандан ёки ўша корхона ҳақида газеталарда танқидий материал чиқмайди. Тумандан таҳририятга аҳолидан мурожаат тушса бориб ўрганилмаслиги табиий. Халқ ҳам буни жуда яхши билади, шунинг учун таҳририятларга мурожаат йўллашмайди.
Ўзим Бухорода бир мурожаатни ўрганганимда гувоҳ бўлганман: бир отахон МТРКга ҳам, Тошкентдаги марказий газеталардан бирига ҳам ариза йўллаган. Ҳар икки таҳририятдан «мурожаатингизни бош прокуратурага ўтказдик», мазмунида жавоб хатлари келган. Ақалли бирор журналист «нима бўляпти ўзи», деб қўнғироқ қилиб, қизиқиб ҳам кўрмаган. Фақатгина Kun.uz’да ёритилганидан сўнг масалани Бош прокуратура ўз назоратига олди ва мурожаатчининг эътирозлари ҳақли бўлиб чиқди.
Хуллас, кейинги обуна мавсумигача газета чиқариш ва кун кўриш учун етарли пул тўплангач, газета пайдар-пай янгилик ва мақолалар билан тўлдирилиб, чоп этилади. Айрим газета раҳбарларига ҳаттоки нашрнинг ўқувчиларга бориб етаётгани-етмаётгани ҳам қизиқ эмас. Муштарийлар билан қайта алоқа йўқ, газетада ёритилаётган нарсалар жуда камдан кам ҳолатда резонанс келтириб чиқаради («Фалон газетада фалон нарса чиққан экан», деган шов-шувга сўнгги марта қачон дуч келганингизни эслаб кўринг-чи).
Шунинг учун мажбурий обунанинг йўқотилиши газета таҳририятларининг муқаррар касод бўлишга, ходимларининг ишсиз ва маошсиз қолишига олиб келади. Бу — аниқ.
Юқорида таъкидлаганимдек, бу — босма нашрларда иш қандай ташкил қилиб келинаётганининг умумий манзараси. Пировард натижада, кимдадир аҳвол яхшироқ, кимдадир ёмонроқ.
Забардаст журналистлар кўп
Лекин бу гаплардан асло босма нашрдаги журналистлар ишни эплолмайди, деган хулосага келмаслик керак. Газета таҳририятларида ҳам жуда мулоҳазакор, саводли, чиройли ва резонансли мақола ёзадиган кучли журналистлар кўп. Минглаб топилади, мен бунга ишонаман.
Энг қизиғи, ҳали ҳам онлайн маконда бўш ўринлар бисёр. Уларни савиясиз маҳсулотлар тақдим этаётган, мактаб ва устоз кўрмаган дилетант ёшлар эгаллашмоқда. Забардаст қаламкашларга савод ва савия қандай бўлишини ўшаларга ҳам, халққа ҳам кўрсатиб қўйиш учун кўп ҳам жон куйдириш керак эмас, аслида.
Ана шундай ҳамкасбларимиз интернет сайтларга ишга ўтишмасин, майли, ўз ижодларини таҳририятнинг интернетдаги саҳифаларида эълон қилиб боришса ёки мустақил блог юритишса ҳам «ёриб юборишади». Тезгина минглаб мухлислар ҳам орттиришади. Бироқ, улар негадир бу ишни пайсалга солиб, кесакдан олов чиқишини кутиб яшашаётгандек…
Инсоннинг ўзида иқтидор бўлса унга барибир иш топилади. Янги шароитда ишсиз ва эътиборсиз қоладиганлар — абсурд фикрловчи, маддоҳ, савиясиз, аслида бу касбга нолойиқ «журналистлар», шунингдек, боқиманда, иш юритишни билмайдиган «берсанг ейман — урсанг ўламан», деган раҳбарлардир.
Мени ҳайратлантираётгани бирорта газетачи муҳаррир «шу гапларда жон бордир, биз ҳам зудлик билан ўзгариб, замонга мослашишимиз керак», демаётгани.
Бир-бирини кўра олмайди…
Алламжонов «газета ҳам ўқимас экан», «телевизор ҳам кўрмас экан», дегани у ҳамма нарсадан бехабар дегани эмас. Исталган ТВ кўрсатувни ёзма равишда гаджетлардан кўриш мумкин. Газеталарнинг PDF форматини ҳам гаджетларда ўқиш мумкин.
Масалан, мен ҳам телевизорда фақат футбол кўраман. Чунки газета ва ТВ менинг информацион чанқоқлигимни қондира олмайди ва бебаҳо вақтимни олади. Газета ўқиш учун (тўғрироғи, варақлаб чиқиш учун) ҳафтада 1–2 соат, кўпинча дам олиш кунларида вақт ажратаман.
Бир ҳамкасбимиз «Алламжоновни нималардадир айблаётган журналистларнинг кўпчилиги — Ўзбекистонда маддоҳликка тамал тоши қўйган қаламкашлар авлоди вакиллари. Булар, ўз вақтида Горбачёв берган демократияни эплаб қола олмасдан, диктатурага замин яратишган», деб ёзди.
Бу фикрларга қўшилмасдан илож йўқ. Чунки онлайн нашрларга босма нашрдаги ҳамкасбларнинг жуда бошқача назарда боқишлари бор гап. Kun.uz’нинг Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан бўлган можароларида босма нашрдаги ҳамкасбларимиз қандай позицияда бўлишганини жуда яхши эслаб қолганмиз.
Лекин, тан олайлик, онлайн нашрлар мухлисларни ҳалол услубда ўзларига жалб қилиб, онлайн обуначилар орттиришяпти-ку? Улар меҳнат қилишмоқда, мухлисларнинг истагини ўрганишмоқда, улар хоҳлаган ахборотни тақдим этишмоқда.
Модомики, пировард мақсад — ўқувчиларни тарбиялаб, маънавиятли қилиш бўлган тақдирда ҳам, қурол ва восита сифатида интернет каррасига қулай. Бу — аниқ.
Ботқоқдан қандай чиқса бўлади?
Шахсан мен бўлажак таҳририятни қандай тасаввур қиламан? Қандай қилинса — янги шароитларда газеталарнинг иши юришиб кетиши мумкин?
Ўзингиз ўйланг: айни карантин кунларида ахборот маконида газеталар нечоғлиқ замонда ортдалиги яққол намоён бўлмоқда. Кунига уч марта касалланганлар сони эълон қилиб турилибди. Сайтлар ва каналлар рақамлар ва янгиликлар эълон қилингани заҳоти аҳолига етказмоқда. Ойда 4 марта чиқадиган газета нима қила оларди бу шароитда? Аслида кундалик газета ҳам эплай олмайдиган иш.
Интернет аллақачон ҳар бир хонадонга кириб борган оммавий ахборот воситасига айланиб бўлган.
Мажбурий обунасига ҳам, яхши таҳлилий мақолалар ёритилаётганига қарамасдан кечикиб етказилаётганига ҳам кўниш мумкиндир. Лекин газеталарнинг оёғига тушов бўлаётган яна бир нарса — унинг ўқувчиларга етказилиши жуда катта муаммоларга сабаб бўлаётганидир.
Чунки почта аввалгидек ишламаяпти. Ўзим «Матбуот тарқатувчи» орқали йиллик обуна ҳам бўлиб кўрдим айрим нашрларга. Кунора газета учун киоскага чиқиб келиш…
Бироқ, юқорида айтганимдек, газеталарнинг PDF форматларини ҳам варақлаб турибман. Шунга яраша таҳлилий мақолалар ҳам берилаётгани йўқ. Онда-сонда пичоққа илинадиганлари чиқиб қолмаса.
Масалан, партиялар учун босма нашр орқали ахборот бериш ва электорат овлашдан кўра, ижтимоий тармоқ музокара ва мунозара майдони бўлиши керак.
Карантин кунлари бекор ўтирмасдан газета таҳририятининг сайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари, Telegram ва Youtube каналларини ривожлантириш керак. Ўша янги чиққан Zoom иловаси билан ҳам уйдан туриб яхшигина мавзуларда интервьюлар уюштириш мумкин эди.
Босма нашрда ишлаётган кўпгина ҳамкасбларимиз фейсбукни ғийбатхонага айлантирмасдан, ўзлари ва таҳририятлардаги ҳамкасблари томонидан ёзилаётган мақолаларни бўлишиб туришганида ҳам газета таҳририятлари шу пайтгача онлайн маконда анча мухлис орттириб бўлган бўлишарди.
Бироқ, амалда буларнинг бирортасини кўраётганимиз йўқ. Шунинг учун Алламжонов «ўзгаринглар», демоқда ва тўғри гапирмоқда. Кимдир бу фикрни аяброқ гапириши керак эди, демоқда. Қўшилмаган бўлардим, энди қатъийроқ фикрлар янграмаса «қотиб қолган»лар тебранмайди…
Замон ўзгариб кетди, ахир! XX асрмас бу, ахборот асрида яшаяпмиз. Ўлчовлар ўзгарган. Ҳозир ўзбекча битилган матнни хоҳ у кириллча имлода, хоҳ лотинча имлода бўлсин, Google исталган тилга таржима қилмоқда. Яхшироқ нарса ёзиб, наинки Ўзбекистонни, дунёни забт этиш мумкин.
Йўқ, айримларга мудом мажбурий обуна тикланиши керак! Ҳу, совет давридаги 100-200 минглаб тиражлар тушига кириб чиқади ҳануз. Ҳалигача «Адабиёт ва санъат»нинг миллионлаб тиражини гапириб юрадиганлар бор (Бунда газеталар дотация билан чиққани, эвазига йиллик обуна пули песмири бўлгани, муқобил танлов йўқ бўлганини ҳеч ким гапирмайди). Ҳозир ҳам шундай бўлса-ю, кейин, иложи бўлса ҳеч ким қўлини бигиз қилиб кўрсатмаса… Унақа бўлмайди энди, тўғри тушунинглар.
Тўртинчи ҳокимиятга айланиш
Газета моливий жиҳатдан мустақил бўлиши керак. Ана шунда маҳаллий раҳбарлар билан тузилган «пинҳона» келишувлар ўз-ўзидан парчаланади. Таҳририят бировнинг қўлига қараб қолмасдан, чинакам мустақил ОАВга айланади. Бинобарин, муттаҳам раҳбарлар ўзларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатларини қўрқиброқ амалга оширишади. Тикланаётган тўртинчи ҳокимият янада мустаҳкамланади. Таҳририят ҳам халқ ишончини қозониб, мухлислар ҳам орттиради.
Ахир юрт ичида юриб кўряпмиз-ку, мустақил матбуот вакили саволлари ва суриштирувларидан ғоятда таажжубга тушаётган раҳбар ва мансабдорларни (Фарғонада журналистга «газетада ишлар экансан, нега видеога оласан», деган ва айни пайтда ишдан бўшатилган ҳокимлик вакилини эсланг). Таҳририятлар узоқ йиллар шундай ишлашга ўргатиб қўйишган уларни. Журналист деганда обуна мавсуми чоғида ёрдам сўраб келадиган муте инсонни тушунишар экан улар.
Мен бир пайтлар орзу қилар эдим, бирорта шов-шувли воқеа бўлса худди чет эллардагидек турли ОАВнинг микрофонлари раҳбарларимиз олдида қаторлашиб туришини. Шу кунларга ҳам етдик. Бироқ, микрофонлар асосан онлайн ОАВ, давлат ТВлариники. Мен хоҳлар эдим нуфузли газета таҳририятлари пайдо бўлиб, улар ҳам қаторга қўшилишини.
Ҳозир босма нашрларга келган кўргуликларнинг бошида халқнинг ишончи йўқотилгани турибди. Ишонч қозониш учун танлаган восита (обунага мажбурлаш ва эвазига кечикиб борадиган қоғоз) ўзини мутлақо оқламайди.
«Ўзинг учун ўл етим»
Хуллас, изланиш, изланиш ва яна изланиш керак. Журналистлар ўз касбий маҳоратини ошириши лозим. Улар индивидуаллашуви зарур. Энг аввало ўзининг ҳуқуқий билимини ошириши керак. Замонавий журналист фақат шоир эмас, салкам юрист бўлмоғи шарт.
Журналист нафақат чиройли ёза олиши, фотосурат ва видео олишни, овоз билан ишлашни ҳам ўрганиши лозим. Замон шуни тақозо қилмоқда. Трансформация йўлида Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди журналистлар учун зарур семинар ва тренинглар ташкил қилиб бериши мумкин.
Онлайн нашрларда аллақачон журналистларнинг катта ўрни бор. Катта футбол жамоаларда юлдуз тўптепарлар бири иккинчисига катта маош эвазига шартнома имзолаб, трансфер қилинганидек, журналистлар аллақачон манфаатли таклифлар билан бир таҳририятдан иккинчисига ишга ўтишмоқда.
Босма нашрлардаги етук журналистлар ҳам ўз «мени»ни намойиш этиб, отилиб чиқишлари лозим. Қайсики таҳририят ана шундай журналистларни бир жойга тўплай олса — яшай олади. Йўқса, футболдагидек қуйи лигага равона бўлади.
Ўзларингга раҳмларинг келсин, ҳурматли ҳамкасблар. Назаримда ҳозир «бола йиғламаса она сут бермайди» эмас, «ўзинг учун ўл етим» мақоли долзарброқ.
P.S. Давлат улуши мавжуд таҳририятлар сотувга чиқарилган. Ҳозир айниқса туманларда кимлардир бу маҳаллий нашрларни харид қилади, деб ўйламайман. Ҳолбуки, пул тикиб, ақл билан иш кўриб, Деновда чоп этилаётган «Чағониён» даражасидаги таҳририят ташкил қилиш ҳам мумкин.
Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz журналисти.
Мавзуга оид
19:15
ДХХ раиси Абдусалом Азизов лавозимидан ҳайдалди — манба
11:41 / 11.11.2024
Рамзан Қодиров Алламжоновга уюштирилган суиқасд юзасидан муносабат билдирди
23:45 / 08.11.2024
“Агар журналист ҳақ бўлса, биз уни тан олишимиз керак” – президент
16:18 / 28.10.2024