Жаҳон | 22:00 / 04.05.2020
2308
2 дақиқада ўқилади

Мексикадаги “Формула-1” автодроми коронавирусга чалинганлар учун шифохонага айлантирилади

 “Формула-1” автопойгасининг Мексикадаги босқичи ўтказиладиган автодром коронавирусга чалинганлар даволанадиган вақтинчалик госпиталга айлантирилади.

Фото: Global Look Press

Ака-ука Родригес номидаги автодромнинг шифохонага айлантирилиши ҳақида Мексиканинг ижтимоий суғурта институти раҳбари Соэ Робледо маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, пойга вақтида юқори мартабали меҳмонлар ва жамоалар раҳбарлари ўтқазиладиган жой ҳам ўзгаришларга учрайди.

“Бу ерда беморлар учун 8 модул жойлаштирилади. Ҳар бир модул 24 ўринга мўлжалланади. Шунингдек, биз 26 ўринли интенсив даволаш бўлимини ташкил этамиз”, деб айтган Робледо.

“Формула-1”нинг янги мавсуми коронавирус сабабли ҳанузгача бошланмади. Пойгалар ташкилотчилари Баҳрайн, Вьетнам, Хитой, Нидерландия, Озарбойжон ва Канада босқичларини кейинга кўчирдилар ва Австралия, Монако, Испания ва Франция босқичларини бекор қилдилар.

Пойганинг ижрочи директори Чейз Кэри чемпионат 5 июлда Австрияда бошланишини маълум қилган. 19 июлда ўтказилиши режалаштирилаётган Британия босқичи томошабинларсиз ўтади. 2 августга белгиланган Венгрия босқичи эса 3 ҳафтага қолдирилади. Мексика гран-приси ўтказилиши эса расмий жадвалга кўра 1 ноябрга белгиланган.

“Формула-1”нинг охирги чемпионатини британиялик Льюис Хэмилтон ютганди. У бунга 6-марта эриша олди. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид