Ўзбекистон | 15:48 / 03.05.2020
52758
6 дақиқада ўқилади

«Шароитлар етарли. Аммо бизни ўйлантираётгани – тошқинда қолган уйимиз...» — Сирдарёдан репортаж

Сирдарё вилоятида 1 май куни рўй берган техноген офат – Сардоба сув омборидаги авария ортидан, вилоятнинг учта туманида яшовчи 70 мингдан ортиқ фуқаро хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинди. Kun.uz мухбири вақтинча кўчириб ўтказилганлар жойлаштирилган Гулистондаги муассасалардан бирида бўлди.

Гулистон ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатига 2 май ҳолатига кўра 374 киши жойлаштирилган.

Мактаб-интернат директори Сирожиддин Муҳаммадиевнинг айтишича, айни пайтда Гулистон шаҳридаги жами 11та муассасада кўчириб келтирилганларга зарурий шарт-шароит яратишга ҳаракат қилинмоқда.

Сирожиддин Муҳаммадиев

«Кунларини мароқли ўтказишлари учун баҳоли қудрат шароитлар яратиб, яхши эътибор қаратяпмиз. Мактабимиз спортга ихтисослашгани учун шароитимиз бор – жиҳозларимиз етарли. Шахмат, стол тенниси, волейбол, баскетбол спорт турлари бўйича мусобақалар ташкил этяпмиз», – дейди интернат директори.

Эвакуация қилинган онахонлардан бирини суҳбатга тортдик.

«Бунақа бўлишини кутмагандик, албатта. Мана, уйдан чиқиб кетганимизга икки кун бўляпти. Бу ерда яхши қарашяпти. 3-4 маҳал овқат.

Ўзимиз билан олиб олган нарсалар асосан фақат ҳужжатлар бўлди. Бунақа пайтда одам шошиб қоларкан. Барибир одам уйини ўйларкан. Нима қилай, бошқа иложи йўқ», – дейди онахон.

Сув босган ҳудуддаги намунавий уйлардан бирининг эгаси Азизбек Исломов хонадонини 2017 йилда олганини айтади.

Азизбек Исломов

«2015 йилда Бухородан хизмат сафари билан келиб, шу ерда қолгандим. 2017 йилда шу ердаги намунавий уйлардан бирини олганман. 1 май куни тонг саҳарда ҳовлида ишлаётганимда маҳалла посбони чақируви билан кўчага югуриб чиқдим. «Болаларни олиб ташқарига чиқинглар, эвакуация бошланди. Сардоба сув омборидаги 6-пикетдан сув чиқиши оқибатида сув босиб келяпти», деган хабарни эшитдик.

Болаларим, оила аъзоларим билан югурганимизча кўчага чиқдик. Ички ишлар ходимлари, маҳалла посбонлари юк автомобилини ташкил этиб беришди, унда Мирзаобод туманига етиб келдик. У ердан автобусга чиқиб, Гулистон шаҳридаги мактаб-интернат ётоқхонасига келдик, шу ерга жойлаштиришди.

Ётоқхонага келганимизда бизни яхши кутиб олишди. Сан-эпидемиология станцияси ходимлари ҳароратимизни, қон босимимизни ўлчаб журналга қайд этиб қўйишди», – дейди Азизбек Исломов.

Ҳамшира Мунира Ҳасанова муассасада санитария нормаларига риоя этилиши жиддий назоратга олинганини билдирди.

Мунира Ҳасанова

«Ниқоб билан ҳам таъминлаб турибмиз. Фуқароларнинг ҳарорати, қон босимини ўлчаб турибмиз», – дейди у.

Кўчириб келтирилган аёллардан бири тошқин уйигача етиб бормагани, аммо бошқаларни ўйлаб сиқилаётгани ҳақида гапириб ўтди.

«Худога шукр, биз яшаётган жойгача бормабди. Лекин бошқа жойларда бошқа одамларнинг уйларини сув босгандан кейин уларни ўйлаб сиқиларкан одам. Бизнинг бошимиздан ўтганида нима бўларди, деб. Бошқалар тинч бўлсин, деган хавотирдамиз», – дейди ҳамюртимиз.

Муассасада бўлганимизда хайрия ёрдамлари келиб турганига гувоҳ бўлдик. Шундай акциялардан бири Германияда яшаётган ватандошимизларнинг «Куч бирликда» хайрия акцияси бўлиб, хайрия ҳаракати вакилининг айтишича, йиғилган маблағга гигиеник воситалар харид қилинган.

Мактаб-интернатда бир гуруҳ кўнгиллилар ҳам иш олиб бормоқда. Улар орасида Ёшлар иттифоқи фаоллари билан бирга шу ҳудудда яшовчи аҳоли вакиллари ҳам бор.

«Шу яқин атрофда яшаганимиз учун кўнгилли бўлиб келдик. Кўчиб келган ҳамюртларимизга ёрдам беряпмиз. Озиқ-овқат билан таъминланяпти, рўзадорлар учун ҳам шароитлар қилиб бериляпти», дейди волонтёр Улуғбек Набиев.

«Албатта, моддий жиҳатдан ёрдам бера олмасмиз, лекин озгина бўлса-да кўмак бериб, ҳисса қўшсак, шундан хурсанд бўламиз. Ишимиз оғир эмас, аҳолига керакли озиқ-овқат, кийим-кечак тарқатдик. Бу ҳолатга ҳеч ким эътиборсизлик қилаётгани йўқ, ҳамма қўлидан келганча ёрдам беряпти», дейди Шаҳноза Саматова.

Репортажимизни сув тошқинида қолган намунавий уйлардан бирининг эгаси Азизбек Исломовнинг фикрларини келтириш билан якунлаймиз.

«Одам хаёлидан нималар ўтяпти? Ижтимоий тармоқлардаги расмларни кўряпмиз, уйимизнинг фақат томи кўриниб турибди. Ичидаги жиҳозларимиз, неча йиллар қилган меҳнатларимиз самарасини бир неча соатда йўқотиб қўйдик.

Тушкунликка тушдик, аёлим обедгача ўзига кела олмади. Кун давомида йиғлаб, ўзини нима деб овутишни билмади. Ўзим Бухоро вилояти Қоракўл туманидан кўчиб келганман. Бундан 3 кун олдин Қоракўлда ҳам кучли офат бўлганди. Кучли шамол оқибатида тармоқ узилиб, икки кун у ердагилар билан гаплаша олмадик, ҳол-аҳвол сўрай олмадик. Улардан энди кўнгил сўраймиз, деганда ўзимизнинг ҳам бошимизга ташвиш тушди.

Юртбошимиз Бухоро вилоятига боргандилар, бу ерга ҳам келдилар. Соат 14лар чамаси келиб, биз билан учрашди, фикр-мулоҳазалари билан далда бўлди. Кейинроқ соат 16ларда бош прокурор хонамизга келдилар. Раҳбарларимизнинг ўзлари келганларига кўнглимиз анча ёришди. Ортимизда юртбошимиз, ватанимиз борлигини ҳис қилдик. Бизни ташлаб қўймасликларини айтиб, «ҳар бирингиз – менинг фарзандларим, болаларингиз – менинг набираларим» деган сўзларидан мен ҳам, аёлим ҳам анча хотиржам бўлдик.

Озиқ-овқат, кийим-кечакдан муаммо йўқ. Бизни ўйлантираётгани – тезроқ уйимизни таъмирлаб олайлик.

Вилоятлардан келаётган, ёрдам жўнатаётганларга катта раҳмат. Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, бир кишини бир кун меҳмон қилишнинг ўзи бўлмайди. Қараб туришмаяпти, ҳар куни кўряпмиз, юклар келяпти».

Мавзуга оид