Ўзбекистон | 16:53 / 02.05.2020
9984
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда Сирдарёдаги ҳодисадан талафот кўрганлар учун инсонпарварлик ёрдамини тўплаш маркази ташкил қилинди 

Ҳар куни савоб қилиш истаги бор ҳар бир фуқаро кийим-кечак, буюмлар, озиқ-овқат маҳсулотларини “Наврўз” ресторани ёнидаги автотураргоҳга келтириши мумкин.

Фото: Янгиер шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати

Бугун Тошкент аҳолиси томонидан тўпланган инсонпарварлик ёрдамининг биринчи карвони пойтахтдан Сирдарё вилоятига юк машиналарида йўл олди.

“Сирдарё вилоятида рўй берган фалокат халқимизнинг бирдамлигини, унинг саховати, раҳм-шафқати, ёрдамга доимо тайёрлигини яққол намоён этди. 

Бироқ асосий тамойил – зарар келтирмаслик ҳақида унутиш мумкин эмас. 

Коронавирусга қарши курашиш даврида карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда, ҳаракат қилиш жуда муҳим”, - дейилади маълумотда. 

Кўнгиллиларнинг ташаббусини қўллаган ҳолда, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва ИИББ Сардоба сув омборида рўй берган тўғон ёрилиши натижасида талафот кўрганлар учун марказлашган инсонпарварлик ёрдамини тўплаш марказини ташкил қилди. 

Ҳар куни савоб қилиш истаги бор ҳар бир фуқаро кийим-кечак, буюмлар, озиқ-овқат маҳсулотларини “Наврўз” ресторани ёнидаги автотураргоҳга (мўлжал – “Халқлар дўстлиги” саройи) қуйидаги тартиб бўйича келтириши мумкин:

соат 7:00 дан 10:00 гача ва 17:00 дан 20:00 гача истаги бор барча фуқаролар ўз автомобилларида;

соат 10:00 дан 20:00 гача – махсус стикерларга эга автомобилларда. 

“Бу ердан сиз томонингиздан етказилган ёрдам, махсус ажратилган автобусларда (юк машиналарида), барча санитария-эпидемиология меъёрларига риоя қилган ҳолда Сирдарё вилоятига жўнатилади. 

Сиздан илтимос, тушунмовчиликлар, фирибгарлик ҳолатлари рўй бермаслиги учун пул маблағларини йиғиб ҳисоб рақамлари ёки банк карталарига жўнатманг. 

Талафот кўрган Сирдарё вилоят аҳолисига ёрдам кўрсатиш ҳисоб рақами қўшимча тарзда эълон қилинади”, - дейилган хабарда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид