Ўзбекистон | 16:10 / 03.05.2020
54750
2 дақиқада ўқилади

Наманганда 14 кун сунъий нафас олиш аппаратида бўлган бемор вафот этди

Наманганлик коронавирус инфекциясини юқтириб олган бемор вафот этди. Ўзбекистонда коронавирус қурбонлари сони 10 нафарга етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Наманганда коронавирус инфекциясига чалинган бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этгани ҳақида хабар берди.

«Наманганлик М. шу йилнинг 20 апрелида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Наманган вилоят филиали реанимация бўлимига юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги ташхиси билан ётқизилган. Ёндош касалликлари ҳисобига у қарийб икки ҳафта давомида сунъий нафас олиш аппаратида бўлган. Ўтказилган тезкор диагностик таҳлиллардан сўнг беморда Covid-19 инфекцияси ҳам аниқланган.

Бундан аввал эса ушбу бемор (эркак) бош мия фалажи, иккиламчи камқонлик оғир даражаси, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги каби қатор ташхислари билан даволанган. 29 йилдан буён ётоқдаги бемор бўлиши билан бирга биринчи гуруҳ ногиронлиги ҳам белгиланган.

Беморнинг даволаниши давомида кунлик аҳволи мамлакатимиздаги шу соҳага ихтисослашган тиббиёт муассасаларининг нуфузли мутахассислари билан бирга хорижлик, жумладан, хитойлик шифокорлар томонидан ҳам бир неча бор консилиумлар ўтказилиб, назоратга олинган.

Бироқ пульмонолог, терапевт, кардиолог, вирусолог,   реаниматологларнинг  стандартлар асосида  ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Бу Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморнинг вафот этиши билан боғлиқ ўнинчи ҳолатдир. Шундан 4 ўлим Наманганда, 5 ўлим Тошкент шаҳрида, яна бир ўлим Фарғонада қайд этилган.

Мавзуга оид