Жамият | 15:41 / 02.05.2020
8612
3 дақиқада ўқилади

Эҳсонлар ҳақдорларга етиб бориши керак

Фото: KUN.UZ

Шундоқ ҳам молиявий аҳволи “учма-уч” бўлиб келган қатлам карантин даврида қийин аҳволда қолгани сир эмас. Бу тоифага биринчи навбатда ёлғиз кексалар, беморлар, кўп болали оилалар, тўлиқсиз (боқувчиси йўқ) оилалар, кунбай даромад эвазига яшаб келган оилалар ва бошқалар киради.

Вазиятни юмшатиш учун кўплаб моддий имкони бор ҳамюртларимиз қийналганларга ёрдамга шошилишди – минглаб оилалар шу тобда уларнинг ёрдами эвазига кун кечириб туришибди. Эҳсонларни жамлаш ва ҳақдорларга етказиш жараёнига бир қанча волонтёрлик гуруҳлари бош-қош бўлмоқда.

Бироқ ҳар қандай жараёнда камчиликлар бўлгани каби, бу соҳада ҳам салбий ҳолатлар юз беряпти. Таҳририятимизга баъзи волонтёрлик гуруҳлари ташаббускорларидан келиб тушган маълумотга кўра, бош муаммолардан бири бу – баъзи ҳолатларда моддий ёрдамнинг ҳақиқий ҳақдорларга етиб бормаётгани. Яъни ҳақиқий ҳақдорлар бир четда қолиб кетиб, баъзи маҳаллаларда “овози баланд”, таъбир жоиз бўлса, “ҳақини талашиб оладиган”ларни ёрдам рўйхатларига киритиб юбориш ва бошқа шу каби ҳолатлар кузатилаётгани таъкидланмоқда. Натижада баъзи ҳолатларда хайрия ишларининг, сафарбарликнинг асл фойда-моҳиятига путур етаётгани – асл мақсад ҳосил бўлмаётгани айтиляпти.          

Шу боисдан волонтёрлик гуруҳлари ташаббускорлари ҳаммадан, маҳалла фаоллари, хусусан барча маҳалла раислари, корхона ва ташкилот раҳбарлари, имом-ноиблар ва бошқалар – кўпчиликнинг ҳолидан хабардор бўлганлардан айни дамда бу жараёнга нисбатан янада масъулиятли бўлишни сўрайди. Ҳар биримиз ўзимиз яшаётган маҳаллада, қўни-қўшнимиз орасида моддий ёрдам олишга ҳақиқий ҳақдор бўлган оила ва ёлғиз кишиларни аниқлашимиз, қўлимиздан келганча ёрдам беришимиз ҳамда моддий ёрдам етказишга бел боғлаган ташкилот ва волонтёрлик гуруҳларига улар ҳақида билдиришимиз лозим. Зеро, эҳсонлар ҳақиқий ҳақдорларга етиб бориши лозим.  

Шокир Шарипов, Kun.uz колумнисти     

Мавзуга оид