Ўзбекистон | 20:56 / 01.05.2020
90366
3 дақиқада ўқилади

Аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби жорий қилинмоқда – Президент қарори

Аҳолига ажратиладиган ипотека кредитлари, шу жумладан бугунги кунга қадар ажратилган ипотека кредитлари муддати 15 йилдан 20 йилгача узайтирилади. Шаҳарларда 2 ва ундан кўп хонали квартиралар учун дастлабки бадалнинг 10 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади.

Ўзбекистон Республикаси президентининг «Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш ҳамда ипотека кредити бозорини янада кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Президент қарори коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш, ипотека кредити бозорини янада ривожлантириш, хусусий пудрат ташкилотларини уй-жойлар қурилишига кенг жалб қилиш ҳамда уларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида қабул қилинган.

Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби жорий қилинмоқда.

Яъни, хусусий пудрат ташкилотлари томонидан ўз маблағлари ва тижорат банкларининг кредитлари ҳисобига қурилган квартираларни бирламчи уй-жой бозорида сотиб олиш учун ипотека кредитларини ажратишга рухсат этилмоқда.

2020 йил 1 майдан бошлаб 2022 йил 1 январга қадар жисмоний шахсларга хусусий пудрат ташкилотлари томонидан тайёр ҳолда топшириш шартисиз (пардоз ишларини амалга оширмасдан, халқ тилида «коробка» ҳолда) қурилган квартираларни бирламчи уй-жой бозорида сотиб олиш учун ҳам ипотека кредитларини ажратишга рухсат берилади.

«Коробка» ҳолда қурилган квартиралар учун максимал кредит миқдорлари белгиланди

Хусусий пудрат ташкилотлари томонидан қурилиши тугалланган, шунингдек, тайёр ҳолда топшириш шартисиз (пардоз ишларини амалга оширмасдан) қурилган квартираларни бирламчи уй-жой бозорида сотиб олиш учун бир қарз олувчига ажратиладиган ипотека кредитларининг энг кўп миқдорлари:

  • қишлоқ жойларида – 2 хонали квартиралар учун 174 млн сўмдан 240 млн сўмгача, 3 ва ундан кўп хонали квартиралар учун 224 млн сўмдан 320 млн сўмгача;
  • шаҳарларда – 2 хонали квартиралар учун 180 млн сўмдан 240 млн сўмгача, 3 ва ундан кўп хонали квартиралар учун 232 млн сўмдан 320 млн сўмгача;
  • Тошкент шаҳрида – 2 хонали квартиралар учун 198 млн сўмдан 264 млн сўмгача, 3 ва ундан кўп хонали квартиралар учун 255 млн сўмдан 352 млн сўмгача оширилсин.

Ипотека кредитлари муддати 15 йилдан 20 йилгача узайтирилди

Янги тартиб доирасида аҳолига ажратиладиган ипотека кредитлари (шу жумладан, бугунги кунга қадар ажратилган ипотека кредитлари) муддати 15 йилдан 20 йилгача узайтирилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бир ҳафта муддатда янги тартиб доирасида тижорат банкларида жойлаштирган кредит ресурслари муддатини 15 йилдан 20 йилгача узайтиради.

Тижорат банклари бир ой муддатда янги тартиб доирасида жисмоний шахсларга берилган ипотека кредитлари муддатини 15 йилдан 20 йилгача узайтиради ҳамда тузилган шартномаларга тегишли ўзгартиришлар киритади.