Ўзбекистон | 15:31 / 29.04.2020
46947
7 дақиқада ўқилади

«Кечаси билан мижжа қоқмадим» – Президент Бухорода табиий офат оқибатларига қарши кураш учун барча чоралар кўрилишини маълум қилди

28 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятида кучли шамол оқибатларини кўздан кечирди ва Олот тумани марказида ҳудуд фаоллари билан учрашув ўтказди. 

Президент Олот туманида аҳоли билан мулоқот чоғида дастлаб коронавирусга қарши олиб борилаётган ишлар ҳақида гапирди.

«Бу йўналишда Бухорода ҳам катта ишлар қилиняпти. Ҳар бир фуқаронинг ҳаётини сақлаб, бирорта ҳам ўлим бўлмаслиги учун 24 соат ҳаракат қиляпмиз. Албатта, бу бошимизга тушган катта синов. Мен биринчи кунданоқ айтдимки, бу синовдан қудратли бўлиб чиқамиз, бир-биримизга меҳримиз, муҳаббатимиз, албатта, ошади.

Бугун ҳам Худо таолонинг катта синови бўлди. Икки туман - Олот ва Қоракўлда бўлган воқеа — буям бир синов», деди президент.

Президент ҳодиса ҳақида, етказилган зарарнинг кўлами тўғрисида тўла хабардорлигини айтиб ўтди.

«Энг муҳими сизларнинг кайфиятларинг бузилмаслиги учун ўзим етиб келдим. Қўлимда ҳамма маълумот бор. Қайси мактаб, қайси хонадон, қайси боғча, қайси шифохонага қанча маблағ керак бўлса, шунча маблағ берамиз. 

Бирорта хонадон, бирорта корхона, бирорта фермерга зарар етказмаймиз. Ғалла бузилган жойда пахта экамиз. Меҳнат қиламиз, жипслашамиз. Эртага даромадимиз бундан ҳам кўп бўлади. 

Мен ҳамма қарорларни қабул қилдим, ҳеч қандай зарар бўлмайди. Энг асосийси, ваҳимага тушмасдан, саранжом бўлиб, одамларимизни сақлашимиз керак. Шунинг учун ҳаммамиз эҳтиёт бўлиб, огоҳ бўлиб ўз ишимизни давом эттиришимиз керак.

Худога минг қатла шукр, бу иш кундузи бўлмади. Акс ҳолда кўп одам йўқотиб қўярдик, одамлар саросимага тушиб қоларди. Кечаси одамлар ичкарида бўлгани учун одам йўқотмадик, қариндошимизни, фарзандимизни, неварамизни, қўшнимизни йўқотмадик. Фақат бир Ашуров... жойи жаннатдан бўлсин. Фарзанди тирик. Оиласига ёрдам берилади. Ҳамма чора-тадбирларни кўрамиз.

Икки туман учун керакли куч ва воситаларни, маблағларни берамиз. Қоракўл ва Олотни янгилаймиз. Маҳалла раисларидан илтимос, ҳар бир хонадонга кириб, карантин нормаларини сақлаб, одамларга раҳматимни ва илтимосимни етказинглар, огоҳликка даъват қилиб, саросимага тушмасликни илтимос қиламан.

Ҳаммага қозонини қайнатишгаям шароит яратиб берамиз. Икки-уч марта айланиб ҳамма жойни кўрдим. Менда келишимдан олдин маълумотлар бор эди, лекин ўзим келиб кўришим, кўзларингга қараб гапиришим бошқа эди. Тошкентдан туриб гапириш ҳам мумкин, лекин келиб кўриш — мутлақо бошқа нарса...

Бу менинг жонажон халқим. Битта маҳалла ҳам, битта кўчаям, битта хонадонам мен учун азиз, мукаррам, мана шундай халқимни қутқариш ҳам фарз, ҳам қарз. Ҳаммамизга.

Шунинг учун ҳеч бир хавотирда бўлманглар... Беш кунда эмас, уч кундаям қилдира оламан. Лекин хавф карантин бўйича кўпроқ бўлади. Бир балони деб иккинчи балони олиб келмайлик. Шунинг учун кўпи билан 10 кун. Ўзимизнинг кучимиз билан қиламиз.

Уйининг олдига шиферини ҳам олиб бориб қўямиз, тахтасини ҳам олиб бориб берамиз. Ўзимизда синалган, карантиндан ўтган қурувчи билан қилсак, хавф-хатар камроқ бўлади. Ҳеч нарсани ўйламанглар. Илойим, ҳамма бало шу билан кетган бўлсин», дейди президент.

Шавкат Мирзиёев учрашувда қатнашган жамоатчилик вакилларидан ваҳима ва саросимага тушмасликни илтимос қилиб, мана шундай пайтда ҳамма ўз ички имкониятларидан фойдаланиб, «одамларнинг руҳи тушмаслиги» учун ҳаракат қилиши кераклигини таъкидлади. «Энг катта нарса — ваҳимага тушмай, саранжом бўлиб, одамларимизни сақлашимиз керак... Ҳамманинг қозони қайнашига имконият ҳам берамиз, бошқа шароитини ҳам қиламиз... Сабр керак, тоқат керак, салгина вақт керак», деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари ҳудуддаги маҳалла раисларига мурожаат қилди.

«Мана шундай оғир кунларда бирлашиб, нималарга қодирлигимизни кўрсатишимиз керак. Саросимага тушишга ҳеч бир ўрин йўқ. Буям бир синов. Шу билан қутулайлик.

Шунинг учун сизлар билан кўришиб, вазиятни кўзим билан кўриб кетсам кўнглим тинч юраман. Кечадан бери 10 марта маълумот берилди, раҳбарлар камерани ҳам кўрсатди, расмни ҳам кўрсатди. Лекин кўнглим тинчимади...

Мана энди сизлар билан кўришиб, ўзларингни эшитдим. Сизлар билан бирга бу офатниям енгамиз.

Қурилиш ташкилотларига айтамиз. Худо хоҳласа, ҳамма йиқилган столбаларни ҳам тиклаймиз. Аму-Бухоро насос станцияларини ҳам ишлатамиз. Ҳозир темир йўлдан техника олиб келяпмиз, катта-катта таянчларни қўйиб, ҳаммасини жой-жойига қўямиз.

Бирорта масала бўйича муаммо йўқ. Сабр керак, тоқат керак, салгина вақт керак. Шундай пайтда халқимиз маҳалла раисларининг далдасини сезиши керак. Одамларнинг руҳлари тушмаслиги учун даъват қилиш керак. Мана шундай пайтда ички имкониятларимиздан фойдаланишимиз керак. 

Қурилишдан ўйланманглар. Энг асосийси, маҳалла раислари, нозирлар ва секторлар раҳбари уйма-уй юриб, рўйхат қилиши керак. Шошилмасдан, тартиб билан, интизом билан ҳаммасини тўғрилаб оламиз», дейди Шавкат Мирзиёев.

Президент Қоракўл ва Олот туманида қишлоқ хўжалиги табиий офатдан жуда катта талафот кўрганини таъкидлади.

«Ғалла камроқ бўлади. Ҳеч нарсани ўйламанглар, ғаллани захира қилиб қўяман. Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ҳеч ўйламанглар. Ғалла бузилган жойда оби-тоби келганда пахта экиб юборамиз. Меҳнат қиламиз, пахта бўлади.

Ўтирсак кутиб, ким бизга бир сўм олиб келади, ким даромадимизни ўйлайди? Ҳеч ким ўйламайди. Ўзимиз ўйлашимиз керак. Қўлимиздан келадими пахта экиш? Келади. Ўрганган деҳқонларимиз бор. Жуда катта миришкор деҳқонларимиз бор. Фақат салгина сабр-тоқат, чидам керак. Бу кунлар ҳам тарихимизда бир синовдек бўлиб қолади.

Бир бало келди энди. Кечаси билан мижжа қоқмадим, илоё ўлим бўлмасин дедим. Одамларни сақланглар дедим. Ўлим кўп бўлмагани ҳам худонинг марҳамати бўлди», дейди давлат раҳбари.

  • Эслатиб ўтамиз, Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларига 28 апрелга ўтар кечаси Туркманистон ҳудудидан кириб келган кучли шамол ёпирилиб, шамолнинг тезлиги сониясига 40 метргача етгани хабар берилган эди. Натижада ҳудудларда электр ва газ таъминотида узилишлар юзага келган, улар орасида Бухоро энг катта талафот кўрганди.
  • Бухоро вилоят ҳокимлиги маълумотига кўра, 28 апрелга ўтар кечаси вилоят ҳудудида рўй берган кучли шамол ва ёғингарчилик оқибатида жароҳатланганлар сони 41 нафарга етган.

Мавзуга оид