Жамият | 21:07 / 01.05.2020
18655
2 дақиқада ўқилади

Ойнаси «бетон» тонировкали машинасини Инстаграмда мақтаган қоидабузар кимлиги аниқланди

Карантин вақтида белгиланган тартибларга амал қилиш ўрнига машинасини кўз-кўз қилиш ҳолатлари ҳамон давом этмоқда. Ижтимоий тармоқларда машинаси орқали мақтанган навбатдаги қоидабузар Тойлоқ туманидан топилди.

Фото: Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати

30 апрель куни Инстаграмда барча ойналари (ҳатто олд ойнаси ҳам) қора ҳолатда бўлган 30 T 019 GA рақамли «Ласетти» машинасининг видеоси тарқалди. Карантин вақтида тармоққа жойланган видео муаллифи Самарқанд вилоят ИИБ ходимлари томонидан топилди.

«Олиб борилган суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу транспорт воситаси Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани «Сочак» маҳалласида яшовчи 19.07.2001 йилда туғилган Жўрақулов Илҳомга тегишли эканлиги ва у ҳақиқатдан ҳам ушбу транспорт воситасининг олд ва орқа ён ойналарига ЙҲХБ рухсатномасисиз ўзбошимчалик билан қора плёнка ёпиштиргани аниқланди.

Фото: Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати

Унга нисбатан «Йўл ҳаракати қоидалари»нинг 7.3 банди талабларини бузганлиги учун маъмурий баённома расмийлаштирилиб, транспорт воситаси вақтинчалик сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилди», дейилган Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати Kun.uz`га тақдим этган расмий баёнотда.

Маълумот учун, Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида кескин карантин чекловлари жорий қилинган. Туманга 26 апрелдан буён кириш ва чиқиш чекланган. 30 апрелдан карантин қоидаларининг юмшатилгани ҳам бу туманга тегишли эмаслиги маълум қилинган. Хусусан, «Сочак» маҳалласида ҳам ИИБ ва миллий гвардия зобитларидан иборат постлар жорий қилиниб, одамларга зарур эҳтиёжсиз кўчага чиқиш тақиқланган. 

Мавзуга оид