Жаҳон | 09:00 / 30.04.2020
23613
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ Россиядан Тожикистон ва Туркманистонда эпидемияга қарши курашда ёрдам беришни сўради

ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге Роспотребнадзор раҳбари Анна Поповага мурожаат қилиб, Тожикистон ва Туркманистонда ЖССТ миссиясига ёрдам беришни илтимос қилди. 

Фото: Global Look Press

“Мен эксперт миссияси ишида иштирок этиш учун марказингиз мутахассисларини жалб қилишда ёрдам сўрамоқчиман”, деб айтган Клюге.

Таъкидланишича, Тожикистон ва Туркманистонда коронавирусга чалиниш ҳолатлари расман қайд қилинмаган бўлса-да, атипик зотилжамдан ўлим ҳолатлари кўпайган. Клюге Россия ёрдами техник ва сиёсий жиҳатдан  муҳимлигини таъкидлаб ўтган. 

“Бу давлатлардаги вазият мени ташвишлантирмоқда”, деб айтган ЖССТ вакили.

Клюге Россиядан Тожикистон ва Туркманистон раҳбарларига ЖССТнинг коронавирусга қарши кураш бўйича тавсияларига эътиборлик билан муносабатда бўлишлари кераклигини етказиб қўйишни илтимос қилган.

Айни вақтда Тожикистон ҳукумати коронавирусга чалиниш ҳолатлари қайд қилинмаганини айтиб келмоқда, бироқ мамлакатда инфекция тарқалиши олдини олиш учун чоралар кўрилмоқда. Мамлакатда охирги кунларда зотилжамдан бир нечта ўлим ҳолати қайд қилинган.  

Жумладан, кўчалар, боғлар, таълим муассасалари ва ташкилотлар бинолари дезинфекция қилинмоқда. 27 апрелдан 10 майгача мактаблар ва болалар боғчаларида “режадан ташқари таътил” эълон қилинди. Шунингдек, жамоат ва спорт тадбирлари, намойишлар ўтказилиши вақтинчалик тақиқланди, масжидлар ва черковлар, кинотеатрлар ва театрлар ёпилди.

Айни вақтда Туркманистоннинг расмий идоралари ҳам мамлакатда коронавирусга чалиниш ҳолатлари йўқлигини таъкидлаб келишмоқда. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид