Жаҳон | 11:49 / 02.05.2020
91643
2 дақиқада ўқилади

Сардоба сув омборидан сув чиқиши сабабли Қозоғистондаги тўртта қишлоқ аҳолиси эвакуация қилинди 

Сирдарёдаги сув омборидан сув чиқиши туфайли Қозоғистонда тўртта қишлоқ аҳолиси эвакуация қилинди. Бу ҳақда Қозоғистоннинг Туркистон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Казинформ

Сардоба сув омборидан сув чиқиши туфайли Туркистон вилоятининг Мактаарал туманида тўртта қишлоқ сув остида қолди.

"Мактаарал тумани билан чегарада, секундига 180 кубометр сув оқими келиши туфайли сув коллектордан тошиб кетди. Шу сабабли, Жан Жўл қишлоқ округи, Женис аҳоли пункти ва Энбекши қишлоқ округи ҳамда Жан Тўрмис аҳоли пунктига сув тошқини хавфи туғилди", - дейилади хабарда.

Ушбу ҳолат бўйича Мактаарал тумани ҳокимияти техноген хусусиятга эга фавқулодда ҳолат эълон қилди, Жана Жўл, Женис, Жана Тўрмис ва Энбекши қишлоқлари аҳолисини эвакуация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

5400 киши воқеа жойидан эвакуация қилинди. Мирзакент, Фирдавсий, Жантаксой қишлоқлари аҳолисини Отакент қишлоғига эвакуация қилиш масаласи ҳам ҳал қилинмоқда.

Авария-қутқарув ишларида 150га яқин киши иштирок этмоқда. Улар мотор насослари, қайиқлардан фойдаланяпти.

Таъкидланишича, Женис қишлоғида 288та уй бор, бу ерда 1922 киши яшайди, Жана Тўрмисда - 321 кишилик 47та уй. Мирзакент қишлоғида 2200 кишига мўлжалланган эвакуация пунктлари тайёрланди.

Ўзбекистонда 1 май куни тонгда Сирдарё вилоятидаги “Сардоба” сув омбори дамбаси девори бузилиб, сув тошиб чиқди. 

56 киши турли жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган. Жами 17300 киши тиббий кўрикдан ўтказилган.

Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 22та аҳоли пунктларидан 70 мингга яқин фуқаро Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳудудларига эвакуация қилинган.

Мавзуга оид