Ўзбекистон | 22:40 / 02.05.2020
84394
2 дақиқада ўқилади

Фото: Сардобада хавфли ҳудудларда қолиб кетган 300дан ортиқ киши ҳарбий вертолётлар орқали қутқарилди

Сирдарёда Ўзбекистон ҳарбий-ҳаво кучлари вертолётлари орқали 300дан ортиқ киши қутқарилди.

Кўп мақсадли H125M Fennec енгил вертолёти Сардоба сув омбори яқинидаги аҳолини қутқармоқда, 1 май.
Фото: @Tashkent_SkyNews

Сирдарё вилоятида сув тошқини туфайли хавфли ҳудудда қолиб кетган аҳолини қутқариш ишларида ҳарбий вертолётлардан ҳам фойдаланилмоқда. «Новости Ташкентского Небо» каналида сув босган ҳудуддаги аҳоли вакиллари вертолёт орқали олиб кетилаётгани тасвирлари эълон қилинди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон ҳарбий-ҳаво кучларининг ҳарбий экипажлари Сардоба сув омбори тўғони ёрилиб кетган ҳудудга биринчилардан бўлиб етиб борган.

Фото: @Tashkent_SkyNews
Фото: @Tashkent_SkyNews

«H215M Super Puma ва H125M Fennec вертолётлари учувчиларининг профессионализми шарофати билан ФВВ ходимлари уйлар томи ва етиб бориш қийин бўлган ҳудудларда қолиб кетган 300дан ортиқ одамни эвакуация қилишга муваффақ бўлди. Ҳарбий экипаж дарахтлар ва электр симлари борлигига қарамасдан тунги вақтда ҳам паст баландликларда парвозларни амалга оширишди», дейилади хабарда.

Бундан аввалроқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сардобада сув омборидан сув чиқиши оқибатида сув тошқини юз бериши туфайли хавфли ҳудудларда қолиб кетган 138 киши қутқарилгани тўғрисида хабар берганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид