Ўзбекистон | 20:01 / 04.05.2020
37621
2 дақиқада ўқилади

«Агар қоидаларга амал қилмасак, карантин янада жиддийлашиши мумкин» - Турдимов самарқандликларга мурожаат қилди

Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов вилоят аҳлига мурожаат қилди. У сўнгги кунларда одамлар карантин қоидаларини унутиб қўйганига эътибор қаратган, қоидалар юмшатилиши карантинга зид ҳаракат қилиш мумкин дегани эмаслигини таъкидлаган.

«Ҳурматли, самарқандликлар! Ҳозирда карантинни юмшатиш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Аммо кеча ва олдинги кун бўйича айтадиган бўлсак, одамлар карантин қоидаларини унутиб қўйди. Унутиб қўйди! Карантин қоидаларининг юмшатилиши карантинга зид ҳаракат қилиш мумкин дегани эмас. Душанба куни ҳолатида коронавирусга чалинганлар сони 115 нафарга етди (Самарқанд вилоятида дейилмоқда).

Бу эса олдимизда катта хавф турибди дегани. Касаллик кўпаймоқда. Қаерларда? Тойлоқ тумани, Самарқанд шаҳри, Лойиш шаҳарчаси ва унга туташ ҳудудларда, Челак шаҳарчаси ва унга туташ ҳудудларда вазият яхши эмас. Шу сабабли, бу ҳудудларда карантин қоидаларига жиддий риоя қилиниши керак.

Биринчи илтимосим шуки, карантин қоидаларига риоя қилинг, оралиқ масофани сақланг. Рухсат берибди деб мошинанинг ичига 5-6 нафарлаб одамни миндириб кира қилиб юришибди. Мумкин эмас ахир, эртага шарманда бўласиз. Машинага икки кишидан кўп одам бўлмаслиги керак.

Кўпчиликда ниқоб ҳам эсдан чиқа бошлади. Ҳурматли, самарқандликлар! Карантин қоидаларига жиддий риоя қилишимиз керак. Давлатимиз карантинни юмшатиш ҳақида бош қотирмоқда. Агар биз карантинга амал қилмасак, чоралар яна жиддийлашиши мумкин. Бунга сабабчи бўлиб қолмайлик. Ўзимизни, ота-оналаримиз ва фарзандларимизни ўзимиз асрашимиз керак», дея Турдимовнинг сўзларини келтирмоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Kun.uz мухбирининг айтишича, 4 май куни эрталабдан Тойлоқ туманида назорат янада кучайган. Миллий гвардия ва ички ишлар ходимлари тумандаги қишлоқларни мунтазам равишда машиналарда айланиб, одамларни карантин қоидаларига амал қилишга чақирмоқда.

26 апрелдан буён кириш ва чиқиш чекланган Тойлоқ тумани Самарқандда вирус ўчоғига айлангани ҳақида турли миш-мишлар пайдо бўлган, аммо бу борада расмий маълумот берилмаётганди. Вилоят ҳокими илк марта бу тумандаги вазият оғирлиги ҳақида гапирди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид