Жаҳон | 01:05 / 29.04.2020
4314
4 дақиқада ўқилади

Франциянинг карантиндан чиқиш режаси: ҳафтасига 700 минг киши коронавирусга тестдан ўтказилади

Фото: AP /Jean-Francois Badias

Ҳукумат раҳбарининг таъкидлашича, илгари фақат касаллик аломати бўлганлар текширилган бўлса, эндиликда қамров кенгроқ олинади.

Франция ҳукумати 11 майдан бошлаб сўнг ҳафтасига камида 700 мингта коронавирус тестини ўтказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Эдуар Филипп маълум қилди.

"Изоляциядан чиққанимиздан сўнг тестлар сонини оширишимиз талаб қилинади. 11 майдан бошлаб ҳафтасига 700 мингта тест ўтказишни олдимизга вазифа қилиб қўйдик", деди у.

Қамров кенг кўламли бўлади

Ҳукумат раҳбарининг таъкидлашича, илгари фақат касаллик аломати бўлганлар текширилган бўлса, эндиликда қамров кенгроқ олинади.

"Илмий кенгаш 11 майдан кейин кунига мингтадан уч мингтагача янги ҳолат қайд этилиши мумкинлигини билдирди. Ҳар бир янги ҳолат қўшимча 20-25 кишини текширувдан ўтказишга олиб келади", - деди у.

Филипп асосий текширувлар ижтимоий-тиббий муассасалар, жумладан қариялар уйларида ўтказилишини айтди. Тестлар давлат ижтимоий суғуртаси ҳисобидан қопланади. Бундан ташқари, хусусий лабораториялар ҳам тестлар ўтказиши бўйича келишувга эришилган.

"Мамлакат узоқ вақт карантин ҳолатида бўла олмайди. Узоқ истиқболда бу Франция учун салбий оқибатлар келтириши мумкин. Иқтисодий соҳада инқироз бўлиши мумкин", - деб таъкидлади Филипп.

Ҳукумат бошлиғи корхоналардан 11 майда чекловлар олиб ташланиши бошланганидан сўнг яна уч ҳафта давомида масофадан ишлаш режимини сақлашни сўради.

Қаҳвахона ва ресторанлар очилмайди

Боғлар ва парклар фақат "вирус фаол айланмайдиган" ҳудудлардагина очилади.

"Пляжлар камида 1 июнгача омма учун очилмайди", - деб қўшиб қўйди Филипп.

Унинг маълум қилишича, йиғилишларда 10дан ортиқ киши қатнашиши чегараланади. Тўйлар ўтказилмайди. Беш минг кишидан кўп иштирокчи қатнашадиган тадбирлар сентябргача ўтказилмайди.

Мамлакатдаги тижорат корхоналарининг кўпчилиги 11 майдан бошлаб очилади, аммо қаҳвахона ва ресторанлар камида июнь келишини кутади.

"Биз ресторанлар, қаҳвахона ва барлар борасида май охирида қарор қабул қиламиз. Улар 2 июндан очилиши мумкин ёки йўқлигини муҳокама қиламиз", - деди Филипп.

Пляжлар, катта музейлар, кинотеатрлар, театр ва концерт заллари 11 майдан кейин ҳам очилмайди.

Боғча ва мактаблар босқичма-босқич очилади

Филипп шунингдек, ўрта мактаблар 18 майдан бошлаб очилишини маълум қилди.

"Ҳукумат 11 майдан болалар боғчалари ва бошланғич мактабларни кўнгилли асосда очишни таклиф қилади. Иккинчи босқичда, 18 майдан коллежларни очиш имкониятини кўриб чиқамиз", - деди у.

У коллежларда чекловлар амал қилишини, хусусан, синфлардаги ўқувчилар сони 15 нафаргача бўлишини айтди. Бундан ташқари, ўқувчилар орадаги масофага риоя қилиш ва албатта ниқобда бўлиши шарт.

Лицейларни очиш тўғрисидаги қарор май ойи охирида қабул қилинади.

Филиппнинг сўзларига кўра, черковлар, масжидлар ва бошқа ибодат масканлари 11 майдан сўнг очилади, аммо ҳукумат улардан камида 2 июнгача ибодат қилувчиларни тўпламаслигини сўрамоқда.

Франция соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг маълумотига кўра, мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 128,3 мингдан ошган, 23 мингдан ортиқ киши вафот этган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид